Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: эмизувчининг ижараси

706

(180-қисм 181-қисм 182-қисм 183-қисм 184-қисм 185-қисм 186-қисм 187-қисм 188-қисм 189-қисм 190-қисм 191-қисм 192-қисм 193-қисм 194-қисм 195-қисм 196-қисм)

116. Эмизувчини ижарага олиш шариатда мавжуд эканига юқорида далил келтирилган эди.

Ушбу ижара маълум ҳақ эвазига бўлиши керак. Фақиҳлар ушбу ўринда ақд ниманинг устида тузилиши ҳақида сўз юритганлар. Баъзилар айтишган: “Ақд манфаатларга йўналтирилади”. Бу ерда манфаат эмизувчининг гўдакка қиладиган хизмати бўляпти. Сутга эса эргашиш йўлига кўра эга бўлинади. Бу худди кийимдаги бўёқ ўрнида бўлади. Чунки сут муайян бўлиб, ижарада унга ақд қилинмайди. Баъзилар айтади: “Ақд аслида сут устида тузилади. Хизмат эса унга тобе бўлади. Агар эмизувчи гўдакни қўй сути билан эмизса, ҳаққа эга бўлмайди. Агар унга хизмат қилмасдан эмизса, ҳаққа эга бўлади. Агар эмизмасдан унга хизмат қилса, бирор нарсага эга бўлмайди. Сут муайян бўлса-да, одамзоднинг муҳофазаси учун заруратан унда ижара ақди тузишга рухсат берилган. Шу билан бирга, эмизувчини ақдда белгилаб ва баён қилиб, таоми ва кийимини бериш ила ижарага олиш жоиз бўлади. Бунга иттифоқ қилинган. “Жомеъус сағир”да келади: “Агар таомни тайин қилса ва кийимнинг жинсини, ўлчамини сифатласа ҳамда муддатини баён қилса, ижмоъга биноан жоиз бўлади”. Аммо мазкур нарсаларнинг чегарасини баён қилмаса, жумҳур наздида, жоиз бўлади1280.

117. Эмизувчи сутини кўпайтирадиган ва сутига фойдали нарсаларни еб-ичиши лозим бўлади. Ижарага олувчи буни эмизувчидан талаб қилишга ҳаққи бордир. Чунки шу сабабли эмизиш мукаммал бўлади. Бу ишни тарк қилишда гўдакка зарар етказиш бор. Агар эмизувчи гўдакни ўзининг ходимасига берса, у гўдакни эмизса, эмизувчига ҳақ берилмайди. Ушбу фикрни Абу Савр айтган. Асҳобур рай айтади: “Эмизувчи ҳаққа эга бўлади. Чунки гўдакнинг эмиши унинг феъли билан ҳосил бўлди”.

Ҳанафий, ҳанбалий ва баъзи шофеъийлар наздида, гўдакнинг тозалиги, кийимларини ювиш каби ишлари эмизувчининг зиммасида бўлади. Чунки ижарада ақд қилинган нарса хизматдир. Хизматга ақд сабабли ҳақли бўлинади. Ушбу ишлар ақдда шарт қилинган ёки урф жорий бўлган ўринда бошқа фақиҳлар ҳам мазкур фикрга қўшилганлар. Бироқ имом Молик ва баъзи шофеъийлар наздида, бу ишлар отанинг зиммасига тушади. Чунки энагалик қилиш ва эмизиш икки қасд қилинган (алоҳида-алоҳида) манфаат бўлиб, бир-биридан айри ҳолдадир. Эмизишга ақд қилинган ўринда энагалик қилиш кирмайди1281.

118. Хотин киши эмизувчини эрининг изнисиз ижарага олиши жоиз эмас. Эрнинг хабарисиз ижара ақди тузилган бўлса, у ўз ҳаққи эътиборидан ақдни бузиши мумкин бўлади. Эр ақд вақтида хотинидан шаръий ҳаққини талаб қила олади. Ҳанафий мазҳабимизда ижарага олган киши уни ушбу ҳақдан ман қилиши мумкин эмас. Агар эмизувчи ҳомиладор бўлиб қолса, сутининг болага зарар беришидан қўрқилса, ижарахўр ақдни бузишга ҳақли бўлади. Моликийлар айтади: “Эр, модомики, хотинига эмизишга изн берган экан, ижарахўр эрни жинсий алоқа қилишдан ман эта олади. Чунки бу сабабли боланинг зарар кўриш эҳтимоли бор”.

119. Агар эмизишга олинган гўдак вафот этиб қолса, ақд бузилади. Чунки ақд қилинган нарсани тўла олиш узрли бўлиб қолди. Ақд қилинган боладан бошқасини унинг ўрнига қўйиб бўлмайди. Чунки гўдаклар эмишда турлича бўлади. Шофеъий уламолардан баъзилари ақд бузилмайди, деган. Чунки манфаат турибди. Манфаатни тўла қўлга киритувчи нобуд бўлди. Агар икки томон бошқа гўдакни эмизишга ўзаро келишсалар, жоиз бўлади. Эмизувчи ҳали ҳақни олмасдан ижарахўр вафот этиб қолса ва гўдакка мол қолдирмаган бўлса, шунингдек, гўдакнинг мол-мулки ҳам йўқ ва ихтиёрий равишда ҳақни берадиган киши ҳам топилмаган суратда ижарачи (энага) ақдни бузишга ҳақли бўлади.

Ҳанбалийлар ижара ақди эмизувчининг ўлими билан бузилишини очиқ айтганлар. Чунки манфаат нобуд бўлиши сабабли йўққа чиқди. Абу Бакрдан ҳикоя қилинишича, ақд бузилмайди. Агар ҳақ олдиндан бериб қўйилган бўлса, муддат ниҳоясида гўдакни эмизган аёлнинг ҳаққи унинг (аёлнинг) молидан вожиб бўлади. Чунки ҳақ унинг (аёлнинг) зиммасида қарз бўлиб қолган эди1282.

Шофеъийлар айтади: “Эмизишга ақд қилинган гўдак танитилмагунча ақд дуруст бўлмайди. Чунки болага қараб эмизиш ҳам фарқланади. Танитиш эса тайин қилиш билан бўлади. Шунингдек, ақдда эмизиш жойини ҳам айтиб ўтиш керак. Ҳанбалийлар бунга эвазни ва эмизиш муддатини билишни ҳам қўшимча қилганлар. Ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари ҳам ушбу шартларни очиқ-ойдин айтиб ўтганлар1283.


1280 Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 241-б. Абдулҳаким Афғоний. Кашфул ҳақоиқ шарҳи Канзид дақоиқ. 2-ж. 159-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 14-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 5-ж. 292-б.

1281 Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 241, 242-б. Абдулҳаким Афғоний. Кашфул ҳақоиқ шарҳи Канзид дақоиқ. 2-ж. 159-б. Аҳмад Совий Моликий. Аш-Шарҳус сағир ъала Ақробил масолик ила мазҳаби Имом Молик. 1372 ҳ.й. 4, 31, 32-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоя тул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 5-ж. 292-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 398, 401, 406-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 74, 75-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 13, 14-б.

1282 Юқорида ўтган манбалар. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 76, 77-б. Ибн Рушд. Бидоятул мужтаҳид. 2-ж. 251, 252-б.

1283 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 184-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 5-ж. 292-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

714 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

750 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

826 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

886 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

595 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

632 21:50 24.05.2022
« Орқага