Янгиликлар

Канададаги ўзбекистонлик коронавирус ҳақида

3103

Бир неча йилдан бери оиласи билан Канадада истиқомат қилаётган «Дарё» интернет-нашри асосчиси, Telegram’даги «Замбаракнинг ўқи» канали муаллифи Фарҳод Файзуллаев коронавирус ҳақидаги мақоласидан айрим ўринларни келтирамиз.

“Канадага коронавирус 25 январда кириб келди. Мен Альбертада истиқомат қиламан; бу провинцияда вирус биринчи марта 5 март куни аниқланди...

Бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Канадада ҳалигача мажбурий карантин йўқ. Ўзини ёмон ҳис қилаётганлар, чет элга чиққанлар уйида 14 кунгача карантин қилиши сўралади, аммо уйида ўтирмаса, уларга нисбатан жазо йўқ.

17 март ҳолатига кўра Альбертада 56 киши, Канадада эса жами 415 киши COVID-19 билан касалланган. Шу кунгача тўрт киши касалликдан вафот этди. Коронавирус қурбонларининг барчаси қариялар уйида истиқомат қилган ва соғлиғи яхши бўлмаган.

Менинг коронавирусга муносабатим ўтган ҳафта жиддий ўзгарди. 13 март, жума куни Канада Бош вазири Жастин Трюдонинг аёли Софи Трюдо ҳам ушбу дардга чалингани аниқланди. Бош вазир ҳам карантин қилиб, уйидан ишлаш ҳақида баёнот берди.

Буни эшитиб мен анча хавотирга тушдим. Дунёнинг энг бой, энг қудратли кишилари бу касалликдан қутула олмадими, унда биз, оддий одамлар ҳам тайёр туришимиз керак экан. Ана ўша куни бозорга тушиб, анча-мунча маҳсулотни уйга ғамлаб қўйдик, болаларни спорт секцияларига олиб бормасликка қарор қилдик. Душанбадан мактаб ва боғчалар ҳам ёпилди.

Ўтган ҳафта сўнгида дўконларда навбатлар юзага келди. Бутун Альберта бўйлаб антисептик гел ёки ҳожатхона қоғози топиш мушкул. Аммо бошқа барча маҳсулотлар бисёр, «дефицит» йўқ.

Ўзбекистоннинг олдида катта муаммолар турибди, вирус энди кириб келди. Коронавирусдан сақланишнинг энг эффектив йўлларидан бири — ижтимоий масофаланиш, яъни оммавий йиғилишлардан қочиш. Шу сабабли ҳам мамлакатлар мактабларда ўқишларни, йиғилишлар, концертлар, байрамлар, парвозларни тақиқлаяпти. Бу борада мен Ўзбекистон ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Атиги фалон киши касалланди-ку, гриппдан, ЙТҲлар оқибатида бундан-да кўп кишилар қурбон бўляпти-ку, дейишяпти скептиклар. Хитой, Италия, Жанубий Корея, Эрон мисолларини кўрадиган бўлсак, биз учун ҳали ҳаммаси олдинда. Вирус тарқалишини секинлаштириш учун ўзбекистонликларга уйда ўтиришни тавсия қилган бўлардим. Албатта, ишлаш керак, аммо тўйлар, мажлислар, гаплар ва нозарур йиғилишларга бормаслик, одамлар орасида 1 метр масофани сақлаш керак.

Яна бир гап: касал кўргани бориш ҳақида ҳатто ўйламанг ҳам.”

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Коронавирус Канадада...

787 11:40 13.03.2020

Коронавирус Канадага ҳам етиб борди

443 15:00 11.03.2020

Эрон уриб туширилган самолёт учун Канадага компенсация тўламоқчи эмас

736 17:20 12.02.2020

Канада уриб тушурилган самолёт учун Эрондан 1 млрд доллар ундирмоқчи

567 18:20 08.02.2020

Малайзия океанга кўп чиқинди ташловчи давлатларга муносиб жавоб қайтарди

3123 17:20 22.01.2020
« Орқага