Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: экин экиладиган ер ижарасининг тугаши

580

(170-қисм 171-қисм 172-қисм 172-қисм 173-қисм 174-қисм 175-қисм 176-қисм 177-қисм 178-қисм 179-қисм 180-қисм 181-қисм 182-қисм 183-қисм 184-қисм 185-қисм 186-қисм 187-қисм 188-қисм)

90. Агар ижара муддатли бўлса, муддат тугаши билан уламолар иттифоқига кўра, ижара ҳам тугайди. Агар экинни йиғиштириб олиш вақти келмаган бўлса, экин ерда қолади. Ўтган муддат эътиборидан тайин қилинган ҳақ ва қўшимча муддат эътиборидан яна ажри мисл лозим бўлади. Мазҳаб имомларининг бу борада баъзи тафсилотлари бор.

Агар ерни экин экиш учун эмас, балки дарахт ўтқазиш учун ижарага олган бўлса: Ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари айтадилар: “Агар ерни дарахт экиш учун ижарага олган бўлса ва муддат тугаса, дарахтни қўпориш ва ерни бўш ҳолда топшириш лозим”. Бу борада ерни ажри мисл эвазига қолдиради, деган гап ҳам бор. Бироқ дарахтни қўпориш ерга ортиқча зарар етказадиган бўлса, ер эгаси ижарачига дарахтни қўпорилган ҳолатдаги қийматини тўлаши мумкин. Ортиқча зарар етказмаса, ерга етган камчиликни тўлаттирмасдан, дарахтни қўпориб ташлайди. Чунки ижарада муддатнинг белгиланиши муддат тугаганда бўшатиб беришни тақозо қилади. Худди ерни экин экиш учун ижарага бергандек1213. Моликийлар бу борада ҳанафийлар тутган йўлдан узоқ эмаслар. Лекин уларнинг баъзилари қайд этишган-ки, агар ижарага берган киши ақд вақтида белгиланган муддат ичида ҳосил йиғиб олинишини билса, экин ерда ажри мисл эвазига ўримгача қолади. Акс ҳолда, ижарага берган киши уни қўпориб ташлашга буюриши жоиз1214.

91. Аммо шофеъийларда бу тўғрида шундай тафсилотлар бор: “Агар белгиланган муддатда ўриб олинмайдиган муайян экинни экиш учун ерни ижарага олса ва экинни қолдиришни шарт қилса, ижара ботил бўлади. Чунки бу ақднинг тақозосига зид келадиган шартдир. Ақд ботил бўлган ушбу ҳолатда шошиб экин эккан бўлса, қўпориб ташлашга мажбур қилинмайди. Унинг зиммасига ажри мисл лозим бўлади. Агар қўпориб ташлашни шарт этилган бўлса, ақд тўғри ҳисобланади ва қўпориб ташлашга мажбур қилинади. Чунки ақд муддатга тузилган бўлиб, у муддат тугади”. Баъзилар, қўпориб ташлашга мажбур қилинмайди, деган. Чунки экин маълум, фақат муддат ўтиб кетгани учун ажри мисл лозим бўлади.

Агар ер тайин қилинмаган экин экиш учун ижарага олинган ва ҳосилнинг ўриб олинмагани ижарачининг бепарволиги сабабидан бўлса, ижарага берган уни қўпориб ташлашга мажбурлаши мумкин. Чунки у муддатли ақд тузди. Агар бирор узр туфайли ўриб олинмаган бўлса, айрим нуқтаи назарга кўра, экинни йиғиштириб олиш талаб этилади, яна бошқа бир фикрга кўра эса бу борада мажбур қилинмайди ва шу фикр саҳиҳ ҳисобланади. Чунки ҳосилни ўриб олишнинг кечикиши ижарачининг бепарволигидан юз бермади. Мазкур ҳолда, ижарачи зиммасига муддат охиригача тайин қилинган ҳақ ва ўтиб кетган вақти учун ажри мисл лозим бўлади1215.

Шофеъийлар дарахт ўтқазиш борасида шундай деганлар: “Ақдда дарахтни ерда қолдиришни шарт қилиш жоиз. Чунки ақд буни тақозо қилади. Модомики, кўчатни суғориб ташлаш шарт сифатида кўрсатилар экан, шартга амал қилинади. Лекин ерни текислаб бериш лозим эмас. Агар ҳеч бир шартсиз мутлақ айтилса, дарахтни қўпориб ташлаш лозим бўлмайди. Зеро, одатда, дарахтлар қуриб қолгунча туради. 

Агар муддат тугашидан олдин қўпориб ташлашни хоҳласа, бир қавлда унга ерни текислаб бериш лозим бўлади, дейилган. Чунки у бировнинг ерида эгасининг изнисиз дарахтни қўпорди. Бир қавлда лозим эмас, дейилган. Чунки у вақтинча эгалиги бор ердан дарахтни қўпорди. Агар қўпориш муддат тугагандан кейин бўлса, унга ерни текислаб бериш лозим саналади. Агар ижарага олувчи қолдиришни танласа ва ер эгаси дарахтнинг қийматини бериб, унга эгалик қилишни хоҳласа, ижарачи шунга мажбур қилинади. Агар ер эгаси қўпориб ташлашни ирода қилса ва дарахтнинг қиймати қўпориш билан камаймаса, ижарачи қўпоришга мажбур қилинади1216.

Ҳанбалийларнинг фикри умумий тарзда шофеъийларнинг қавлидан фарқли эмас. Лекин улар айтадиларки, агар экиннинг кечикиши ўзининг бепарволигидан бўлса, унинг ҳукми куч билан тортиб олганнинг экини ҳукмида бўлади. Ер эгаси муддат ўтгандан кейин унинг қийматини олиш ёки муддатдан зиёда бўлганига ҳақ олиш эвазига қолдириш ўртасида ихтиёрли бўлади. Агар ижарачи ўша ҳолатда экинни йиғиб олишни ихтиёр этса, мумкин саналади. Имом Қози бу ижарачининг зиммасига лозим бўлади, деган. Бирор эваз бадалига қолдиришга келишсалар, бу ҳам жоиз. Агар экиннинг кечикишига бепарволик сабаб бўлмаса, ижарага берган муддат тугагунча қолдириши лозим. Бу тайин қилинган ҳақ ва зиёдасига ажри мисл берилади1217.

Агар ер бир муддатга экин учун ижарага олинса ва ижарага берувчи ёки ижарачи экин йиғиб олинишдан олдин вафот этса, ҳосилни йиғиб олгунча ерни сақлаб туриш ижарачи ёки меросхўрларининг ҳақидир. Бу ажри мисл баробарида бўлади. Ажри мисл марҳумнинг эмас, меросхўрлар молидан берилади1218.

Юқорида айтиб ўтилган эдики, ижарага берувчи ёки ижарачидан бирининг вафот этиши, бошқа мазҳабларга хилоф равишда, ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари наздида, ижара ақди тугашига сабаб бўлади. 


1213 Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 429-б. Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 235, 236-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 67-б.

1214 Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 47-б.

1215 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. АлМуҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 403-б. Имом Нававий. Равзатут толибин. 5-ж. 214, 215-б.

1216 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 403, 404-б.

1217 Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 64, 68-б.

1218 Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 429-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

590 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

639 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

708 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

400 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

458 21:50 24.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳод даражалари

419 21:50 23.05.2022
« Орқага