Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳод манбалари

807

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм)

39 – Олдин баён қилганимиздек, уммат уламоларининг барчалари ҳукм Аллоҳдан ўзгага эмаслигига иттифоқ қилишган. Шунга биноан, ҳукмларнинг ҳамма манбаси ваҳий воситаси билан Ҳақ таологагина тегишли. Ваҳий Қуръони каримга ўхшаб тиловат қилинадиган бўлади. Ёки покиза Суннати набавийяга ўхшаб тиловат қилинмайдиган бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар ўлароқ ҳаводан олиб гапирмайдилар. У зотнинг сўзлари индирилган ваҳий саналади. Шундан маълум бўляптики, ҳукмларнинг ҳамма манбаси тўғридан-тўғри Китоб ва Суннатга тегишли бўлади. Агар амалга ошса ижмо бўладики, у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳукмини очиб берувчидир. Чунки уммат залолатда жамланмайди. Қиёсга келсак, у ҳам мужтаҳиднинг зоннида Аллоҳ таолонинг ҳукмини кашф қилиб беради. Қачонки саҳиҳ қиёснинг шартлари тўлиқ топилса, бу зонн ҳужжат учун етарлидир. Бунда ҳақиқат битта, десак ҳам, бошқа сўз айтсак ҳам фарқи йўқдир. Усулий иловада мазкур мавзуни батафсил баён қиламиз.

Аммо бу ўринда ҳозирда кўп гапирилаётган икки муҳим масалани очиқлашимиз керак бўлади:

а) биринчи масала – Суннатга доир.

40 – Айрим одамлар Суннат ташриъ манбаи эмас, деган масалани кўтариб чиқмоқдалар ва ўзларини Қуръончилар, дея атамоқдалар. Улар: “Қуръон олдимизда турибди. Ундаги ҳалолини 40 ҳалол ҳисоблаймиз, ҳаромини ҳаром”, дейишмоқда. Уларнинг гумонича, Суннатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан тўқилган ҳадислар яширин равишда киргизиб юборилган. Аслида бундайлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга улар ҳақида хабар берганлари қавмнинг давомчиларидир. Аҳмад, Абу Довуд ва Ҳокимлар саҳиҳ санад билан Миқдомдан ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар: “Бир одам ўзининг пўрим курсисига суяниб олиб менинг ҳадисимдан бир ҳадисни сўзлайди ва бундай дейди: “Биз билан сизнинг ўртангизда Аллоҳнинг китоби бор. Унда нимани ҳалол топсак, ҳалол қилдик ва нимани ҳаром топган бўлсак, ҳаром санадик”. Билиб қўйинг, Расулуллоҳнинг ҳаром қилгани Аллоҳнинг ҳаром қилгани кабидир”. Улар Қуръончилар эмас! Чунки Қуръони карим юзга яқин оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоатни вожиб этган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоатни Аллоҳ азза ва жаллага итоат деб эътибор қилган: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ” (Нисо сураси, 80-оят).

Балки ўзлари маҳкам тутишни даъво қилаётганлари Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоатдан ва ҳукмларини қабул қилишдан бош тортганларни иймондан айро ҳисоблайди: “Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор имон келтирмагайлар” (Нисо сураси, 65-оят).

Уларнинг Суннатга мавзу ва мардуд ҳадисларни яширин қўшиб юборилган, деган даъволарига келсак, бу нотўғри, уммат уламолари Суннатни ҳар қандай бегона нарсалардан тозалашга жуда қаттиқ эътибор берганлар. Ровийлардан бирининг ростгўйлиги ёки унутиб қўйиш эҳтимоли ҳақида пайдо бўлган шубҳани ҳадисни рад этиш сабаби дея қараганлар. Ҳатто дин душманлари ҳам ислом уламоларининг санадга ва хабарларни саралашга эътиборини эътироф этадилар. Ҳадисга амал қилиш вожиблигига унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эканлигига ғолиб зонн етарли ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари даъватларини етказишга асҳобларидан бирини юбориш билан кифояланганлар. Бу ҳол зонн унинг ростгўй эканига ғолиб келган бир кишининг хабарига амал қилиш вожиблигини кўрсатади.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг мавзуси

517 22:05 07.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

501 22:05 06.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

486 22:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

600 22:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

572 22:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

570 22:05 02.12.2021
« Орқага