Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

672

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм 59-қисм 60-қисм 61-қисм 62-қисм 63-қисм 64-қисм 65-қисм 66-қисм 67-қисм 68-қисм 69-қисм 70-қисм 71-қисм 72-қисм)

Ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

35. Қарзни адо қилгандан кейинги ибро ҳам дуруст. Чунки адо қилиш билан қарзнинг асли эмас, балки унинг талаби соқит бўлади. Шунинг учун фақиҳлар “Иккита шахснинг бир-биридаги қарзи муқо́ сса тарзида йўлиқаверади”, деганлар. Бунга сабаб шуки, қарзлар ўзининг мисли билан адо қилинади (олинган нарсанинг айни ўзи эмас, унинг баробари қайтарилади). Натижада, уларнинг бир-биридан ҳақ талаб қилиши соқит бўлади. Мабодо, қарз қайтарилгандан сўнг ҳақдор уни ибро қилса ва бу соқит қилиш иброси бўлса, қарздор тўлаган нарсасини қайтариб олишга ҳақлидир. Агар ҳақдор, “Ҳақимни тўлиқ олдим, бошқа даъвоим йўқ”, деган маънода кечса, қарздор берганини қайтариб ололмайди. Албатта, бу ҳол ибронинг лафзига қараб аниқланади. Ибро умумий бир тарзда айтилган ўринда ундан кўзланган мақсад борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Мазҳабимиз фақиҳларидан Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳ: “Бундай тарздаги ибро ҳақни тўлиқ олиш маъносидаги иброга йўйилади”, деган таъкидни ихтиёр қилган. Сабаби у кишининг замонасида ибро бундан бошқача маънода тушунилмаган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ибро умумий тарзда айтилганда унинг маъносини белгилаш учун урфга мурожаат қилиш лозим экан. Масалан, бир киши хотинининг талоғини ўзидан маҳрни кечиб юборишига боғлиқ қилса ва хотинга маҳрини берса, ўша боғлиқ ўз кучида туради. Қачонки, хотин маҳридан соқит қилиш маъносида кечса, бу дуруст, орага талоқ тушади ва эр берган маҳрини қайтариб олади.

Шунингдек, бирорта инсон бошқа шахснинг қарзини ихтиёрий равишда тўлаб қўйса, кейин ҳақдор қаздордан қарзни соқит қилиш маъносида ибро қилса, у инсон ихтиёрий тўлаган нарсасини қайтиб олиши мумкин. Ҳанбалийлар фикрича, бундай ҳолатларда берилган нарса қайтариб олинмайди. “Агар зомин қарзни тўлаб қўйса ва ҳақдор уни қабул қилиб олгандан кейин ундан кечса, зомин қарздордан ҳеч нарса олмайди. Агар ҳақдор баъзисини ҳадя қилиб юборса, бунда икки хил ривоят мавжуд”, дейишади улар. Моликий ва шофеъийларнинг бу борадаги нуқтаи назарларини учратмадик.

Ҳақнинг вожиб бўлиши ёки унинг сабаби топилиши

36. Аслида, кечилаётган ҳақ тўлаш вожиб бўлгандан сўнг ибро амалга оширилиши лозим. Чунки у зиммадаги нарсани соқит қилишдир. Соқит қилиш эса соқит қилинаётган нарса зиммага тушгандан кейингина рўй беради. Лекин баъзан ибро ҳақ вожиб бўлишидан олдин ҳам амалга оширилади. Бу икки ҳолда рўй беради:

1. Вожибликни келтириб чиқарган сабаб пайдо бўлгандан кейин;

2. Ундан олдин. Барча фақиҳлар сабаб топилмасдан аввал ибро дуруст эмаслигига иттифоқ қилганлар.

Сабаб топилиши – ибронинг дурустлиги учун шарт. Бунга барча иттифоқ қилган. Чунки ҳақдорлик сабаби топилмаган нарса шундоқ ҳам бутунлай соқитдир. Амалда соқит бўлган нарсани яна соқит қилишнинг ҳеч қандай маъноси йўқ. Бундай нарсадан ибро қилиш – имконсиз. Бу эса лозим эмас, чунки у ваъдадир. Ваъдадан қайтиш ва ибро қилган нарсани талаб қилиш мумкин. Бу борада юқорида ҳам айтиб ўтилган эди.

37. Сабаб топилгандан кейинги ҳолатга келсак, амалда ҳақнинг ҳосил ва вожиб бўлиши шарт экани борасида баҳсли жиҳатлар мавжуд. Жумҳур (ҳанафий фақиҳларимиз, ҳанбалийлар ва зоҳирроқ қавлда шофеъийлар) уни шарт деб ҳисоблаганлар. Уларнинг фикрига кўра, гарчи сабаб топилса-да, вожибликдан олдин ибро дуруст эмас. “Эга бўлмаган ўринда талоқ ҳам, озод қилиш ҳам йўқ”, ҳадиси юқоридаги нуқтаи назарга далил сифатида олинган. Ибро ҳам шу иккисининг маъносидаги нарсадир. Улар наздида ҳали вожиб бўлмаган нарса соқитдир. Юқорида таъкидланганидек, қайта соқит қилишдан ҳеч бир маъно йўқ.

Бизнинг ҳанафий мазҳабимиздагилар бу ҳукмга хотиннинг нафақаси фарз қилинмасидан (яъни қози тарафидан миқдори белгилаб қўйилмасидан) олдин ундан ибро қилишни мисол қилиб, бунинг дуруст эмаслигини айтганлар. Чунки бу – вожибликдан олдинги ибродир. Ҳолбуки, мазкур ҳолатда хотинни уйда тутиб туриш сабаб сифатида юзага чиқмоқда. Бирор нарсани (зиммага) вожиб бўлмасдан олдин соқит қилиш эса дуруст эмас. Улар келтирган дақиқ мисоллардан яна бири “Ғасб” бобидаги ибро масаласидир. Ибро унга тааллуқли бўлган нарсанинг вожиблигига биноан, ғасбда икки ҳолат ўртасидаги ҳукмни ажратганлар. У қуйидагича: агар ғасб қилинган буюмнинг эгаси ғасб қилувчидан ҳақини кечса, у ўша буюмни қайтариш мажбуриятидан халос бўлади (яъни у буюм ғасб қилувчи ҳузурида вадиаъга айланади). Чунки бу ибро қайтариш мажбуриятига нисбатан воқеъ бўлган. Зеро, ғасбни ўша вақтнинг ўзидаёқ қайтариш вожибдир. Аммо ғасб қилувчи буюмга атайин талафот етказиб, нобуд этса ёки эгаси талаб қилганидан кейин қайтариб беришдан бош тортса, ибро ҳеч қандай кучга эга эмас. Натижада, ғасб қилувчи нобуд бўлган нарсанинг қийматини тўлайди. Буюм бор бўлиб турган вақтда эса қиймат вожиб бўлмагани сабабли ибронинг қийматга алоқаси бўлмайди.

Шунингдек, бизнинг ҳанафий мазҳабимиздагилар ўлим тўшагидаги кишининг қарзларини адо этишга кафил бўлиб, аммо уларни адо этмаган кишини назарда тутиб, ўша ўсал шахс томонидан қарзни тўлаб беришдан ибро қилиш ҳам дуруст эмаслигини очиқ айтганлар. Чунки бу ўриндаги кафолат ўлимдан кейин вожиб бўладиган нарсага нисбатандир. Ҳолбуки асл қарздорнинг қарзи ҳали кафил зиммасида вожиб бўлмади. Вожиб бўлмасидан олдин ибро қилиш эса дуруст эмас. Бу худди “Эртага мендан сотиб оладиган нарсангнинг пулини сендан ибро қилдим”, дейишга ўхшайди. Мазкур ҳолатда ҳам ибро дуруст эмас.

Шофеъийлар бу масалага – маҳр белгиланмай никоҳланган хотин маҳри белгиланиши ва жинсий алоқа бўлишидан олдин маҳрини ибро қилиши жоиз эмаслигини мисол қилганлар. Талоқ бўлмай туриб мутъани ибро қилиш ҳам шунга ўхшайди. Сабаби у ҳали вожиб бўлмаганди. Шофеъийлар умумий қоидадан истисно ҳолатда ҳали вожиб бўлмаган ҳақни кечиш жоиз бўладиган бир масалани келтирадилар. Масала қуйидагича: агар бир киши бошқанинг мулкидаги ерда эгасининг рухсатисиз қудуқ қазиб қўйса ва ер эгаси унинг ишини ибро қилса ёки қудуқ шу ҳолича қолишига рози бўлса, қудуқ ковлаган шахсни унда содир бўладиган ишларга жавобгарликдан қутқаради.

Сабабининг ўзи билан кифояланиш борасида моликийлар ихтилоф қилганлар. Гарчи ҳали ҳақ вожиб бўлмаса-да, кечилаётган нарса у туфайли ҳосил бўладиган воқеа ёки тасарруф сабабдир. Ҳаттоб раҳматуллоҳи алайҳ “Илтизомот”да бу хусусда атрофлича фикр билдирган ва вожиб бўлишидан олдин ҳақни соқит қилиш масаласи учун алоҳида бўлим ажратган. Мазкур бўлимда бу борадаги машҳур масалаларга тўхталиб ўтган ва бунда хилоф борлигига такрор-такрор ишора қилган ҳамда сабабнинг ўзи билан кифояланишни зоҳирроқ деб ҳисоблаган. Жумладан, у бундай дейди: “Агар хотин маҳр белгиланмаган никоҳда эри олдига кирмасидан ва маҳр миқдори белгилаб қўйилмасидан олдин маҳридан кечса, бу хусусда ибн Шос ва ибн Ҳожиб раҳматуллоҳи алайҳлар: “Ушбу масаланинг ҳукми “вожиб ҳосил бўлишидан олдин сабаби жорий бўлган нарсани ибро қилиш” қоидасидан келиб чиқади”, дейишади. (Сўнг Ҳаттоб ушбу масала борасида “вожиблик сабаби муқаддамлиги ёки вожиблик ҳосил бўлишининг муқаддамлиги” эътиборидан келиб чиқиб бир неча ибораларни зикр қилади) ва “Бу ҳақнинг сабаби топилганидан сўнг, ҳали вожиб бўлмасидан олдинги соқит қилишдир”, дейди”.

Ҳаттоб раҳматуллоҳи алайҳ хотиннинг унга эри томонидан бериладиган келажакдаги нафақани ибро қилиб юбориши масаласига ишора қилиб: “Унинг лозимлиги ҳақида икки қавл бор: вожибликнинг сабаби топилгани учун лозим ёки ҳали вожиб бўлмагани учун лозим эмас. Бу икки қавлни ибн Рошид Қафсий раҳматуллоҳи алайҳ айтган”, дейди. Сўнг қуйидагиларни зикр қилади: “Бундан – агар хотин келажакдаги нафақасини эрининг зиммасидан соқит қилса, кучлироқ қавлга кўра, мазкур кечиш эътиборга олиниши маълум бўлади”.

38. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари ва ҳанбалийлар ҳақнинг вожиб бўлишида кишининг ишончи эмас, балки ҳақиқий воқеълик эътиборли эканини айтадилар. Агар бирон киши зиммада ҳеч нарса йўқ деган ишончда ибро қилса, сўнг ибро қилган кишисида ҳақи борлиги маълум бўлиб қолса, унинг иброси дуруст ҳисобланади. Сабаби ибро вожиб бўлган ҳаққа нисбатан содир бўлди. Бу борада моликийларнинг фикрларини учратмадик. Шунингдек, шофеъийларда ҳам бу масалада қайдлар топмадик. Аммо уларда “олдин эга бўлиш” шарти бўлимида ўтган, ибро – соқит қилиш эканига биноан воқеълик билан кифояланиш ёки мулк қилиб бериш эканига биноан у билан кифояланмаслик хусусида айтиб ўтилган баъзи мулоҳазалар бор.

Шунингдек, ҳанбалийлар ҳам дайннинг тўлаш муддати келмасидан олдин уни ибро қилиш дуруст эканини айтадилар. Бу бошқа уламоларнинг ибораларидан ҳам маълум бўлмоқда. Зеро, ибро вожиб бўлиш вақтига эмас, балки вожиб бўлган ҳаққа тегишлидир. Шунингдек, вақтининг келиши ва уни кечиктириб туриш иккита алоҳида сифатдир. Ибро сифатларга эмас, ҳақнинг вожиблигига тегишлидир. Моликийлар: “Ибро мутлақ талаб қилишнинг соқит бўлиши учундир. Гарчи ҳақни талаб қилиш вақти кечиктирилса-да, у вожиб ҳисобланаверади”, дейишади.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

265 22:05 24.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ўзини-ўзи талоқ қилиш ихтиёри берилган аёлнинг иттиҳодул мажлиси

542 22:05 23.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Эҳромда жимоъ фидясининг киришиб кетиши

757 22:05 22.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Эҳромда иттиҳодул мажлис бўла туриб қилинган жиноят фидясининг бир-бирига киришиб кетиши

501 22:05 21.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Никоҳ ақдида иттиҳодул мажлис

501 22:05 20.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: рибавий маҳсулотларда икки томондан қабз қилиш

491 22:05 19.01.2022
« Орқага