Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Бешинчи давр. Ижтиҳод асри

516

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм, 15-қисм16-қисм17-қисм18-қисм19-қисм20-қисм21-қисм22-қисм23-қисм24-қисм25-қисм26-қисм27-қисм28-қисм29-қисм30-қисм31-қисм32-қисм33-қисм34-қисм35-қисм36-қисм37-қисм38-қисм)

Бешинчи давр. Ижтиҳод асри

27 – Бу давр тақрибан умавийлар ҳукмронлигининг охиридан тўртинчи ҳижрий аср ниҳоясигача давом этиб, Ислом давлатидаги кенгқамровли илмий уйғониш ибтидосини бошлаб берди. Умуман, бир давр ибтидо ва интиҳосига муайян вақт белгилаш имконсиз эканлигини такрор ва такрор айтганимиз ҳолда, бу давр буюк имомлар, мунтасиб олимлар, мазҳаб мужтаҳидлари ва таржиҳ аҳли замонини ўз ичига олганини айтишимиз мумкин. Шунингдек, бу даврда фиқҳий мазҳаблар дақиқ илмий суратда тадвин этилди.

Мужтаҳидларнинг хусусиятлари ва табақотлари ҳақида сўзлашдан олдин, ана шу аср янги илм туғилишига гувоҳ бўлганини айтиб кетишимиз керак. Бу илмнинг фиқҳга боғлиқлиги мустаҳкам бўлиб, уни усули фиқҳ илми дейилади.

Усули фиқҳ илми

28 – Бу илм иккинчи ҳижрий асрда пайдо бўлди. Жумҳур уламонинг фикрига кўра, бу илмни илк тадвин қилган киши имом Шофеъий розияллоҳу анҳудир. Ибн Надим эса “Фиҳрист”да бу илмда аввал таълиф қилган киши – имом Абу Ҳанифанинг соҳиблари Абу Юсуф дейдилар. Нима бўлганда ҳам бизга етиб келган бу илмда таълиф қилинган энг эски китоб – имом Шофеъий қаламига мансуб рисоладир.

Бу илм мужтаҳиднинг шаръий аҳкомларни Китоб ё Суннат ва ёки қиёсдан истинбот этишида риоя қилиши лозим бўлган қоидаларни баён этади. Мазкур рисола имом Шофеъийнинг ижтиҳоддаги манҳажларини ифодалаш учун ёзилган. Маълумки, ҳар бир тирик жонзот миттигина, ожизгина туғилиб, кейин улғаяди. Шунга ўхшаш, бу илм ҳам камолга етгунига қадар бир неча босқични босиб ўтган. Унга муаллифлар ижтиҳодга алоқаси бор, деб кўрган бошқа илмларга тегишли мавзулар ҳам қўшилган. Балки, бундан ҳам кўпроқ соф назарий мавзулар ўрин олган.

Бу илм энциклопедиядек катта китоблар билан кичик мухтасарлар ўртасида ёзилган. Худо насиб қилса, бунинг батафсил баёнини усули фиқҳ илмига хос иловада тақдим этамиз.

29 – Бирор киши ижтиҳод бу илм тадвин этилишидан олдин қатъий қоидалар устига қурилмаган экан, деб асло ўйламасин. Аслида, бунинг акси бўлган. Саҳобалар замонидан усули фиқҳ тадвинигича бўлган мужтаҳидлар мустаҳкам қоидаларга риоя этишган. Агар баъзи қоидаларда фақиҳнинг қараши бошқа фақиҳникидан фарқланган бўлса, бу 32 ихтилоф имкон қадар тўғри йўлни қасд қилиш асосига қурилган. Ва ҳавойи нафсни ҳакам қилишдан, шаръий аҳкомларда ўз хоҳишига кўра сўз айтишдан йироқ бўлинган. Тўғри, бу қоидаларга қатъий риоя этилган бўлса-да, ҳали тадвин йўқ эди. Мисол тариқасида наҳв илмини эслайлик. Наҳв илми жорий этилишидан аввал араблар, гарчи илмий истилоҳларга боғланишмаган бўлса-да, фоилни рафъ, мафъулни насб қилиб ўқишган.

Шундан маълум бўляптики, замондош ва бир-бирига боғлиқ бўлишига қарамай, усули фиқҳ илмининг тадвини фиқҳ тадвинидан кечроқ юзага келган.

30 – Бу даврда яна бир илм – фаразий фиқҳ туғилди. Фиқҳнинг бу тури ҳали имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу ва шогирдлари пайдо бўлмасдан аввал Ироқ мадрасасида улғайган. Бу фан билан шуғулланиш у зотнинг ва шогирдларининг даврида янада кучайган. Бу тур фиқҳ тўғрисида фуқаҳолар иккига бўлинган: уни кариҳ кўрадиганлар ва уни қўллаб-қувватлайдиганлар. Биринчи тоифа фикрича бу тур фиқҳ билан шуғулланиш жиддий иш эмас, низога олиб борадиган мужодалага сабаб бўлиши мумкин. Бошқалар эса: “Ҳар бир ҳодисанинг ҳукмини топиб қўйишимиз керакки, агар у воқеъ бўлиб қолса, ҳукмини билмасдан ҳанг-манг бўлиб қолмайлик”, дейишарди. Икки томоннинг ҳам далили ва обрўэътибори бор. Гарчи бу тур фиқҳ, одатда, воқеъ бўлиши маҳол фаразий масалалари билан исрофга йўл қўяётган десак-да, бу икки қарашни солиштириш мақомида эмасмиз. Бундай қилиш фойдасиз ва бекорчи иш бўлиб, Аллоҳ бекорчиларни севмайди.

Бироқ юз бериши мумкин бўлган фаразий масалалар ҳали учрамаган ҳолда ҳам, бундай масалалар билан шуғулланишнинг зарари йўқ. Биз фиқҳ китобларида мутақаддим фуқаҳолар ҳаётда учраши маҳол деб билган жуда кўп масалаларни кўрдик, улар чиндан ҳам содир бўлди. Жинсни ўзгартириш, сунъий урчитиш, ўликларнинг аъзоларини тирикларга кўчириш, тирикларнинг аъзосини бошқа тирикларга ўтказиш каби масалалар шулар жумласидандир. Демак, фаразий фиқҳ ўзимиз очишимиз қийин бўлган эшикни бизларга очиб берди. Олдинги фуқаҳолар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, бизга тўғри йўлни кўрсатиб кетдилар.

 

(давоми бор)

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг мавзуси

517 22:05 07.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

501 22:05 06.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

486 22:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

600 22:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

573 22:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

570 22:05 02.12.2021
« Орқага