Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳуқуқларнинг иброси

1030

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм 59-қисм 60-қисм 61-қисм 62-қисм 63-қисм 64-қисм 65-қисм 66-қисм 67-қисм 68-қисм 69-қисм 70-қисм 71-қисм 72-қисм 73-қисм)

Ҳуқуқларнинг иброси

42. Ҳуқуқлар қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Соф Аллоҳ таолонинг ҳақи.
  2. Фақатгина банданинг ҳақи.
  3. Аллоҳнинг ва бандасининг жамланган ҳақлари. Аммо бунда бирининг ҳақи устун бўлади.

Уларнинг ҳаммаси яна икки турга бўлинади:

1. Кафолатга ўхшаган молиявий ҳақлар. 

2. Қазф ҳадди каби молиявий бўлмаган ҳақлар. Ибронинг мавзуси (предмети) унинг лафзларига қараб айнан бир ҳақ ёки барча ҳақлар бўлиши мумкин. Мисол учун: бир киши “Фалончи ҳузурида мен учун ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ йўқ”, деса ёки шу каби урфда барча ҳуқуқларни қамраб оладиган сўзни айтса, ҳанафий мазҳабимиз ва моликийлар наздидаги кучли ва очиқ фикрга кўра, урф эътиборга олинади ҳамда луғавий асосидан қатъи назар далолати турлича бўлган лафзлар ҳам фарқланмайди. Масалан, юқорида “ҳузурида” ва “бирга” сўзлари омонат учун, “устида” деган сўз қарз учун деб айтилган. Бу ҳақда олдинроқ ҳам айтиб ўтилди.

Моликийлар “молиявий ҳуқуқлар” тушунчасини жуда кенг олганлар. Ҳатто дайнлар, қарз, қироз, омонатлар, гаровлар ва меросларни ҳам унинг ичига киритиб юборганлар. Шунингдек, талафот етказиш сабабидан келиб чиққан молиявий тўловни ҳам “молиявий ҳуқуқлар” остига киритганлар. Бу истилоҳий бир ёндашув бўлиб, моликийларгагина хос эмас. Ҳанафий фақиҳларимиз ҳам “Фалончининг ҳузурида менинг ҳақим йўқ” деганда, бу сўз айн, қарз, кафолат ва жиноятларни ҳам ўз ичига олишини айтганлар.

Фақиҳлар кафолат ва ҳавола каби фақат банданинг хос ҳақи бўлган нарсалардан ибро этиш дуруст эканига иттифоқ қилишган. Аммо зинонинг ҳади каби соф Аллоҳнинг ҳақидан ибро қилиш дуруст эмас. Талаб қилингандан кейинги қазф ҳади ва ҳокимга шикоят қилингандан кейинги ўғирлик жазосини ибро қилишнинг ҳукми ҳам шундай. (Чунки мазкур ишлар талаб қилинмасдан олдин банданинг ҳақи эди. Талаб қилингандан сўнг эса, шариатнинг ҳақига айланади). Ҳад белгиланмаган туҳматларнинг жазосига ўхшаган банданинг ҳақи устунроқ бўлган ҳуқуқларга келсак, уларни кечиб юбориш дуруст. Бу борада турли тафсилот ва хилофлар мавжуд бўлиб, улар ўз бобларида баён этилади.

Даъво ҳақидан кечиш

43. Даъводан кечиш гоҳида умумий тарзда бўлса, гоҳида хос равишда бўлади. Шунингдек, у мустақил ёки бошқа нарсага тобеъ тарзда содир этилиши мумкин. Бунинг баёни қуйидагича: Агар бир киши қайсидир шахсга нисбатан хусуматдаги ҳақини соқит қилса, бу – даъводан умумий ибро қилиш бўлади. Бу жоиз эмас. Чунки бу – бор нарсани ҳам, ҳали вужудга келмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Вожиблик сабаби топилмаган нарсадан кечиш эса, уламолар иттифоқига кўра, ботилдир.

Ўзи ва бошқа бир шахс ўртасидаги ибро кунигача бўлган барча даъволардан кечиш – нисбий жиҳатдан умумий ибро ҳисобланади. Бу ибро дуруст. Бундай ибродан кейин унинг ибро кунидан олдинги ҳақларга нисбатан бўлган даъвосига қулоқ тутилмайди.

Хос тарздаги ибро – муайян бир нарсанинг даъвосидан кечишдир. Бу уламолар иттифоқига кўра дуруст. Шундан кейин унинг кечилган нарсага нисбатан қилган даъвоси қабул қилинмайди.

Шурунбулолий раҳматуллоҳи алайҳнинг таҳқиқларига кўра, умумий тарзда бир нарсанинг даъвосидан ибро қилишда хабар ва иншо ўртасида фарқ йўқ. Бу ҳукм барча даъволардан иншо шаклида ибро қилишни ботил ҳисоблаган ҳамда хабар шаклидаги ёки хос тарздаги даъводан ибро қилишларнигина дуруст деб билганларнинг фикрига хилофдир.

Бу аслий даъвога оид ҳукмлар эди. Аммо бошқасига тобеъ шаклда даъводан ибро қилишга келсак, бу айн (тайин мол)дан ибро қилиш мазмунидаги ишдир. Зеро, бу кечилаётган айнни тўлатиш ёки уни даъво қилишдан воз кечиш маъносидадир. Чунки айн (тайин мол)нинг айнан ўзини кечиб юбориш ботил. Юқорида айтилганидек, айн бароат ила сифатланмайди.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳодга лаёқат

137 21:50 22.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: ИЖТИҲА́ ДУН – ижтиҳод

340 21:50 21.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Шахслар томонидан  мажбурлаш

414 21:50 20.05.2022

Қимор аҳкомлари

375 17:45 20.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ҳокимнинг мажбурлаши

315 21:50 19.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Шариат ҳукми билан мажбурлаш

404 21:50 18.05.2022
« Орқага