Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Иброда таълиқ қилиш, қайдлаш ва изофа этиш

884

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм 59-қисм 60-қисм 61-қисм 62-қисм 63-қисм 64-қисм 65-қисм 66-қисм 67-қисм 68-қисм 69-қисм 70-қисм 71-қисм 72-қисм 73-қисм 74-қисм 75-қисм 76-қисм 77-қисм)

Иброда таълиқ қилиш, қайдлаш ва изофа этиш

47. Таълиқ – бир нарсанинг топилишини бошқа нарсанинг топилишига боғлаш экани маълум. У то шарт ҳосил бўлмагунча ҳукм юзага келишини ман қилади. Қайдлашга келсак, унинг ҳукм юзага келишга алоқаси йўқ. У аслий ақднинг натижаларини ўзгартириш, тўғирлаш учун ишлатилади. Уни “шартга яқинлаштириш” деб ҳам номланади. Изофага келсак, у ҳукмнинг бошланишини келажак замонга кечиктириш учун бўлади. Баъзи масалалар борки, бирбирига ўхшаса-да, аммо уларнинг ҳукми турлича бўлади. Бу нинг сабаби икки ҳолатда ҳам таълиқ ва қайдлашни “шартга таълиқ қилиш” деб номланишидир. У иккисининг бундай номланишига сабаб эса, иккисида ҳам шарт борлигидир.

а) Шартга таълиқ қилиш:

48. Агар ибро амалда бўладиган шартга таълиқ қилинса, у амалга оширилган ҳукмидадир. Борди-ю, у ўлимга таълиқ қилинса, ўлимдан кейинги нарсага изофа қилингандек бўлади. Бунинг ҳукми кейинроқ келади. Агар у мувофиқ бўлган шартга таълиқ қилса, масалан, “Агар сени зиммангда менга тегишли дайн бўлса” ёки “мен ўлсам, сен ундан халоссан” деса, уламолар иттифоқига кўра, бу – жоиз. Бунинг жоизлигига саҳоба Абу Юср розияллоҳу анҳунинг қарздорга қарата: “Агар тўлашга бир нарса топсанг, тўла. Бўлмаса, сен – ҳалолликдасан (яъни кечдим)” деган сўзлари ҳужжат сифатида келтирилади. Ибн Муфлиҳ раҳматуллоҳи алайҳ “Бу тўғри йўналишдир. Шайхимиз ҳам шуни ихтиёр этганлар”, деган. Иброни юқоридагилардан бош­­қачароқ шартларга таълиқ қи­лишга келсак, бундай ибро борасида фақиҳларнинг турли фикрлари мавжуд:

биринчи фикр – гарчи бу урфда жорий бўлса-да, у жоиз эмас. Бу ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари, шофеъийлар мазҳабидаги ва имом Аҳмаддан келтирилган аниқ бир ривоятдир. Чунки иброда мулк қилиб бериш маъноси ҳам мавжуд. Таълиқ эса мулк қилиб беришда эмас, соқит қилишларда жорий қилинган. Зеро, мулк қилиб беришни бирон шартга таълиқ қилиб бўлмайди;

иккинчи фикр – агар шарт кишилар ўртасида маълум бўлса, бунда таълиқ қилиш жоиз. Акс ҳолда жоиз бўлмайди. Бу баъзи ҳанафий фақиҳларимиз фикридир. учинчи фикр – таълиқнинг мут­лақ жоизлиги. Бу моликийларнинг мазҳаби ва Имом Аҳмад раҳмутуллоҳи алайҳдан келтирилган яна бир ривоятдир.

б) Шартга қайдлаш:

49. Ҳанафий уламоларимиздан Бобартий раҳматуллоҳи алайҳ бир қоида ишлаб чиққанки, унинг ёрдамида лафз ва маъно жиҳатидан шартга қайдлашни шартга таълиқ қилишдан ажратиш мумкин. Лафз жиҳатдан ажратишга келсак, шартга қайдлашда шарт сурати кўринмайди ва шарт сўзлари ҳам келмайди. Бунга мисол: “Шу ишни қилишинг эвазига сени қарздан халос қилдим”, дейишдир. Шартга таълиқ қилишда эса шарт аломатлари (сўзлари) ишлатилади. Масалан, “Агар шуни қилсанг, сен қарздан халоссан”, дейилади.

Маъно жиҳатдан фарқ шуки, шартга қайдлашда ҳукм шу заҳоти собит бўлади. Бироқ шарт топилмаса, у заволга кетади. Шартга таълиқ қилинганда эса, ҳукм шу заҳоти собит бўлмайди. У шарт топилсагина юзага келади. Косоний раҳматуллоҳи алайҳ иккаласи ўртасидаги фарқни қисқа сўз билан баён қилган: “Таълиқ бу – ақднинг таълиқидир. Қайдлаш эса фасхни шартга боғлашдир”.

Ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари, моликий, шофеъий ва ҳанбалийлар иброни шартга қайдлаш умумий тарзда дуруст эканини айтганлар. Ҳар бир мазҳаб ўзлари маъқул деб билган шартга ҳукм қилиш борасидаги тафсилотларга суяниб, шу қарорга келган. Бу борадаги муфассал маълумотлар “Шарт” бобида келади. 

в) изофа:

50. Ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари иброни (ўлимдан бошқа нарсага) изофа қилиш ботил эканини айтганлар. Бу борада мазкур вақт маълум бир соатга белгилашнинг аҳамияти йўқ. Ибро изофани қабул қилиши борасида бошқа мазҳабларда фикр учратмадик. Шу билан бирга фуқаҳоларнинг иборалари ибродаги асл ҳолат танжиз (яъни ҳеч нарсага боғламай тўғридан-тўғри амалга ошириш) эканлигини ифодалайди. Қўшимча равишда “Ибро – мулк қилиб беришни ўз ичига олган соқит қилишдир”, деган гапларидан иброни бирор нарсага изофа қилиш тақиқлангани маълум бўлмоқда. Зеро, мулк қилиб бериш маълум вақтга изофа қилинмайди. Иброни ўлимдан кейинги ҳолатга изофа қилиш дуруст экани борасида хилоф борлигидан хабаримиз йўқ. Чунки иброни ўлимдан кейинги ҳолатга изофа қилиш – иброга васият қилишдир.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

108 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

184 21:50 24.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳод даражалари

253 21:50 23.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳодга лаёқат

469 21:50 22.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: ИЖТИҲА́ ДУН – ижтиҳод

364 21:50 21.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Шахслар томонидан  мажбурлаш

434 21:50 20.05.2022
« Орқага