Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

873

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм 59-қисм 60-қисм 61-қисм 62-қисм 63-қисм 64-қисм 65-қисм 66-қисм 67-қисм 68-қисм 69-қисм 70-қисм 71-қисм 72-қисм 73-қисм 74-қисм)

Иброга вакил қилиш

28. Иброда вакил қилиш дуруст. Лекин унга махсус изн лозим. Қандайдир ақдга қилинган ваколат иброда етарли бўлмайди. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари салам савдоси хусусида қуйидаги масалани баён қиладилар: “Муслимнинг вакили унинг изнисиз муслами илайҳдан салам молини кечиб юборса, муслами илайҳ мажбуриятдан халос бўлмайди. Агар муслами илайҳ унга: “Сен вакил эмассан. Салам сеники. Мени ундан халос қилдинг”, деса, ушбу ибро зоҳиран дуруст бўлади ва бу билан муслимнинг ҳақи бекор бўлади. Зарарни бартараф қилиш учун вакил унга салам молининг қийматини тўлайди. Аммо саламдан эваз олиш бўлиб қолмаслиги учун салам молининг бадалини тўламайди”. Шунингдек, бизнинг ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари вакил ва васийнинг ақдлари билан вожиб бўладиган ва уларнинг ўзи зомин бўладиган иброни умумий ибролардан алоҳида ажратганлар. Уларнинг ақди билан вожиб бўлмайдиган ҳолатларда ибро дуруст бўлмайди. Масалан, вакил ибро изнига ҳам эга шахс бўлса ва у бошқасини иброга вакил қилса, ҳамда ўша одам вакилнинг ҳузурида ёки бошқа жойда иброни амалга оширса, уларнинг наздида бу жоиз бўлмайди.

Агар ҳақдор қарздорлардаги ҳақини ибро қилиш учун бир кишини вакил қилса ва вакил ҳам қарздорлардан бири бўлса, у ўзининг қарзини кеча олмайди. Чунки энг саҳиҳ фикрларнинг бирига кўра, мурожаат қилинган шахс – мурожаат қилувчининг буйруғидаги умумийлик остига кирмайди. Агар ҳақдор вакилга: “Хоҳласанг ўзингдан ҳам кеч”, деса, у ўзини қарздан халос қилиши жоиз. Бу худди қарздорни ўзидаги нарсани ибросига вакил қилгани сингаридир.

Ўлим тўшагидаги беморнинг иброси

29. Ибро инобатга олиниши учун уни амалга ошираётган киши ўлим тўшагида бўлмаслиги шарт. Бу масалада қарзи кечилаётган шахснинг ҳолатига қараб алоҳида ҳукмлар ҳам бўлади. Масалан, агар қарздор бегона бўлиб, қарз миқдори тариканинг учдан бир қисмидан кўпроқни ташкил этса, ўша кўпроқ қисмида ибро инобатга олиниши учун меросхўрларнинг ижозати шарт бўлади. Чунки мазкур ҳолатдаги ибро васият ҳукмига эга бўлган эҳсондир. Агар қарзи кечилаётган киши меросхўрлардан бири бўлса, гарчи қарз тариканинг учдан биридан кам бўлса ҳам, ибронинг ҳаммаси меросхўрларнинг изнига қараб туради. Агар ўлим тўшагидаги кишининг қарзи қолдирадиган тарикасидан кам ёки қарз миқдорида бўла туриб, ўзидан қарздорлардан бирининг қарзини кечса, у амалга оширилмайди. Чунки унинг қолдирадиган молини ҳақдорларнинг ҳақи қамраб олган. “Марозул мавт” бобида бу ҳақда атрофлича маълумотлар олишингиз мумкин. 

Қарзи кечилаётган шахс ва унинг шартлари

30. Фақиҳлар қарзи кечилаётган шахснинг маълум бўлиши шарт эканлигига иттифоқ қилганлар. Номаълум шахсдан ибро қилиш дуруст эмас.

Шунингдек, у муайян шахс бўлиши ҳам шарт. Шунинг учун ҳақдор иккиланган ҳолда қарздорларининг биридан кечса, бу ҳам дуруст эмас. Бунга баъзи ҳанбалийлар хилоф қилишган. Қарзи кечилаётган шахс етарли даражада аниқ бўлиши лозим. Барча қарздорларини қарздан халос эканлигига иқрор бўлиш фақатгина муайян бир қарздорни ёки аниқ шахсларни қасд қилган ҳолдагина дурустдир. Қарзи кечилаётган шахс қарзга иқрор бўлиши шарт эмас. Балки қарздорлигини инкор этаётган кишидан ҳам уни ибро қилиш дуруст. Ҳатто инкор қилувчи кимса қасам ичирилгандан кейин ҳам ундан қарзи ибро қилинса, бу дуруст бўлади. Ибро қабулга муҳтож бўлмагани учун кечувчи ҳам бу борада ўзи ибро қарорини бераверади. Бунда қарздор қарз эканини тасдиқлашига ҳожат йўқ.

Кечилаётган нарса (объект) ва унинг шартлари

31. Кечилаётган нарса ҳуқуқ, қарз ва ашёлар каби турли кўринишларга эга бўлади. Бу хусусда “ибронинг мавзуси” бўлимида сўз юритилади. Юқорида баёни ўтган ибро соқит қилишми, мулк қилиб беришми ёхуд у иккисидан бири ғолиб келганими, деган баҳсга биноан фақиҳлар мажҳул нарсани ибро қилиш борасида ихтилофга борадилар. Ушбу масалада мулк қилиб бериш маъносига қараганлар унинг маълум бўлишини шарт этадилар. Чунки мажҳул нарсани мулк қилиб бериш мумкин эмас. Иброда соқит қилиш маъносига қараганлар дуруст деган фикрдалар.

Биринчи қараш – жумҳур фақиҳлар (ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари, моликийлар ва шу билан бирга ҳанбалийлар наздидаги бир ривоят)нинг ҳукми бўлиб, мажҳул нарсани ибро қилиш дуруст. Балки моликийлар учала шахс – вакил қилувчи, вакил ҳамда қарздорнинг барчасига номаълум бўлган нарсани ҳам ибро қилиш дуруст эканини айтганлар. Чунки уларнинг айтишича, ибро – ҳадядир. Мажҳул нарсани ҳадя қилиш эса жоиз. Улар бунга ўзи ҳам, қарздор ҳам миқдорини билмаган ҳолда қарздорнинг зиммасини поклаган суратни мисол қиладилар. Жоизликка сабаб ўша соқит бўлган нарсани билмаслик низо келтириб чиқармаслигидир.

Иккинчи қараш ҳам шунга яқин бўлиб, бу ҳанбалийлардан яна бир ривоятдир. Бу қарашга кўра, билиш имконсиз бўлган ўринда мажҳул нарсанинг иброси дуруст. Агар билишнинг имкони бўлса, дуруст эмас. Улар: “Агар ибро қилишни сўраётган қарздор, ҳақдор билиб қолса, кечмай қўйишидан қўрқиб, қарз миқдорини ҳақдордан яширган бўлса, ушбу ҳолатда ибро дуруст бўлмайди”, дейишади.

Учинчи қараш – шофеъийларнинг йўли ва ҳанбалийлар наз­дидаги яна бир ривоятдир. Унга кўра, мажҳул нарсани кечиш мутлақо дуруст эмас. Шофеъийлар наздида бу борада жинси, миқдори ёки сифати мажҳул бўлишининг фарқи йўқдир. Унинг нақд ёки насиялиги, насия муддатининг номаълумлиги ҳам иброни ножоиз қилади. Шунингдек, улар хулуъ каби айирбошлаш сирасидаги иброларда икки тараф ҳам кечилаётган нарсани билиши шарт эканини айтадилар. Борди-ю ибро айирбошлаш бўлмаган ақдларда бўлса, кечувчининг ёлғиз ўзи билиши кифоя. Кечиб юборилаётган шахснинг билмаслиги ибронинг дуруст бўлишига таъсир қилмайди.

32. Баъзи шофеъийлар наздида мажҳуллик бу аниқлаш осон бўлмаган нарсалардир. Аниқлаш осон бўлган нарсалар эса, аксинчадир. Масалан, меросхўр мерос қолдирувчининг тарикасидаги ўз улушидан ибро қилиши. Гарчи у ўз улушининг миқдорини билмаса-да, тариканинг миқдоридан хабардор. Бу эса ўз улушини билиб олишни осонлаштиради. Улар бу масала билан мажҳул нарсага зоминлик орасини фарқлайдилар. Зеро, гарчи билиш имкони бўлса-да, мажҳул нарсага зоминлик дуруст эмас. Чунки зоминлик ҳақдор ҳақини сақлайди. Сабаби, зоминлик зиммага молни собит қилишдир. Иброда эса соқит қилиш маъноси устунроқ. Сир эмаски, масалани шу тақлид баён қилиниши ихтилоф ўрни эмас. Чунки мазкур ноаниқлик суратда холос.

Шофеъийлар “мажҳул нарсани ибро қилиш дуруст эмас”, деган қарашдан иккита кўринишни истисно қиладилар. Улар ноаниқ дияни кечиш ва ҳақи ундан камроқ эканини аниқ била туриб, бир миқдорни айтиб, кечиш. Бу – мажҳул нарсани ибро қилиш йўлидир. Яъни бунда ҳақдор ўзининг аниқ-маълум ҳақидан кўпроқ бўлган нарсани кечади. Рамлий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу икки кўринишга бир инсоннинг зиммасидаги нарсани ўлганидан кейин кечиш ҳолатини ҳам қўшган. Бунда кечилаётган миқдор ноаниқ бўлса ҳам дуруст бўлаверади. Чунки бу ибро васият ўрнида жорий бўлади.

Ноаниқ нарсани кечиш суратларидан яна бири – иккита қарздан биттасини кечиш ҳолатидир. Ҳанбалийлардан Ҳалвоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу дуруст бўлади ва иккита хотинидан бирини талоқ қилгандаги каби, аниқ бирини баён қилишга мажбур этилади”, дейди. Ибн Муфлиҳ раҳматуллоҳи алайҳ: “Мазҳабдаги саҳиҳ қавлга кўра, (ибро амлага ошгандан) кейин қуръа ташланади”, дейди.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

279 22:05 24.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ўзини-ўзи талоқ қилиш ихтиёри берилган аёлнинг иттиҳодул мажлиси

542 22:05 23.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Эҳромда жимоъ фидясининг киришиб кетиши

757 22:05 22.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Эҳромда иттиҳодул мажлис бўла туриб қилинган жиноят фидясининг бир-бирига киришиб кетиши

501 22:05 21.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Никоҳ ақдида иттиҳодул мажлис

501 22:05 20.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: рибавий маҳсулотларда икки томондан қабз қилиш

491 22:05 19.01.2022
« Орқага