Таҳлил

Кашмир қамал остидa

1142

Сўнгги олти ҳафта ичида Кашмирда кунига ўртача 20 марта норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирнинг махсус конституциявий мақомини бекор қилиб, минтақадаги сўнгги қарийб 70 йил ичида юз берган энг катта сиёсий қўзғалишга олиб келди.

Жорий йилнинг 5 август куни Ҳиндистон президенти фармони билан Ҳиндистон Конституциясининг 370-моддаси бекор қилинди, бу моддага кўра аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этадиган Кашмирнинг махсус ҳуқуқлари, шу жумладан мудофаа, алоқа ва ташқи ишлардан ташқари барча масалалар бўйича мустақил қонунлар қабул қилиш ва мухторият ҳуқуқи кафолатланар эди.

Ушбу ҳаракатлар арафасида Ҳиндистон Кашмирга минглаб қўшимча аскарлар юборди, сохта комендантлик соати жорий этди, телекоммуникация ва интернетни ўчириб қўйиб, сиёсий раҳбарларни ҳибсга олди.

Бу эса қўшни Покистон билан зиддиятни янада кучайтирди, расмий Исломободнинг Ҳиндистон билан дипломатик алоқаларида пасайиш рўй берди.

Ҳиндистон ва Покистон Кашмирни тўлиқ бошқариш даъвосидан ҳамон воз кечганлари йўқ, лекин ўзларига тегишли бўлган ҳудудни идора этган ҳолда ҳар қандай қулай вазиятдан фойдаланишга интиладилар. Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмирда қўзғолон 30 йилдан бери давом этмоқда.

Шундай қилиб, Кашмирдаги энг сўнгги янгиликлар билан танишсак.

Якшанба, 15 сентябрь, 2019 йил.

Қамалга қарамай, Кашмирда кунига 20 мартагача норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Ҳукуматнинг юқори мартабали манбаси “AFP” ахборот агентлигига билдиришича, сўнгги олти ҳафта ичида Кашмирда Ҳиндистон бошқарувига қарши ҳар куни ўртача 20 га яқин норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Жорий йилнинг 5 августидан бери жами 722 та норозилик намойиши бўлиб ўтган, уларнинг кўп қисми Сринагар, шимоли-ғарбдаги Барамулла тумани ва минтақа жанубидаги Пулвамада юз берган. Намойишлар ва тўқнашувлар натижасида 200 га яқин тинч аҳоли ва 415 нафар хавфсизлик кучлари яраланган.

Расмий манбаларга кўра, шу пайтгача минтақа бўйлаб 4,100 дан ортиқ киши, шу жумладан 170 та сиёсий раҳбарлар ҳибсга олинган, уларнинг уч мингтаси сўнгги икки ҳафта давомида озод қилинган.

Шанба, 14 сентябрь, 2019 йил.

Покистон Ҳиндистон томонидан бўлган отишмаларда бир аскар ва аёлнинг ҳалок бўлганини маълум қилди.

Расмий Исломобод томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ҳиндистон ва Покистон мунозарали Кашмир минтақасида ўзларининг юқори ҳарбийлаштирилган чегараларида ўт очганлар. Покистонлик бир аскар ва бир аёл ҳалок бўлган. Отишма бу икки мамлакатни ажратиб турувчи “назорат чизиғи”да рўй берган.

Покистон маҳаллий маъмури Ража Тариқ Накял минтақасидаги қишлоқларнинг ўққа тутилиб, аёлларнинг ўлдирилганлиги ва 6 кишининг яраланганини билдирган. Полиция ва маҳаллий расмийлар Ҳиндистон Кашмирнинг Покистон томонидан бошқариладиган бошқа секторларидаги уйларни ва мактабларни вайрон қилганлиги, сигир ва эчкилар учун бостирмага зарба берганлигини даъво қилмоқдалар.

13 сентябрь, жума, 2019 йил.

Покистон бош вазири Кашмирда бирдамлик митингини ўтказди.

Кашмирнинг Покистон томонидан бошқариладиган қисмида бўлиб ўтган митингда Покистон бош вазири Имрон Хон Ҳиндистоннинг Кашмирга истилоси давом этиши мумкин эмаслиги ва бу кўплаб дунё мусулмонларини “экстремизм” ёқасига олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

“Ваҳшийликлар авжига чиққанда, одамлар бу ҳақоратли ҳаётдан кўра ўлимни афзал кўришади, – деди Имрон Хон. – Мен Ҳиндистонга шундай мурожаат қилмоқчиман: минглаб одамларни ушлаб туриб, сиз уларни экстремизмга ундаяпсиз”.

Бош вазир бу масалани БМТ Бош ассамблеясида ва “ҳар бир халқаро платформада” кўтаришини айтган.

“Гейтс” жамғармаси томонидан Ҳиндистон ҳукумати раҳбари Нанендра Модининг тақдирланиши танқид остига олинди.

Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси томонидан Ҳиндистонда санитария ҳолатини яхшилаш бўйича кампанияси учун Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модини мукофотлаш тўғрисидаги қарор фуқаролик жамияти аъзоларининг норозилигига сабаб бўлди, улар хайрия ташкилотини ушбу мукофотни қайтариб олишга чақирди. Фуқаролик жамияти вакиллари гигиена ва тозалик Кашмир ва Ҳиндистоннинг бошқа қисмидаги озчилик ҳуқуқларининг бузилишига бадал бўлолмаслигини билдиришган.

Кашмир қамалини тугатиш: АҚШ Конгресси қонунчилик палатаси аъзолари Помпеога мактуб йўллади.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни ёзилган мактубда Конгресс аъзолари Прамила Жаяпал ва Жеймс Макговверн АҚШ давлат котиби Майк Помпеодан Ҳиндистон ҳукуматини Кашмирдаги коммуникация воситалари қамалини зудлик билан тўхтатиши учун расмий Нью-Деҳлига босим ўтказиш таклифи билан чиқди.

Мактубда халқаро оммавий ахборот воситалари ва мустақил инсон ҳуқуқлари кузатувчилари Жамму ва Кашмирга мавжуд вазиятни ўрганиш учун юбориш бўйича таклиф ўртага ташланган. Унда, шунингдек, “Ҳиндистон бўйлаб диний озчиликларга қарши ҳужумлар” кўпайганидан хавотир билдирилган.

“Бир нечта хабарларга кўра, 3000 дан ошиқ одамлар Ҳиндистон маъмурлари томонидан ҳеч қандай айбловсиз ҳибсга олинган, улар орасида болалар ҳам бор”.

12 сентябрь, пайшанба, 2019 йил.

“2010 йил 11 июнда мен илк бора ватаним Кашмирнинг қайғули тақдирини ўз кўзларим билан кўрдим. Ўқ овозларини эшитганимда пойтахт Сринагарнинг марказидаги ўқув марказини тарк этаётган эдим. Бир неча дақиқадан сўнг ваҳима бутун кўчани эгаллаб олди ва юзлаб талабалар паноҳ излаб ҳар томонга югура бошлади.

Мен ҳам яшириниш учун жой қидираётганимда ерда ҳаракатсиз ётган йигитнинг жасадини кўрдим. У қонга беланган ва кўзлари маҳкам ёпилган эди. Йигит жон таслим қилган эди”.

Расмий статистика: Кашмирда минглаб одамлар ҳибсга олинган.

Кашмир маъмурлари ўтган ойда минтақанинг махсус мақоми бекор қилинганидан бери қарийб 4000 кишини ҳибсга олган. “Reuters” ахборот агентлиги томонидан 6 сентябрь куни эълон қилинган ҳукумат ҳисоботида айтилишича, 3,8 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган, аммо 2600 га яқин киши кейинчалик қўйиб юборилган.

Аксарият одамларнинг нима асосида ушлаб турилгани номаълум, аммо ҳиндистонлик бир амалдорнинг айтишича, ҳибсга олинганларнинг кўп қисми Жамму ва Кашмир штатида амалда бўлган “Жамоат хавфсизлиги тўғрисидаги” қонунга биноан ушлаб турилган, бу қонун икки йилгача айбловсиз ҳибсда сақлаш ҳуқуқини беради.

Нима учун Саудия Арабистони, БАА Ҳиндистонни Кашмир билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари юзасидан қораламаяпти?

Ўтган ҳафта Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ташқи ишлар вазирлари Ҳиндистон Кашмирнинг махсус мақомини бекор қилгач, Покистон билан бирдамликнинг рамзий намойиши сифатида Исломободга йўл олишди.

Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазири Шайх Абдуллоҳ бин Зайд ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр Покистон бош вазири Имрон Хон, ҳарбий генерал Қамар Жавед Бажва ва ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашувлар ўтказди, аммо Ҳиндистонга қарши кескин фикр билдиришдан қочди.

Ҳиндистон полицияси Кашмирга олиб борилаётган қурол-яроғларни мусодара қилди.

Покистонда жойлашган “Жаиш-и-Муҳаммад” гуруҳига алоқадорликда гумон қилинган уч киши Ҳиндистон полицияси томонидан Кашмирга қурол ва ўқ-дори ташиш пайтида ҳибсга олинган. Полиция расмийси Шридҳар Патилнинг сўзларига кўра, тўртта “АК-56” автомати, иккита “АК-47” ва 180 дона қурол мусодара қилинган.

“Юк машинаси Ҳиндистоннинг Панжоб штатидан Кашмирга кетаётган эди. Биз ўқ-дорилар айнан қаердан олинганини текширяпмиз”, – деди Патил матбуот анжуманида.

Покистон президенти Ҳиндистондан Кашмир қамалини тўхтатишни сўради.

Покистон президенти Ориф Алви Ҳиндистонни Кашмирдаги барча чекловларни дарҳол олиб ташлашга чақирди. Парламентдаги нутқи давомида у мунозарали минтақада давом этаётган инсон ҳуқуқлари бузилишларини ҳам қоралади.

11 сентябрь, чоршанба, 2019 йил.

Яқинда “New York Times” газетасида эълон қилинган мақолада Покистон бош вазири Имрон Хоннинг дунё ҳамжамиятини Кашмирдаги можароларга бефарқ бўлмасликка чақириғи чоп этилди. Дунё ҳақиқатан ҳам Ҳиндистонда давом этаётган тазйиқлар ва ҳуқуқларнинг поймол этилиши бўйича чоралар кўриши керак бўлса-да, Покистоннинг Кашмир фожиасида ўйнаган ролини хам эътибордан четда қолдирмаслиги керак.

Покистон Кашмир масаласида “тасодифий уруш” хавфини кўрмоқда.

Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмирдаги вазият “тасодифий уруш”га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди ва БМТ вакили Мишел Бачелетни муаммоли минтақага сафар қилишга чақирди.

“Агар вазият шу йўсинда давом этса, демак, ҳар нарса содир бўлиши мумкин”, – деди у Женевадаги БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида кескинликларни бартараф этиш бўйича икки томонлама музокаралар олиб борилишини истисно қилар экан.

Покистон Кашмирни муҳокама қилиш учун кўп томонлама форум ёки учинчи томон воситачиси иштирокини истайди, Ҳиндистон эса бу ҳиндларнинг ички иши эканлигини таъкидлаб келмоқда.

Ушбу фотосуратда 2019 йил 26 августда кашмирлик новвой Сонауллаҳ Софи Ҳиндистон армияси аскарлари қўллаган қийноқдан ўғлининг белида қолган изларни кўрсатмоқда

10 сентябрь, сешанба, 2019 йил.

Покистон ташқи ишлар вазири “тасодифий уруш” ҳақида огоҳлантирмоқда.

Покистон ташқи ишлар вазири Ҳиндистоннинг Кашмирни “ноқонуний босиб олиши” икки ядро қуролига эга мамлакатни “тасодифий уруш”га олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Шунингдек, расмий Исломобод Деҳлини Кашмирни “дунёдаги энг катта қамоқхонага” айлантирганликда айблади.

Шоҳ Маҳмуд Қурайший БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Ҳиндистонни “масъулиятсиз ҳаракат қилиш” ва “шафқатсизлик”да айблади.

“Агар биз қўрқаётган “сохта байроқ” операцияси содир бўлса ёки бизга қарши қандайдир ноҳақ ҳаракатларни амалга оширгудек бўлсалар, унутмасинларки, Покистон ҳам қараб турмайди”, – деди у.

Кашмирликлар Ҳиндистон армияси ўз ваколатларини суиистеъмол қилаётганини таъкидламоқда.

Ўнлаб қишлоқлар аҳолиси ҳинд аскарларини инсон ҳуқуқлари бузилишида айблашмоқда. Аскарларнинг аҳолини калтаклаш ва электр токи билан уриш, ахлоқсизлик ва ифлос сув ичишга мажбурлаш, аёл қариндошларини олиб кетиб, уларга уйланиш билан таҳдид қилаётгани даъво этилмоқда.

Сринагар шаҳридаги Ҳиндистон армияси вакили бу даъволарни “мутлақо асоссиз” деб атади.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида зиддият ҳозирда бироз юмшаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги таранглик икки ҳафта олдингига қараганда ҳозир нисбатан юмшаганини айтган.

“Маълумки, Ҳиндистон ва Покистон Кашмир масаласида зиддиятга бормоқда. Аммо, назаримда, ҳозир вазият икки ҳафта олдингига нисбатан бироз юмшаган”, – деди Трамп душанба куни Оқ уйда журналистлар билан бўлган учрашувда.

“Агар хоҳласалар, мен уларга ёрдам беришга тайёрман. Улар бу борада расмий таклиф билан мурожаат қилганимдан хабардорлар”, – дея қўшимча қилди у.

9 сентябрь, душанба, 2019 йил.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ҳиндистоннинг Кашмирдаги ҳаракатларидан “қаттиқ ташвишда” эканини билдирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили душанба кунги баёнотида Кашмирдаги вазиятдан ташвишда эканини билдириб, “Интернет алоқаларини ва тинч митингларни чеклаш ҳамда маҳаллий сиёсий раҳбарлар ва фаолларни ҳибсга олиш” билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида урғу берди.

“Мен Ҳиндистон ҳукуматининг сўнгги ҳаракатлари ва бунинг Кашмирда инсон ҳуқуқларига таъсиридан жуда хавотирдаман”, – деди Мишел Бачелет  Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевадаги йиғилишида. У иккала мамлакатни ҳам минтақадаги инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва таъминлашга чақирди. Бачелетнинг сўзларига кўра, у “Ҳиндистонга ҳозирги қамалларни ёки комендантлик соатларини юмшатиш, одамларнинг асосий хизматлардан фойдаланишини таъминлаш ва ҳибсга олинганлар учун барча тегишли ҳуқуқлар ҳурмат қилинишини кафолатлаш”ни сўраб мурожаат қилган.

Покистон бош вазири Имрон Хон душанба куни бир қатор твитларида Бачелетнинг изоҳларини мамнуният билан қабул қилди ва БМТнинг тегишли органларини Кашмирнинг Ҳиндистон бошқадиган қисмида инсон ҳуқуқлари бузилишини текшириш учун мустақил комиссия тузишга чақирди.

Покистон мустақиллик тарафдори бўлган Кашмир митингидан кейин намойишчиларни ҳибсга олмоқда.

Полиция ва фаолларнинг сўзларига кўра, Кашмирнинг Покистон томонидан бошқариладиган қисмида мустақиллик тарафдорлари намойишида камида 22 киши ҳибсга олинган.

Тўқнашувлар шанба куни Покистон Кашмири пойтахти Музаффарободдан 80 км жанубда жойлашган Татриноте қишлоғида ҳамда Ҳиндистон ва Покистон томонидан бошқариладиган мунозарали ҳудудларни ажратиб турувчи “назорат чизиғи”га яқин жойда юз берган.

8 сентябрь, якшанба, 2019 йил.

Ҳиндистон Муҳаррам ойи маросимлари учун чекловларни кучайтиради.

Ҳиндистон маъмурлари Муҳаррам ойи билан боғлиқ маросимлар юзасидан Сринагар шаҳридаги чекловларни кучайтирди.

Полиция якшанба кунининг бошидан шаҳар аҳолисини “ўз уйларидан ташқарига чиқмасликка” чақирди. “Franсе Press” агентлигининг хабар беришича, саккиздан ўнгача мотам тутган камида икки киши полиция томонидан ҳибсга олинган ва олиб кетилган.

Ислом тақвимининг биринчи ойи, жорий йилнинг 1 сентябрида бошланган Муҳаррамда Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в.) набираси вафотига бағишлаб шиалар маросимлар ўтказади. 1989 йилда Кашмирда расмий Нью-Деҳли ҳокимиятига қарши қуролли қўзғолон бошланганидан бери Ҳиндистон Кашмирда бундай маросимларнинг аксариятини тақиқлаган.

Ҳиндистон полицияси Сринагар шаҳрида ўтказилаётган маросим қатнашчиларини ҳибсга олмоқда

7 сентябрь, шанба, 2019 йил.

Ҳиндистон ҳукумати: “Кашмир қамалининг бекор бўлиши Покистонга боғлиқ”.

Ҳиндистон ҳукуматининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Кашмирда алоқа чекловларининг бекор қилиниши Покистоннинг чегарада “террорчилар” жойлаштирилишини тўхтатиб, Кашмирда тартибсизликлар келтириб чиқаришга бўлган уринишларини тўхтатиши билан боғлиқлигини айтган.

Расмий ҳукуматнинг билдиришича, шаҳар телефонлари “100 фоиз” ишламоқда, аммо вазиятни юмшатиш Покистонга боғлиқ.

“Алоқадаги чекловларни бекор қилиш Покистоннинг бундан кейинги хатти-ҳаракатларига боғлиқ, –  деди маслаҳатчи Довал журналистларга қарата. – Биз турли чекловлар билан бўлса ҳам кашмирликларни Покистон террорчиларидан ҳимоя қилишга қарор қилдик”.

Ҳиндистон президентининг Покистон ҳаво ҳудудидан фойдаланиш ҳақидаги сўрови рад этилди.

Покистон Ҳиндистон президенти Рам Нат Ковинднинг ўз ҳаво ҳудудидан учиб ўтиш тўғрисидаги илтимосини рад этганини айтмоқда.

“Ҳиндистон президенти Исландияга саёҳат қилиш учун Покистоннинг ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат сўради, аммо биз унга рухсат бермасликка қарор қилдик”, – деди Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат бўйича Ҳиндистон томонидан (дарҳол) изоҳ берилмаган.

Кашмир маъмурияти шаҳар телефон хизмати тикланганини маълум қилди. Аммо одамлар оила аъзолари ва дўстлари билан боғланишга уриниш учун офис телефонлари ёки уй телефонлардан фойдаланган бўлсалар ҳам, қўнғироқларни амалга оширишнинг имкони бўлмади.

“Телефонлар ишлаётганлиги айтилмоқда, аммо биз ҳанузгача қўнғироқларни амалга ошира олмаяпмиз. Бу бизни ғазаблантирмоқда. Мен эрталабдан бери яқинларим билан боғланишга ҳаракат қиляпман, аммо ҳамон боғланолганим йўқ”, – деди Сайид Мусоҳид.

Шунингдек, минтақадан ташқарида яшовчи кўплаб кашмирликлар яқинлари билан алоқага чиқишга қийналаётганликларини айтишди. “Мен Кашмирда қолган оилам билан боғланишга юз марта уриниб кўрдим ва шундан кейингина қўнғироқни амалга оширишга муваффақ бўлдим”, – деди Ҳиндистоннинг Бенгалуру шаҳрида истиқомат қилувчи кашмирлик Бинти Али.

Ҳиндистон Кашмир оммавий ахборот воситаларини “бўғишга уринмоқда”.

Бир неча ой олдин Ҳиндистоннинг оммавий ахборот воситаларида “Эркин сўзлашлар жамоаси” томонидан тайёрланган янги ҳисоботга кўра, Ҳиндистон ҳукумати Кашмирда жорий этган тақиқлар Кашмир оммавий ахборот воситаларига зарар етказмоқда.

Тадқиқотга кўра, журналистлар ҳукуматга ёки хавфсизлик кучларига салбий таъсир кўрсатган ҳисоботларни чоп этганлари учун кузатув, норасмий тергов ва тазйиқларга учраган.

Покистон армияси Ҳиндистонни “давлат терроризмида” айбламоқда.

Покистон армиясининг генерали Қамар Жаввед Бажва Ҳиндистонни Кашмирда “давлат терроризми”ни амалга оширганликда айблади.

Унинг сўзларига кўра, Покистон армияси “ҳар қандай қурбонликка” тайёр ва Кашмир аҳолисини ўз тақдирини ўзи белгилаш учун курашда “ҳеч қачон ташлаб қўймайди”.

5 сентябрь, пайшанба, 2019 йил.

Кашмирлик ўспирин кўздан ёш оқизувчи газ қўлланиши оқибатида олган жароҳатдан вафот этди.

16 ёшли Асрар Хоннинг жасади Кашмирдаги уйига чоршанба куни тахминан соат 2:30 олиб келинганида ота-онасининг фарёди кўчани тутди. 11-синф ўқувчиси Хон, тиббий маълумотларга кўра, 6 август куни Сринагарнинг Эллаҳи Боғ туманидаги уйи ташқарисида кўздан ёш оқизувчи газ қобиғи ва гранулалар билан бошидан жароҳатланган.

“Халқаро амнистия” Кашмир қамалини тўхтатишга қаратилган кампанияни бошлади.

“Халқаро амнистия” ташкилоти Ҳиндистоннинг Кашмирдаги барча хатти-ҳаракатларини инсоннинг эрки ва ҳуқуқларига қилинган ҳужум деб баҳолади.

“Қамал бир ойдан бери ҳукм сурмокда ва бу ортиқ давом этиши мумкин эмас, чунки жорий ҳолат Кашмир аҳолисининг кундалик ҳаётига, уларнинг ҳиссий ва руҳий фаровонлигига, тиббий ёрдам каби асосий эҳтиёжлар фойдаланиш имкониятларига жиддий таъсир кўрсатди. Бу оилаларни парчалаб ташламоқда”, – деди ташкилоти раҳбари Аакар Пател.

4 сентябрь, чоршанба, 2019 йил.

Кашмирликлар ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар ва қийноқлар ҳақида гапирмоқда.

Кашмирнинг жанубидаги қишлоқлардан бирида 22 ёшли эркак ярим тундаги рейд пайтида қўлга олинганини ва ўнлаб бошқа кашмирликлар билан бир соатдан кўпроқ вақт давомида қийноққа солинганини айтди.

“Мени таёқ, милтиқ билан уришди ва норозилик юришига нима учун борганимни сўрашди. Ҳушимдан кетгач эса ўзимга келтириш учун элктр токидан фойдаланишди”, – деди у исмини ошкор қилмаслик шарти билан “Ал-Жазира”га.

Хавфсизлик кучлари қийноққа солган кашмирлик киши жароҳатларининг фотосуратини кўрсатмоқда

Саудия ва БААнинг Покистондаги дипломатлари Кашмир масаласини муҳокама қилишди.

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Покистонга ўзларининг энг яхши дипломатларини баҳсли Кашмир минтақасида Покистоннинг Ҳиндистон билан зиддиятларини бартараф этишга ёрдам бериш учун жўнатишди. Таъкидлаб ўтиш жоиз, Форс кўрфази араб давлатлари бу масала юзасидан сукут сақлашни афзал кўрмоқда, чунки Ҳиндистон 100 миллиард АҚШ долларига тенг йиллик савдо-сотиқ айланмаси билан бу мамлакатларнинг энг муҳим иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади.

Ҳиндистон Покистондаги гуруҳлар етакчиларини “террорчи” деб атади.

Ҳиндистон расман “Жаиш-и-Муҳаммад” раҳбари Масъуд Азҳарни ва “Лашкари-Тойиба” асосчиси Ҳафиз Муҳаммад Саидни “террорчилар” деб эълон қилди.

Умуман олганда, Азҳар номи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти учун ҳам нотаниш эмас. У февралда юз берган худкушлик ҳужумлари учун жавобгар ҳисобланади. Ушбу ҳужумларда 40 нафар ҳинд аскари ўлдирилиб, Ҳиндистон ва Покистон уруш ёқасига келиб қолганидан сўнг Азҳарга қарши БМТ санкциялари эълон қилинган.

Покистон армияси: Ҳиндистон уруш уруғини сепмоқда.

Покистон армияси Ҳиндистон Кашмир минтақасида уруш уруғини сепаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

“Кашмирдаги вазият минтақада катта хавфга айланди. Ҳиндистон Кашмирдаги ҳаракати билан бу ҳудудда уруш уруғини сепмоқда”, – деди Покистон ҳарбий вакили генерал-майёр Осиф Ғафур Исломободда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Кашмирликлар Сринагардаги тўқнашувлар пайтида Ҳиндистон хавфсизлик кучлари томонидан қўлланилган кўздан ёш оқизувчи газдан яширинишга уринишмоқда

3 сентябрь, сешанба, 2019 йил.

Покистон бош вазири Имрон Хон: “Ҳиндистон билан ҳарбий зиддиятга бориш ниятида эмасмиз”.

Покистон бош вазири Имрон Хон расмий Исломободнинг Ҳиндистон билан ҳарбий можарони бошламаслигини таъкидлаб, жанубий қўшнилар ўртасида ядро уруши бошланиши хавфи ҳақида огоҳлантирди, чунки мунозарали Кашмир минтақасида кескинлик юқорилигича қолмоқда.

“Биз ядровий қуролга эга икки мамлакатмиз. Агар зиддиятлар кучайиб борса, бу бутун дунёга хавф туғдириши мумкин”, – деди Хон Покистон шарқидаги Лаҳор шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда.

1 сентябрь, якшанба, 2019 йил.

Карачидаги Ҳиндистонга қарши митингда минглаб одамлар қатнашмоқда.

Покистонлик минглаб намойишчилар кетма-кет тўртинчи ҳафта Ҳиндистонга қарши митингларда қатнашмоқда. Улар «Жамоати Исломий“ партияси Карачида уюштирган митингда катта Кашмир байроғини намойиш этишди.

“Биз БМТ тинчлик миссияси Уганда, Шарқий Тимор, Жибути ва Африканинг бошқа мамлакатларига боргани каби Сринагарга ҳам келишини талаб қиламиз”, – деди “Жамоати Исломий” партияси раҳбари Сираж ул-Ҳақ бошқа давлатларни кашмирликларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари топталишига қарши чоралар кўришга чақираркан.

30 август, жума, 2019 йил.

Имрон Хон: “Дунё Кашмирни эътиборсиз қолдиролмайди, биз ҳаммамиз хавф остидамиз”.

“New York Times” газетаси хабарига кўра, бош вазир Имрон Хон, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги музокаралар фақатгина “Нью-Деҳли Кашмирни ноқонуний қўшиб олинишини бекор қилса, комендантлик соати ва қамални тугатиб, ўз қўшинларини олиб чиқиб кетса” бошланиши мумкин.

“Мен Ҳиндистон билан ўзаро муносабатларни Кашмир можаросини ҳал қилиш орқали нормаллаштирмоқчиман”, – деди у.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кашмирда вояга етмаганлар ҳибсга олиняпти: «Мен қамоқхонада ўлимимни кутдим»

994 20:00 04.10.2019

Гонконг, Кашмир, Фаластин: Британиянинг собиқ мустамлакалари олов ичида

1545 22:00 02.10.2019

Бу сафарги «Мусулмонлар куни» диққат марказида Кашмир бўлди

621 12:00 30.09.2019

Кашмирда 13 минг эркак бедарак йўқолди

1525 15:27 26.09.2019

Ҳиндистон: «Кашмирнинг Покистонда қолган қисмини қайтариб оламиз»

873 18:45 18.09.2019
« Орқага