Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш

1063

(130-қисм 131-қисм 132-қисм 133-қисм 134-қисм 135-қисм 136-қисм 137-қисм 138-қисм 139-қисм 140-қисм 141-қисм)

Гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш

14. Қасам ва бир гувоҳ асосида ҳукм чиқариш борасида фақиҳлар ихтилоф қилганлар:

Имомлардан Молик, Шофеъий, Аҳмад, Абу Савр, Мадинанинг етти фақиҳларининг сўзларига кўра, мулкий масалаларга алоқадор низоларда қасам ва бир гувоҳ асосида ҳукм чиқарилади. Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа, Саврий, Авзоий ва Ироқ уламоларининг жумҳури бирор нарса тўғрисида қасам ва бир гувоҳ асосида ҳукм чиқарилмайди, деганлар. Имом Молик ва у киши билан бирга бўлганлар ўзларининг сўзларига Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гувоҳ билан бўлган қасам асосида ҳукм қилдилар”992 ҳадисини далилликка олганлар.

15. Қасам ва бир гувоҳ асосида ҳукмни амалга ошириш жоиз деган уламолар қасам ва икки аёл гувоҳ борасида ихтилоф қилганлар. Моликийлар жоиз, дейдилар. Чунки икки аёл бир эркак билан биргаликда бир эркак ўрнига ўтади. Шофеъий ва ҳанбалийлар икки аёлнинг гувоҳлиги қўшилган қасам қабул қилинмайди, деганлар. Чунки икки аёлнинг гувоҳлиги бошқа бир эркак билан биргаликдагина гувоҳлик ўрнига ўтади. Бир гувоҳ билан бўлган қасам асосида бандаларга хос ҳақ ҳисобланган туҳмат ҳадди каби масалаларда ҳукм чиқариш борасида имом Молик мазҳабида икки хил қавл бор993.

Қасам ва бир гувоҳ билан ҳукм чиқариш мумкин эмас, деган уламолар ўзларининг сўзларига Китоб ва Суннатдан далил келтирганлар: Китобдан далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карималари: “Сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эркак топилмаса, бир эркак билан икки аёлдир”994, “Ва (ярашаётган ёки ажралишаётганда) ўзларингиздан (мусулмонлардан) икки адолатли гувоҳни ҳозир қилингиз”995. Қасам билан битта гувоҳликни қабул қилиш – нассга қўшимча қилиш бўлади. Нассга зиёда қилиш уни насх қилиш ҳукмида бўлади. Бу эса жоиз эмас. Фақат мутавотир ёки машҳур хабар билангина жоиз. Бу борада иккиси ҳам собит бўлмаган. Суннатдан далил эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари: “Инсонларга (қуруқ даъволари инобатга олиниб) сўраганлари берилаверганида, улар бир-бирларининг қонлари ва молларини даъво қилишган бўларди.

Яхшиямки, даъвогарнинг зиммасига ҳужжат келтириш юклатилган”, “Баййина-ҳужжат даъвогарнинг зиммасига, қасам ичиш эса инкор қилувчининг зиммасига вожиб996. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир даъвогарга қарата: “Икки гувоҳ ёки унинг қасами”997, деганлар. Биринчи ҳадис қасамнинг барча турларини инкор этувчига тайин қилди. Агар даъвогардан ҳам қасам қабул қилинадиган бўлса ёки ундан қасам сўралса, қасамнинг барча турлари инкор қилувчиларнинг зиммасида бўлмай қолади. Шунингдек, иккинчи ҳадис ҳам баййинанинг барча турларини даъвогарга, қасамнинг барча турларини эса инкор қилувчига тайин қилди. Шу билан бирга ушбу ҳадис тақсимот ва тарқатишни ўз ичига олган (яъни, баййина даъвогарнинг улуши қасам эса даъво қилинаётганнинг улуши эканини). Тақсимот эса икки хусуматчининг тақсимот воқеъ бўлган нарсалар борасида шерик бўлишини ман қилади. Учинчи ҳадис даъвогарга фақат икки иш ўртасида ихтиёр беради. Уларнинг бири – гувоҳлик, иккинчиси – гумондорнинг қасами. Икки муайян иш ўртасида ихтиёр бериш ундан ташқарига чиқишни ҳам, иккисининг ўртасини жамлашни ҳам ман қилади998.


992 Ибн Аббоснинг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гувоҳ билан бўлган қасам асосида ҳукм қилдилар” ҳадиси. Уни Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можалар “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам ва бир гувоҳ билан ҳукм қилдилар” лафзи билан ривоят қилганлар. Жамолиддин Зайлаъий. Насбур роя ли аҳодисил Ҳидоя. 4-ж. 96-б.

993 Ибн Рушд. Бидоятул мужтаҳид. 2-ж. 507-б. Ибн Фарҳун. Табсиратул ҳукком. 1-ж. 268-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 8-ж. 330-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш Шарҳил кабир. “Манор”. 1348 ҳ.й. 12- ж. 10, 13-б.

994 Бақара сураси, 282-оят.

995 Талоқ сураси, 2-б.

996 Икки ҳадиснинг тахрижи ўтди.

997 Икки шайх Ибн Масъуддан ривоят қилган. Муҳаммад Абдурроуф Муновий. Файзул Қодир шарҳул Жомеъис сағир. 4-ж. 153-б.

998 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 8-ж. 3923-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

714 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

750 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

826 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

886 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

595 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

631 21:50 24.05.2022
« Орқага