Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибоҳатнинг натижалари

1317

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм, 15-қисм16-қисм17-қисм18-қисм19-қисм20-қисм21-қисм22-қисм23-қисм24-қисм25-қисм26-қисм27-қисм28-қисм29-қисм30-қисм31-қисм32-қисм33-қисм34-қисм35-қисм36-қисм37-қисм38-қисм39-қисм40-қисм41-қисм 42-қисм 43-қисм 44-қисм 45-қисм 46-қисм 47-қисм 48-қисм 49-қисм 50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм)

Ибоҳатнинг натижалари

24. Ибоҳат ортидан қуйидаги натижалар келиб чиқади:

а) гуноҳ ва ҳараж (танглик, малоллик)нинг кўтарилиши: Чунки ибоҳатнинг таърифи мубоҳ ишни амалга оширишдан гуноҳ келиб чиқмаслигига далолат қилади.

б) айннинг ўзига эгалик қилиш имкони ва манфаатини хослаш: Ибоҳат – мубоҳ бўлган нарсанинг айнига эга бўлиш йўли ҳисобланади. Бу айнга нисбатан айтилган ҳукмдир. Аммо ибоҳатнинг мубоҳ қилинган манфаатларга нисбатан таъсирига келсак, у ана шу мубоҳ нарсадан фойдаланишни хослашдир. Турли мазҳаб фақиҳларининг фикрлари қуйидаги масалада ўзаро мувофиқдир: масалан, изн берилган шахслар маросимда қўйилган таомни тановул қилишдан бошқасига эга эмаслар. Маросим эгаси изн бериши ёки урф ва аломатлар далолат қилган ҳолатлар бундан мустасно. Шу жиҳати билан ибоҳат ҳадя ва садақадан фарқланади. Чунки бу иккисида мулк қилиб бериш маъноси мавжуд. Шунингдек, ибоҳат васиятдан ҳам фарқ қилади. Зеро, васият инсоннинг вафотидан кейинги ҳолатга боғлиқ. Бундан ташқари, васиятда баъзан ҳақдорлар (қарз берганлар) ва меросхўрларнинг изни ҳам бўлиши талаб этилади. Шунингдек, васиятда ўзига хос иборалар қўлланилади”.

25. Мана шу фойдалар бандалар томонидан буюм-нарсаларга рухсат берганда ҳосил бўлган ибоҳатнинг фойдаларидир. Аммо буюм, нарсага эмас, балки манфаатлардан фойдаланишга рухсат берилганда ҳосил бўладиган фойдалар эса, собиқ айтиб ўтилганидек, фақатгина рухсат берилган нарсанинг манфаатидан фойдаланиш ҳалол эканини ифода қилади, холос. Хуллас бир нарсадан фойдаланиш ҳуқуқининг ёлғиз ўзи ундан муайян бир шахснинг фойдаланишига рухсат берилганини ифода қилади.

У манфаъатга эгалик қилиш имконини бермайди. Манфаъатга эгалик қилиш ҳуқуқи эса (масалан, ижарага ёки ориятга олинган нарсалар каби) ижарага олинган нарсанинг манфаатларини ижарага олувчига хослаш билан бир қаторда бошқаларни ундан тўсади ҳам. Демак, манфаъатга эгалик қилиш ҳуқуқи (фойдаланиш ҳуқуқидан кўра) устунроқ ва қамровлироқдир. Чунки манфаъатга эгалик қилиш ҳуқуқида ундан (масалан, ижарага олувчининг) ўзи фойдаланиш ҳаққи ва қўшимча имкониятлар мавжуд. Манфаатга эгалик қилиш натижалари ҳақида юқорида айтиб ўтилди. Ибоҳат ва зоминлик

26. Умуман олганда, ибоҳат зоминликка зид келмайди. Зеро, зарар ва гуноҳ кўтарилган бўлса-да, Аллоҳ таолонинг ибоҳати билан бирга зоминлик ҳам бўлади. Масалан, фойдаланишни мубоҳ қилиш мубоҳ этилган айнни хароб қилиш ва унга зарар беришдан сақланишни тақозо этади. Агар унга зарар етказилса, зоминлик лозим бўлади. Айнларнинг ибоҳати ҳам киши бошқанинг таомини иложсиз олиш каби агар изнсиз бўлса, қийматига зомин бўлишни ман қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло бандага ўз мулкида эгалик қилиш ҳаққини берди. Шунинг учун бу мулк ўзидан бошқага унинг розилигисиз кўчмайди. Ибро ҳам фақат ўз ҳақини соқит қилиш йўли билангина дуруст ҳисобланади. Қарофий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Фуруқ” китобида ушбу масала борасида икки хил сўз келтирган:

биринчиси – “Тўламайди. Чунки таом эгаси таомини иложсиз инсонга бериши вожиб эди. Зиммада вожиб бўлган нарсага эса эваз олинмайди”;

иккинчиси – “Тўлаши вожиб. Мана шу гап машҳур ва тўғрироқдир. Чунки бу ҳолатда мулкдорнинг изни эмас, фақат шариат соҳибининг изни топилди, холос. Бу эса зоминлик соқит бўлишини келтириб чиқармайди. Бу ҳол гуноҳ ва азоб ила жазолашни нафий қилади, холос”. Бандаларнинг бир-бирига нис­­­батан амалга оширадиган ибоҳатларига келсак, у ҳақда батафсил маълумот айтиб ўтилди.

Ибоҳатнинг тугашига сабаб бўладиган нарсалар

27. Биринчидан. Аллоҳ таолонинг ибоҳати, айнан, У Зотнинг ибоҳати экани нуқтаи назаридан тугамайди. Чунки Аллоҳ таоло Тирик ва Боқийдир. Ваҳий эса тўхтаган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин ваҳий нозил бўлмайди. Шунинг учун бундай ибоҳатлар худди рухсатлардаги каби фақат унинг сабаблари тугаши билангина ниҳоясига етади. Масалан, Рамазон ойида сафар қилишга тўғри келса, рўза тутмай юришга рухсат – ибоҳат бўлади. Сафар тугаши билан рухсат ҳам ниҳоясига етади.

28. Иккинчидан. Бандаларнинг ибоҳати. Ибоҳат бир неча ишлар билан тугайди:

а) агар ибоҳат бирор муддат билан белгиланган бўлса, муддат тугаши боис у ҳам тугайди. Зеро, “Мўминлар шартларига вафо қилишлари лозимдир”. Агар шарт топилмаса, шарт қилинган нарса ҳам йўқдир;

б) изн берган шахс изнидан қайтиши билан. Зеро, изн бериш унинг зиммасидаги вожиблардан эмас. Демак, жумҳур уламолар айтганидек, у нафл ҳисобланади. Аммо иш – изнидан қайтишнинг ўзи билан тугамайди. Балки уни изн берилган шахс ҳам билиши лозим. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз қоидалари айнан шуни тақозо этади ва бу имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳам бир фикри ҳисобланади. Суютий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-ашбоҳ ван назоир”да имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг яна бир қавлини ҳам айтиб ўтган. Унга кўра, ибоҳат, гарчи изн берилган шахс хабардор бўлмаса-да, изн берувчи изнидан қайтиши билан якун топади;

в) ибоҳат изн берувчининг вафот этиши билан ҳам поёнига етади. Чунки изн ўлим сабабли ботил бўлади. Натижада, унга тааллуқли нарса ҳам якунига етган ҳисобланади;

г) изн берилган шахснинг вафоти сабабли ҳам ибоҳат якун топади. Чунки фойдаланиш ҳуқуқи унинг учун шахсий рухсат эди. Бу ҳуқуқ меросхўрларга ўтмайди. Аммо изн берувчи аввалдан буни кўзда тутган бўлса, бу мумкиндир.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

695 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

738 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

815 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

872 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

579 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

620 21:50 24.05.2022
« Орқага