Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳовли ва бинолар ижараси

772

(180-қисм 181-қисм 182-қисм 183-қисм 184-қисм 185-қисм 186-қисм 187-қисм 188-қисм 189-қисм)

Иккинчи мавзу

Ҳовли ва бинолар ижараси

Булардаги манфаат нима билан тайин қилинади?

92. Ижарага олинган ҳовлини тайин қилиш зарур эканлигига мазҳаб имомлари ўртасида ихтилоф йўқ. Агар ҳовлининг ижарачи кўрган пайтдаги аввалги ҳолати яшашга яроқсиз даражада ўзгарган бўлса, хиёри айб юзага келади. Агар сифатлари аниқ айтилган ҳовли ижарага олинса, ақддан олдин ёки ақд вақтида ижарачи уни кўрмаган бўлса, унда хиёри ру’я (кўргандан кейин ихтиёр қилиш) ҳақи собит бўлади. Бу (савдо ва ижара каби масалаларда) хиёри ру’я бор деганлар наздидадир1219.

Ҳовлилар ижарасида ҳовлилардан фойдаланиш юзасидан одатда низо келиб чиқмайди. Демак, ҳовли ёки дўконни қандай мақсадда ижарага олаётганини айтмасдан ақд тузиш тўғри бўлаверади. Чунки ҳовлилар, одатда, яшаш учун, дўконлар эса тижорат ёки ҳунармандлик ишлари учун ижарага олинади. Яна шу билан бирга, қандай фойдаланиш борасида урфга қаралади. Аслида истиқомат масаласида фарқ оз бўлгани боис ақд тузиш чоғи шартларни аниқ қилиб белгилаб олишга эҳтиёж йўқ1220.

93. Агар ижарага берувчи ижарачига у билан бошқа биров турмаслигини шарт қилган бўлса, ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари: “Бундай шарт бекор, тузилган ақд эса тўғри ҳисобланади. Ижарачи ўзи билан бошқани яшатиши мумкин”, деганлар.

Моликийлар билан ҳанбалийлар шартни эътиборга олишган. Яъни ижарачи ўзи билан бошқани яшатиши мумкин эмас. Албатта, бу ерда ҳам жорий урфга қаралади. Шофеъийлар шарт ҳам, ақд ҳам бекор бўлади, деганлар. Чунки бу шарт ақд тақозо қилмайдиган шартдир. Унда ижарага берувчининг манфаати бор. Демак, шарт фосид бўлади. Фосид шарт билан эса ақд бузилади1221

Агар шу ўринда бирор шарт бўлмаса, биринчидан, зарар йўқлиги ва иккинчидан, урф эътиборга олинади.

Ижарачи ҳовли ва дўкондан урф доирасида ўзи хоҳлагандек ёки бошқа орқали фойдаланиши мумкин. Фақат бошқа орқали фойдаланганда иш зарар етказадиган даражада кўпайиб кетмаслиги керак. Ижарачи ҳовли ёки дўконда темирчилик, бўёқчилик каби бинони эскиртирадиган ишларни қилиши мумкин бўлмайди.

Ҳовли ва дўконларнинг ижарасига уларга тегишли нарсалар ҳам киради, гарчи ақдда зикр қилинмаган бўлса-да. Чунки булардаги манфаат тегишли нарсалар билан рўёбга чиқади1222.

94. Ҳовлиларнинг ижарасида манфаатни баён қилиш фақат муддатни баён қилиш билан бўлади. Чунки ижарада номаълум жиҳат қанча туришдир. Буни эса муддатни баён қилмасдан аниқлаб бўлмайди. Жумҳур уламолар наздида, ижара муддатининг чегараси йўқ. Ижарада муддат қанча чўзилса ҳам бўлаверади. Бу барча аҳли илмларнинг сўзидир. Шофеъийлар наздидаги бир қавлда, ижара бир йилдан ортиққа жоиз эмас, дейилган. Бошқа яна бир қавлда эса ўттиз йилдан ортиққа жоиз бўлмайди, деб айтилган. Моликийлар фикрича, тўловнинг нақд ёки насиялигидан қатъи назар, ижара муддати чекланмайди1223.

Муддат ақдда тайин қилинган вақтдан бошланади. Агар тайин қилинмаган бўлса, ақд тузилган санадан кучга киради1224. Моликийлар айтади: “Ҳовлини ижарага олган киши, масалан, бу ерда бир ой ёки икки йил яшайман деб, муддат бошланишини баён қилмаслик жоиз”. Бунда ақд вақтидан бошлаб важийба1225 ёки ойма-ой туришга ҳамл қилинади. Агар ақд ой давомида воқеъ бўлса, ақд тузилган кундан бошлаб ўттиз кун ҳисобланади1226.

Шофеъийлар айтади: “Муддатнинг бошланиши ва охири маълум бўлсагина, ҳовлиларнинг ижараси жоиз”. Агар: “Сенга ушбу ҳовлини бир ойга ижарага бердим”, деб ойни аниқ белгиламаса, дуруст бўлмайди. Чунки у тайинлаш шарт бўлган ақдда ойни тайин қилмади. Бу худди “Сенга ҳовлини сотдим”, деган сўзга ўхшаб қолади1227.

95. Агар ижара муддатли бўлса, муддат маълум бўлиши вожиб. Муддат ақддан кейиноқ кучга кириши шарт қилинмайди. Бу Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг икки қавлидан бирига хилоф келади1228. Агар: “Сенга ҳовлимни ҳар ойга бир дирҳам эвазига ижарага бердим”, деса, жумҳур уламолар ушбу ақдни саҳиҳ деганлар. Ижара биринчи ойда ақднинг мутлақ айтилгани билан лозим бўлади. Чунки биринчи ой ақд сабабли маълум бўлди. Кейинги ойлардаги ақд киришиш, яъни ҳовлида яшаш билан лозим бўлиб кетади. Чунки у ақд пайтида номаълум эди. Ақд қилинган нарсага киришиш билан қолган ойларнинг ҳам ақдга киргани тайин топади ва биринчи ақд билан саҳиҳ бўлади. Агар ақд қилинган нарсага киришилмаса ёки биринчи ой тугаши билан ақдни бузса, бу ақд бекор бўлади.

Шофеъийлар наздидаги саҳиҳ қавлга кўра, бундай ижара дуруст ҳисобланмайди. Ҳанбалий уламоларнинг баъзилари ҳам ушбу фикрга қўшилганлар. Чунки “Кулл – ҳар бир” калимаси саноқ учун исмдир. Агар уни аниқ белгиламаса, ноаниқ саноқ сифатини олади. Агар: “Сенга ҳовлимни ҳар ойга бир дирҳам эвазига, йигирма ойга ижарага бердим”, деса, жоиздир. Бу борада ихтилоф йўқ. Чунки муддат маълум ва унинг ҳаққи ҳам маълум. Шофеъийлар наздидаги бошқа бир қавлда маълум бўлган биринчи ойда ижара дуруст, қолган номаълум ойларда ботил саналади1229.

Агар: “Сенга ҳовлимни бир дирҳам эвазига бир ойга ижарага бердим. Зиёдаси шу ҳисобга кўра бўлади” деса, ақд биринчи ойда дуруст бўлади. Чунки уни алоҳида зикр қилди. Зиёдаси ботил ҳисобланади. Сабаби у – номаълум. Киришилган ҳар бир ойда дуруст бўлиб кетиши эҳтимоли ҳам бор.

96. Агар ижара муддати йил билан белгиланиб, қанақа йилга кўра эканини баён қилишмаса, ҳилолий (ой бўйича ҳисобланадиган) санага ҳамл қилинади. Чунки шариатда одат бўлгани ҳилолий йилдир. Агар ойнинг аввалида ҳилолий бир йилга ижарага олишса, ўн икки ой ҳилоллар билан ҳисобланади. Сўнг ҳисобга етмай қолганлари ўттиз кун қилиб тўлдирилади. Бу фикр Абу Ҳанифа, Шофеъий ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳлардан ривоят қилинган. Улардан яна бошқа ривоятда барчасида саноқлар билан тўлдирилади, дейилган1230.

Агар ҳовлини шамсий ёки румий ёки қибтий ҳисоб бўйича бир йилга ижарага олса, Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳдан бўлган бир ривоятга кўра, саҳиҳ бўлади. Чунки бунда муддат маълум. Имом Аҳмад, агар икки ақдлашувчи ушбу йилларнинг кунларини билса, саҳиҳ бўлади, деган. Имом Шофеъийдан бўлган бошқа бир ривоятга кўра, ақд саҳиҳ бўлмайди. Зеро, шамсий йилда кунлари ўзгартирилган ойлар бор. Икки ақдлашувчи ушбу йилларнинг кунларини билмаган ҳолатда имом Аҳмаднинг мазҳаблари ҳам юқоридаги фикрни маъқуллайди.

Агар ийд-байрамгача деб ижарага берса, Рамазон ёки Қурбон ийдими, биринчи келадигани тушунилади. Агар ижара ақдини кофирларнинг байрамидан бирор байрамга боғласа, икки ақдлашувчи уни билса, саҳиҳ бўлади1231.

97. Ижара ақдидаги ҳақ борасида агар “ҳовлини ўн дирҳам эвазига бир йилга ижарага бердим”, деса ва ҳар бир ойнинг улушини баён қилмаса ҳам жоиз ҳисобланади. Чунки муддат маълум. Бу худди бир ойга берилган ижара ақдидек бўлади. Лекин важиба бўлишида моликийларнинг икки хил таъвиллари бор: биринчиси – ушбу ақд бир йил ни эҳтимол қилгани учун важийба бўлиб, гўё ақдда “ушбу йилда” дегандек бўлади. Бу ибн Лубоба ва кўпчиликнинг таъвили бўлиб, “Мудаввана” асаридаги зоҳир қавл ҳам шудир; иккинчиси – ҳар йилни эҳтимол қилгани учун важийба бўлмайди. Бу Абу Муҳаммад Солиҳнинг таъвилидир1232.

98. Агар зиммий одам мусулмондан ҳовлини каниса ёки хамр сотадиган дўкон қиламан, деб ижарага олса, жумҳур уламолар (Моликий, Шофеъий, Ҳанбалий ва Абу Ҳанифанинг асҳоблари) ижара фосид бўлади, деганлар. Чунки ижара гуноҳ устига тузиляпти. Аммо Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари ижара жоиз деган сўзни айтган. Чунки ақд мутлақ тарзда уйнинг манфаатига тузиляпти. Ижарачига айни ўша гуноҳ учун ижарага олиши тайин топмайди. Буни асослашда бироз мулоҳаза бор.

Аммо зиммий ҳовлини, масалан, яшаш учун ижарага олса, сўнг уни каниса ёки умумий ибодатгоҳ қилса, ижара ақди боғланади. Бу борада ихтилоф йўқ. Ер эгаси ва ҳамма мусулмонлар охиратдаги савоб умиди юзасидан, уни бу ишидан тўсиши мумкин. Бу худди ўз ерида зиммий мазкур нарсаларни пайдо қилишидан тўсишига ўхшайди1233.


1219 Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 429-б.

1220 Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 52-б.

1221 Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 429-б. Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 5-ж. 17-б. Ибн Ҳумом Ҳанафий. Фатҳулқодир. 7-ж. 165, 166-б. Имом Молик. Ал-Мудавванатул кубро. 11-ж. 157-б. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Хараший. Шарҳул Хараший ъала Мухтарасил Халил. 7-ж. 50-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 5-ж. 277, 278 ва 303-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 3-ж. 458-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш Шарҳил кабир. “Манор”. 1348 ҳ.й. 6-ж. 51, 52-б.

1222 Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 470-б. Абдулҳаким Афғоний. Кашфул ҳақоиқ шарҳи Канзид дақоиқ. 2-ж. 34, 35-б. Усмон ибн Али Зайлаъий Ҳанафий. Табйинул ҳақоиқ шарҳу Канзид дақоиқ. 5-ж. 113, 114-б. Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 182-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 44-б. Иброҳим ибн Али Абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 51, 53-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 3-ж. 458-б. 

1223 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 181-б. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Хараший. Шарҳул Хараший ъала Мухтарасил Халил. 7-ж. 11-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396, 400-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 7-б.

1224 Мажаллатул аҳкамул адлия. 485, 486-моддалар.

1225 Янгиланмайдиган ақднинг ўзи билан тайин қилинган муддат.

1226 Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 40-б. 

1227 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396, 400-б.

1228 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 6-б.

1229 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 18, 19-б.

1230 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 20-б.

1231 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 6-б.

1232 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 187-б. Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 329-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 45-б.

1233 Абдулҳаким Афғоний. Кашфул ҳақоиқ шарҳи Канзид дақоиқ. 1-ж. 396-б. Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 176, 189-б. Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 6-ж. 34-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 136-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 3-ж. 463-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

714 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

750 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

826 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

886 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

595 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

631 21:50 24.05.2022
« Орқага