Кашмир яна можаро марказида. Ҳудудда энди ҳиндлар кўпаядими?

12:05 06.08.2019 1172

Кеча, 5 август куни Ҳиндистон ҳукумати мамлакат Конституциясининг 370-моддасини бекор қилди, яъни Жамму ва Кашмир штати алоҳида мақомидан – кенг мухториятдан маҳрум бўлди. Бундан ташқари, шу пайтгача ягона штат бўлиб келган Жамму ва Кашмир иккига бўлинди.

Бу ўзгаришлардан маҳаллий аҳоли мамнун дейиш қийин. Алоҳида мақом туфайли штатда фақатгина маҳаллий аҳолининг кўчмас мулк сотиб олишига рухсат берилар, давлат лавозимларига ҳам маҳаллий аҳоли вакиллари тайинланар эди. Энди истаган ҳиндистонлик Жамму ва Кашмирда кўчмас мулк харид қилиш мумкин, бу эса аҳолисининг аксари мусулмонлардан иборат ва ўн йиллардан бери тарангликларга саҳна бўлиб келаётган ҳудудда ҳиндларнинг сони кўпайиши, алал-оқибат ҳудудда демографик вазият ўзгариши мумкин деганидир.

Кашмир – Ҳиндистон, Покистон ва Хитой чегараларидаги тоғли ҳудуд бўлиб, номини Ҳимолай этакларидаги Кашмир водийсидан олган. Ҳудуд ана шу уч давлат ўртасида бўлинган. Жанубда Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штати, шимолда Покистоннинг Озод Кашмир вилояти жойлашган. Аҳолиси энг оз бўлган шарқий қисми Хитойга қарашли, Аксайчин деб аталувчи мазкур ҳудудни Пекин 1962 йилда босиб олган. 

Ҳинд яримороли 1947 йилда Ҳиндистон ва Покистонга бўлинаётганида Покистон аҳолисининг аксар қисми мусулмонлардан иборат бўлган Кашмирга эгалик қилишни истади. Бироқ Кашмир маҳоражаси Хари Сингх мусулмон аҳолининг истагига зид равишда Ҳиндистонга қўшилишни хоҳлагани учун қўшни мамлакат ҳам бу ҳудудда ҳаққи борлигини даъво қилди. Охир-оқибат 1948 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уруш келиб чиқди. Урушда Покистон ҳудуднинг кичик қисмини қўлга киритди, катта қисми эса Ҳиндистонда қолди.

Жамму ва Кашмир Ҳиндистонда аҳолисининг аксари мусулмонлардан иборат ягона штат ҳисобланади, бу ерда 12 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилади. Штат географик жиҳатдан икки ҳудудга – Жамму ва Кашмирга бўлинади. Жаммуда аҳолининг 30 фоизи, Кашмирда эса 95 фоизи мусулмонлардир. Штатга 1949 йилда алоҳида мақом берилган бўлиб, кенг мухторият доирасида Жамму ва Кашмир ўз конституцияси, байроғи ва парламентига эга бўлди. Ҳиндистон парламентида қабул қилинган қонунлар то штат парламенти томонидан ратификация қилинмагунча бу ҳудудда амал қилмаган (мудофаа, алоқа ва ташқи сиёсат ҳақидаги қонунлар бундан мустасно). Штат энди ана шу ҳуқуқлардан маҳрум бўлди.

Штатнинг собиқ бош вазири, таниқли сиёсатчи Маҳбуб Муфтий Ҳиндистон ҳукуматнинг қарори уни ҳудудда босқинчи ҳолатига туширишини таъкидлади. “Бугун Ҳиндистон демократияси учун қора кун, – деди Муфтий. – Бу томонлама қабул қилинган бу қарор конституцияга зид”.

 Ҳиндистон ҳукуматнинг қарори Покистоннинг ҳам қаттиқ танқидига учради.

“Ҳиндистон хавфли ўйинни ўйняпти, бу минтақадаги тинчлик ва барқарорликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин”, – деди Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший.

Ҳиндистонни бир томонлама қарор қабул қилишда айблаган Покистон унга қарши бор имкониятларини ишга солмоқчи.

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!