Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибдол – алмаштириш таърифи

636

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм 59-қисм 60-қисм)

[ИБДА́ЛУН] Ибдол – алмаштириш таърифи

1. Ибдол сўзи луғатда алмаштириш маъносини билдиради. Яъни бир нарсанинг ўрнига бошқасини қўйишдир. “Истиб дол” ҳам шунга ўхшайди. إستبدال [Истибда́ лун] – “ўзгартириш” сўзи билан “ибдол” сўзининг маъноси бир хил бўлиб, луғатшунослар наздида, икки лафзнинг ўртасида маънода фарқ йўқ. Фақиҳлар ҳам мазкур лафзларнинг бирини иккинчисининг ўрнига ишлатаверадилар.

Ижмолий ҳукми

2. Ибдол ҳам, истибдол ҳам тасарруф турларидан ҳисобланади. Аслида тасарруф жоиздир. Шарти шуки, тасарруфга лаёқатли киши тарафидан ва тасарруфи жоиз бўлган ўринда амалга оширилсин. Шариатга мухолиф тасарруф бўлмасин. Баъзида мазкур ҳукмга нисбатан фавқулодда ўзгаришлар бўлиб, фақиҳлар бунинг жоизлиги, тақиқланганлиги ёки вожиблиги ўртасида ихтилоф қилишларига олиб келади. Бунга мисол тарзида закот, каффорат каби шаръий ҳақ-ҳуқуқларга алоқадор ихтилофлар­­ни келтириш мумкин. Жумҳур фақиҳлар кўпинча закот ва каффорат бобида берилиши вожиб бўлган нарсани унинг қийматига алмаштиришни тақиқлаганлар. Чунки бу ўринларда ҳақ Аллоҳ таолоникидир. Аллоҳ таоло адо қилишни ўша нарсаларга мавқуф қилиб, мазкур ҳақни нассда келтирган. Шунинг учун уни бошқасига алмаштириш жоиз эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари эса, мазкур икки ҳолат (закот ва каффорат)да ҳам берилиши вожиб бўлган нарса ўрнига унинг қийматини тўлашга ижозат берганлар. Чунки улар наздида вужуб (ҳукми) молнинг маъноси (яъни, ҳақиқати)га тегишли ва у маъно қиймат ва мол эканликдан иборат.

3. Савдога ўхшаш маҳсулот айирбошлаш ақдларида эса, фақиҳлар маҳсулот пулини алмаштириш борасида ихтилоф қилганлар. Бизнинг мазҳабимиз қабз (қабул қилиб олиш)дан олдин пулни алмаштиришга ижозат берадилар. Чунки пуллар тайин қилиш ила тайин топмайди. Ундан ташқари мазкур пулҳалокатга учраган тақдирда савдо ақди бекор қилинмайди. Бунга далил ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис: “Бақиъда туяларни дирҳамларга сотар эдик. Кейин дирҳамлар ўрнига динор олар эдик. Баъзан динорларга сотиб, ўрнига дирҳам олар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳақда сўрадик. У Зот: “Ўрталарингизда ҳеч нарса йўқ ҳолда тарқалсангиз (яъни бир тараф талаб қилаётган нарсаси бошқа тарафнинг зиммасида қолиб кетмаган бўлса), зарари йўқ”, дедилар”. Ҳадисдан мурод дирҳам ёки динор нақд бўлсин, қарз муомаласи бўлмасин, деганидир.

Шофеъийлар ва мазҳабимиз фақиҳларидан имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар берилаётган қиймат пул бўлсин ёки бошқа нарса, тайин қилинган бўлса, уни қабул қилмасдан олдин унда тасарруф этиб бўлмайди”, деганлар. Борди-ю, у зиммада, яъни насия бўлса, қабул қилишдан илгари уни алмаштириш мумкин. Улар ҳам юқоридаги ҳадисни далил сифатида келтирадилар ва бунда “Тайин этилмаган, балки зиммада собит нарх ҳақида сўз кетмоқда”, дейишади. Ҳанбалий ва моликийлар фикри ҳам шунга яқин.

Сотилган маҳсулотни алиштириш масаласига келсак, бизнинг ҳанафий мазҳабимиз наздида, кўчар мулк (маҳсулот)ларни қабул қилиб олишдан аввал алиштириш жоиз эмас. Кўчмас мулклар борасида эса ихтилофлар мавжуд. Шофеъийлар наздида, маҳсулот ва тайин қилинган пулни қабул қилинишидан олдин алиштириб бўлмайди. Ҳанбалийлар наздида эса, қабул қилишга эҳтиёж бўлмаган нарсаларда қабул қилишдан олдин тасарруф жоиз. Аммо қабул қилиб олиниши зарур нарсаларни эса қабул қилишдан олдин ибдол қилиш жоиз эмас. Моликийларда эса, сотилган маҳсулотни қабул қилишдан аввал тасарруф қилишга ижозат беришади. Бу ҳукмдан фақат айирбошлаш йўли билан олинган таомлар мустасно.

Юқорида айтиб ўтилган барча гаплар салам, сарф ва риболи моллардан бошқаларига тегишлидир. Буларда эса ибдол жоиз эмас.

Ибдол баъзида вожиб бўлади. Мисол учун ижарага олинган улов айбли чиқса ёки бировники экани маълум бўлса, ижара бекор қилинмайди. Балки ижарага берувчи мазкур уловни бошқасига алмаштириб бериши лозимдир.

Баъзан вақфдаги каби ибдолнинг ўзига хос ҳолатлари ва шартлари ҳам бўлади.

Вақф қилувчилар ўз вақфномаларида қайд қилиб ўтадиган ўнта шартнинг бири ҳам айнан шудир. Вақф қилувчилар ибдол сўзини истибдол сўзи билан бирлаштириб юборганлар. Натижада, ҳужжатни тасдиқловчи ходимлар ҳам мазкур икки сўзни алоҳида маънолар билан қайд қилишга мажбур бўлганлар. Натижада, ибдол сўзини вақф қилинган нарсанинг (айнини, масалан, жой ёки заминни) бошқа бир нарса (масалан, жой ёки замин)га алмаштириш маъносида, истибдол сўзини эса вақф қилинган нарсани нақд (пул – тилла, кумуш) кабиларга сотишга нисбатан истеъмол қиладилар.

Ўрганиладиган ўринлари

4. Фақиҳлар наздидаги ибдол ва истибдол сўзларига боғлиқ ҳукмлар турли ўринларда, турли масалалар борасида келади. Уларда ҳар бир масаланинг жоиз, ман бўлиш ва ийжоб жиҳатлари батафсил ёритилган. Закот, қурбонлик, каффорат, бай, шуфъа, ижара, вақф ва бошқа масалалар шулар жумласидандир.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

449 22:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

553 22:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

562 22:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

552 22:05 02.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари

627 22:05 01.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Икки маънодан бирининг устун келиши ёки уларнинг баробарлиги

608 22:05 30.11.2021
« Орқага