Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: аслий ва тобе ижараларнинг ҳукмлари

581

(160-қисм 161-қисм 162-қисм 163-қисм 164-қисм 165-қисм 166-қисм 167-қисм 168-қисм 169-қисм 170-қисм 171-қисм 172-қисм)

УЧИНЧИ ФАСЛ

Аслий ва тобе ижараларнинг ҳукмлари

Биринчи мавзу Аслий ижаранинг ҳукмлари

45. Агар ижара ақди тўғри амалга ошса, ортидан унинг аслий ҳукми келиб чиқади. Бу ижарачи учун мулкда манфаатнинг ҳамда ижарага берувчига тайин қилинган ҳақнинг собит бўлишидир. Бу ўринда тобе ҳукмлар ҳам мавжуд1149. Бу тобелик ижарага берувчи айнни ижарачига топшириши ва ундан фойдаланишига имкон бериши ҳамда ижарачи уни муҳофаза қилишни зиммасига олишидир. Агар бирор иш устида ижара ақди тузилиб, ёлланма ишчи муштарак бўлса, ишчи айнни муҳофаза қилиш билан бирга, ишни бажаришни ҳамда иш тугагандан кейин уни топширишни ҳам зиммасига олади. Агар ишчи хос бўлса, муддат асл ва иш тобе бўлади. Агар ижара муаллим ва эмизувчи кабилар билан фақат иш устида тузилса, ижаранинг муштарак ёки хослигига қараб, мажбурият иш ёки муддатга асосланган бўлади. Бунинг баёни кейинроқ келади. Манфаатга эга бўлиш, ҳаққа эга бўлиш ва унинг вақти

46. Бизнинг ҳанафий мазҳаб ва моликийлар ақднинг ўзи билан ҳаққа эга бўлиш мумкин эмас, дейишади. Ҳаққа уни олдиндан беришни шарт қилиш ёки ақд қилинган нарсани тўла олиш билангина эга бўлинади. Ҳанафийлар бу таърифга ишни тезлаштиришни қўшимча қилганлар. Косоний раҳматуллоҳу алайҳ бу борада қуйидагиларни айтган: “Ҳаққа учта маънонинг бири билан эга бўлинади: Биринчиси: ақдлашган пайтда ҳақни олдиндан беришни шарт қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонлар шартларида турарлар...”1150 деганлар.

Иккинчиси: шартсиз олдиндан бериш. Бу – савдода молни топширишдан олдин пулини олишнинг жоизлигига қиёсан бўлади. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, ижара савдо кабидир.

Учинчиси: ижарага қўйилган нарсани тўла олиш. Чунки ижарачи эваз сифатида берилган нарсага эга бўлгач, ижарага берувчи унинг муқобилида эвазга эга бўлади. Бу мутлақ айирбошлаш рўёбга чиқариш ва икки ақд тузувчи ўртасида тенгликни таъминлаш учундир1151”.

47. Моликийлар наздидаги асл қоида савдога хилоф равишда ҳақни муддатида беришдир1152. Савдодаги асл қоида эса олдиндан беришдир. Фақат тўрт масалада ҳақни олдиндан бериш лозим бўлади: агар шу нарса шарт қилинса; ҳовли ижараси ва ҳаж сафари учун уловни кирага олиш каби одат шунга жорий бўлса; муайян мато сингари ҳақ тайин қилинган бўлса. Бунда ҳақни олдиндан бериш вожибдир. Агар ушбу ҳолатларда олдиндан бериш шарт қилинмаса, ижара бузилади. Яна ҳақ тайин қилинмаган ва манфаатлар ижарага берувчининг зиммасида кафолатланган ўринда ҳам ҳақни олдиндан бериш вожиб саналади. Шунда унга киришса зарари йўқ. Агар уч кун ўтгунча ҳам киришмаса, ҳақнинг ҳаммасини олдиндан бермагунича бу ижара жоиз эмас. Акс ҳолда, зиммадаги нарсани зиммадаги нарсага сотишнинг бошланиши бўлиб қолади.

Баъзилар: “Агар киришган бўлса, ҳақнинг барчасини олдиндан бериш лозим”, дейишган. Чунки аввалини қўлга киритиш, охирини қўлга киритиш эмас.

Ижарага қўйилган нарсадан фойдаланишга киришилмаган ўринда ҳақнинг барчасини олдиндан беришнинг вожиблигидан унга киришиш қийин бўлган бир сурат истисно қилинади. У қуйидагича: “Ижара объекти сафар учун улов ва шунга ўхшаш нарса бўлса, сафар масофаси узоқ ва ноодатий вақтда амалга оширилаётган ҳамда белгиланган ҳақ миқдори кўп бўлса, ҳақнинг барчасини олдиндан бериш шарт қилинмайди. Балки кўп ҳақнинг бир қисмини олдиндан бериш кифоя. Агар ҳақ оз бўлса, барчасини олдиндан бериш вожиб. Бу ҳунарманд ва ёлланма ишчидан бошқаларга нисбатан қўлланилади. Зеро, улар буюртмачи билан ўрталарида ихтилоф бўлган вақтда ишни тугатмасдан илгари ҳаққа эга бўлмайдилар. Аммо ўзаро келишув пайтида ҳақнинг барчасини олдиндан олиш ҳам, кейин олиш ҳам жоиз.

Айтишларича, “Агар ижара муайян ҳақ эвазига воқеъ бўлса ва муайянни олдиндан бериш урфда инкор этилса, бу ижара фосид ҳисобланади. Бунинг сабаби зиммадаги нарсани зиммадаги нарса эвазига сотилгани эмас, балки бунда қабз қилиш кечикаётган нарсанинг савдоси бўлганидир. Гарчи ҳақ ақддан кейин амалда тезлик билан берилган бўлса ҳам, юқоридаги ҳолатда ижара бузилади. Чунки ҳақни олдиндан бериш шарти қўйилиб, шарт амалга ошсагина бу ижара дуруст бўлади”. Улар яна айтадилар: “Агар ҳунармандлар ва ёлланма ишчилар ишни тугатишдан олдин ҳақ олишни истаса, иш эгалари эса буни ман этса, урфга қаралади. Агар бу борада кишиларнинг бирор одатлари бўлмаса, то ишни тугатмагунларича уларга бирор нарса берилмайди.

Аммо ҳовли ва уловдаги кираларда ёки савдо молларини харид қилиб бериш учун даллол ёллаш каби ижарада бажарилган иш миқдорича ҳақ олинаверади. Агар ҳақ муайян бўлмай, уни олдиндан бериш шарт қилинмаган, олдиндан бериш урфда кузатилмаган ҳамда манфаатлар кафолатланмаган бўлса, ҳақни олдиндан бериш вожиб эмас. Ҳақни олдиндан бериш вожиб бўлмагач, тўлов кунма-кун амалга оширилади. Яъни бир куннинг манфаатини кўрса ёки кўришга имконли бўлса, ўша куннинг ҳақи лозим бўлади. Ёки ҳақни иш тамомига етгандан кейин олади.

48. Шофеъий ва ҳанбалийлар: “Ақд мутлақ тузилган бўлса, ҳақ ақднинг ўзи биланоқ вожиб ҳисобланади. Айнни топшириш ёки амалда фойдаланмаса-да, фойдаланишга имконли бўлиш билан ҳам ҳақни бериш вожиб бўлади. Чунки у айирбошлаш ақдида мутлақ тарзда зикр қилинган эваздир. Бу ҳаққа худди савдодаги нарх ва никоҳдаги маҳр сингари мутлақ ақднинг ўзи билан эга бўлинади. Манфаатни тўла олгач, ҳақ қарор топади”, дейишади. 

Агар ижара ақди бирор иш устида тузилса, бунда ҳам ҳаққа ақд билан эга бўлинади ва у ана шу ақднинг ўзи билан ижарага олувчининг зиммасида дайн сифати собит бўлади. Лекин ишчи ишни топширганда ёки ишни тўла бажарган вақтда, хос ишчи муддат ўтгач, уни олишга ҳақли бўлади. Ҳаққа эга бўлиш ишни топширишга боғлиқ, чунки у эваздир. Бу турдаги ижара айнлар ижарасидан фарқ қилади. Чунки айнни топшириш манфаатини топшириш ўрнида жорий бўлади. Агар ижарага олувчи манфаатни тўла қўлга киритса ёки муддат ўтса-ю, фойдаланишдан уни тўсадиган бирон тўсиқ бўлмаса, ҳақ қарор топади. Чунки у ақдга биноан нарсани қўлга киритди. Шундай бўлгач, бадал қарор топади. Модомики, ботилга кўра айн ижарасини қўлга киритиб, бироқ ундан фойдалана олмаган экан, бу ҳолда манфаатлар ижарага олувчининг ихтиёри билан талафотга учраган ҳисобланади.

Агар келишилган ижара муддати ниҳоясига етса, ижарага олувчи ана шу муддатгача ақдга асосан манфаатларга эга бўлади ва манфаатлар унинг мулкида юзага келган бўлади. Чунки у тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу тақдиран мавжуд деб қаралади1153.


1149 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 201-б.

1150 Абу Довуд ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Ибн Ҳажар Асқалоний. Талхисул ҳабир. 3-ж. 23-б.

1151 Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 2-ж. 232-б. Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 413-б. Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 202-б.

1152 Аш-Шарҳус сағир. 4-ж. 161-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 4-б.

1153 Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 5-ж. 322, 361-б. Иброҳим ибн Али Абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 399-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 5-ж. 329-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

850 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

847 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

971 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1034 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

702 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

745 21:50 24.05.2022
« Орқага