Канадада ҳеч ким диний эътиқоди туфайли ишдан бўшатилмаслиги керак. Мамлакат бош вазири Жастин Трюдо Квебек провинциясида Фотима Анварий исмли аёл рўмоли туфайли мактабдаги ишидан бўшатилганига изоҳ берар экан, ана шундай деди.
Трюдо ишдан бўшатилган аёл давлат идорасига шикоят қилиб, судга мурожаат қилиши мумкинлигини таъкидлади. “Канада ҳукумати бундай масалаларда судга мурожаат этилишига тўсқинлик қилмайди”, – деди бош вазир.
Канада қонунларига кўра, мамлакат ҳукумати провинция кенгашининг меъёрий ҳужжатларини бекор қилиш учун қонун қабул қилиши ёки бундай ҳужжатлар устидан мамлакат олий судига шикоят қилиши мумкин.
Трюдо ҳукумати Квебек провинцияси ҳукумати қабул қилган ва муслима аёлнинг ишдан бўшатилишига асос бўлган “Билл-21” деб аталувчи қонунга қарши ҳозирча ҳеч қандай чора кўрмади.
Квебек бош вазири Француа Лего эса воқеани изоҳлар экан, Ғарбий Квебек давлат мактаблари кенгаши рўмолли аёлни ишга олиш билан нотўғри қарор қабул қилганини айтди. У “Билл-21” провинция ҳудудида 2019 йилда кучга кирганини маълум қилди.