Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳайвондан бошқа нарсаларнинг ижараси

587

(170-қисм 171-қисм 172-қисм 172-қисм 173-қисм 174-қисм 175-қисм 176-қисм 177-қисм 178-қисм 179-қисм 180-қисм 181-қисм 182-қисм 183-қисм)

ЕТТИНЧИ ФАСЛ

Ижарага бериладиган нарсаларга кўра ижаранинг турлари

Биринчи қисм

Ҳайвондан бошқа нарсаларнинг ижараси

79. Қандай нарсаларнинг ижараси жоиз бўлиши борасидаги умумий қоида шуки, савдоси жоиз бўлган нарсанинг ижараси ҳам жоиз бўлади. Чунки ижара манфаатлар савдосидир. Фақат манфаатни тўла-тўкис олишда айн нарсани ишлатиб юбормаслик шарт қилинади. Бундан ташқари, савдоси жоиз бўлмаган баъзи нарсаларнинг ҳам ижараси жоиз бўлади. Бунга ҳур одамнинг, вақфнинг ва сотиш жоиз эмас, деганлар наздида Мусҳафнинг ижараси кабилар мисол бўлади. Яна шунингдек, урфга кўра манфаат ўз зотида мақсад қилинган бўлиши шарт қилинади. Баъзи ижара кўринишлари борасидаги имомлар ўртасидаги ихтилофлар урфнинг турли-туманлигидан келиб чиққан1192.

Биринчи мавзу

Ерларнинг ижараси

80. Умуман олганда, ернинг ижараси – жоиз. Шофеъийлар ижарага олишдан мақсадни баён қилиш билан ерни ижарага олиш жоиз бўлишини айтишган. Бунга сабаб мақсадлар турлича ва унинг таъсири ҳар хил бўлишидир. Ерни сув ёки ўтлоқ ёхуд экин ё шунга ўхшаш бошқа нарса билан бирга қўшиб ижарага олиш борасидаги ҳукмлар қуйида келади: А. Ернинг сув ёки ўтлоқ билан бирга ижараси

81. Мана шу ижара умумий тарзда иттифоқан жоиз. Лекин ҳанафий мазҳабимиз олимлари қамиш учун қамишзорларнинг, балиқ учун дарёларнинг ва ўтўлан учун ўтлоқларнинг айнан шундай мақсадлардаги ижарасини жоиз деб билмайдилар. Ижарачига фақат ер ижарага берилади. Сўнг эгаси ижарага олувчига ўт-ўландан фойдаланишни мубоҳ қилади. Бунга сабаб, ўт-ўландан фойдаланиш фақат унинг айнини, яъни ерни истифода қилиш билан бўлади (Бу эса жоиз эмас). Аммо ҳанафийлардан бошқаларда ерни ўт-ўлан билан бирга қилинган ақди жоиз бўлиб, ўт-ўлан тобеъ равишда унинг остига киради, дейишган.

Ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари ўртасида ёлғиз ўзи ёки одамлар ўтадиган йўлнинг ижараси борасида ихтилоф мавжуд. Икки имом наздида, бу жоиз бўлиб, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ эса жоиз кўрмаган1193.

Б. Экин экиладиган ерларнинг ижараси

82. Мазҳаб фақиҳлари ерни экин экиш учун бўлган ижарасини жоиз, дейдилар. Жумҳур фақиҳлар ерни тайин қилиш ва миқдорини баён қилиш вожиб эканини айтадилар. Ерларнинг ижараси фақат аниқ тарзда жоиз бўлиб, зиммада сифатланган кўринишда бўлмайди. Шофеъий ва ҳанбалийлар ерни билиш учун кўришни шарт қилганлар. Чунки манфаат миқдори ернинг ҳолати, жойлашган ўрни ва сувга яқинлиги каби жиҳатлар билан боғлиқ бўлади. Бу нарсалар эса сифатлаш билан эмас, уни кўриш билан билинади1194.

Моликийлар кўришни шарт қилмаганлар. Ернинг ижараси “Фалон ҳовуз бўйидаги еримдан икки фаддон (ўлчов бирлиги)ни ёки фалон еримдан юз зироъни ижарага бердим” дейиш билан ҳам жоиз бўлади. Мазкур ҳолатда ўша ажратилган миқдор томонини, масалан, денгиз тарафдан, деб тайин қилиши керак бўлади. Экин экиладиган ер унумдорлиги бир хил бўлса, қайси томон эканлигини тайин қилмаса ҳам жоиз.

Агар ернинг ижарага бериладиган томони тайин қилинмаса, аммо ер унумдорлиги фарқ қилса, бундай ҳолатда тайин қилиш билангина жоиз бўлади. Бироқ ердан шоеъ1195 миқдорни, яъни тўртдан бири ёки ярми деб ижарага берса, ўша қисм томонини тайин қилмаса ҳам жоиз бўлади1196.

Жумҳур уламолар ернинг ижарасида экин учун доимий оқар сув бўлишини, унинг тўхтаб қолиш хавфидан йироқлигини шарт қилганлар. Чунки ижара тўла манфаатланиш мумкин бўлган айн устида тузилади. Экин экиладиган ернинг ижараси, модомики, суғориш вақтида, одатда, суви тўхтаб қолмайдиган дарё, чашма, ҳовуз, қудуқ ёки ёмғир кифоя қиладиган ерда ёмғир орқали суғориладиган бўлса ёки экин томири орқали ер сатҳига яқин ердаги сувдан ича оладиган етарли ўсимлик бўлса, дуруст ҳисобланади. Шофеъий ва ҳанбалийлар очиқ-ойдин айтган фикр шудир. Бу ҳанафий мазҳабимизнинг ақд қилинган нарсадан фойдаланиш ҳақиқатан ва шаръан имконли бўлиши керак, деб қўйган шартига ҳам мувофиқ келади1197.

Аммо моликийлар ёмғир билан суғориладиган ерни экин экиш учун, агар пул шарт қилинмаса, гарчи узоқ йилга бўлса ҳам, ижараси жоиз, деганлар1198. Бу пул ихтиёрий равишда ҳам ақддан олдин ёки кейин ҳосил бўлишининг фарқи йўқ. Аммо ер одатда тўхтамайдиган ёмғир, суви тўсилмайдиган дарё ёки суви тугамайдиган булоқ орқали суғорилиши аниқ бўлса, узоқ муддатга бўлса-да, пул эвазига ижараси жоиз бўлади. Улар айтадилар: “Амалда суғорилиши ишончли ва ундан фойдаланиш имконли бўлган ерлардагина пул бериш вожиб саналади”.

Агар экин экиладиган ердан фойдаланиш эвазига ақд тузса, эваз сифатида бериладиган пулни шарт қилиш ва қилмаслик борасида сукут қилса ёки ақд пайтида пул бўлмаслигини шарт қилса, доимий дарё сувлари билан суғориладиган ва суғоришда дарёлардан фойдаланиш имкони бўлган ерларда ушбу ижара пул эвазига тузилган, деб ҳукм қилинади. Аммо ёмғир, булоқ ва қудуқ сувлари билан суғориладиган ерларда эса пул эвазига тузилган, деб ҳукм қилинмайди.

Лекин бунда шофеъий ва ҳанбалийлар сувнинг булоқ суви каби ишончли бўлишини шарт қилишган. Фақат экин ўсиб етилган ва сувдан беҳожат ҳолатни бундан истисно этишган1199.

Фақиҳлар ердан фойдаланишни мукаммал қиладиган суғориш ва йўлак каби нарсалар ижара матнида келтирилмаган бўлса-да, ўз-ўзидан ақдга тегишли эканига иттифоқ қилишган.


1192 Юқоридаги манбалар.

1193 Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 441-б. Аҳмад Совий Моликий. Аш-Шарҳус сағир ъала Ақробил масолик ила мазҳаби Имом Молик. 1372 ҳ.й. 4-ж. 20, 21-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 16-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 4-ж. 11-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396-б.

1194 Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 88-б.

1195 Шоеъ – аниқ ва муайян қисм эмас, балки тўртдан бири деганга ўхшаш умумий ўлчов.

1196 Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 46-б.

1197 Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 3-ж. 369-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 395-б. Шаҳобиддин Аҳмад Қалюбий ва Шаҳобиддин Аҳмад Умайра. Ҳавошил Қалюбий ва Умайра ъала Шарҳил Маҳаллий ъала Минҳажит толибин. 3-ж. 70-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 4-ж. 11-б. Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 187-б.

1198 Яъни ёмғир билан суғориладиган ерларда экинларни тўла суғориб олишга ишонч бўлмагани учун пулига келишмасдан бир неча йилга ижара тузса бўлади. Бу гапдан пулга келишса, ақд фосид бўлиши келиб чиқади.

1199 Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 4-ж. 11-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 345-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 5-ж. 318-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

714 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

750 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

826 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

886 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

594 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

631 21:50 24.05.2022
« Орқага