Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

1028

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм 59-қисм 60-қисм 61-қисм 62-қисм 63-қисм 64-қисм 65-қисм 66-қисм 67-қисм 68-қисм 69-қисм 70-қисм 71-қисм)

Ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

a) Шариатга зид бўлмаслик шарти:

33. Барча фақиҳлар иттифоқ бўлган нуқталардан, ҳамда шариатнинг умумий қоидалари далолат қилган ҳолатлардан бири бу – ибро шариат ҳукмини ўзгартиришга олиб бормаслиги лозим. Олди-берди қилиш шартидан ибро, ҳиба ёки васиятдаги қайтиб олиш ҳуқуқидан кечиш (бунда моликийларнинг хилофи бор), иддада маскан ҳуқуқидан кечиш ва ёш болага нисбатан валийлик қилиш ҳуқуқидан ибро шулар жумласидандир.

Зеро, шаръий ҳукмни ўзгартиришга олиб борадиган ҳар қандай иш ботилдир. Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартиришга ҳеч ким қодир эмас.

Шунингдек, ибро бошқа шахснинг ҳуқуқи зое бўлишига ҳам олиб бормаслиги шарт. Талоқ қилинган хотинни болани тарбия қилишдан мосуво қилиш бунга мисол бўлади. Чунки тарбия боланинг ҳуқуқи. Шу билан бирга бу ўринда тарбия қилувчининг ҳуқуқи ҳам мавжуд. Бу масаланинг батафсил баёни ўз бобларида келади.

б) Ибро қилинаётган нарсага олдин молик бўлиш шарти:

34. Ибро қилувчи ибро қилинаётган нарсага молик бўлиши шарт. Зеро, ўзганинг мулкини тасарруф этиш қатъиян таъқиқланади. Фақатгина ўша мулк эгаси ваколат берган киши ёхуд фузулий мақомидаги шахс тасарруф этиши мумкин. Бу фикрни жумҳур уламолар якдил маъқуллашган. Жумладан, фузулийнинг тасарруфини жоиз санайдиганлар наздида ҳам шундай. Чунки фузулий бошқанинг мулкини ўзиники каби тасарруф қиладиган кишидир. Акс ҳолда унинг тасарруфи – ўзи эгаси бўлмаган мулкни сотиш бўлиб қолади. Бу эса қайтарилган ишдир. Фақиҳларнинг “аҳлият” ва “ақд” истилоҳида тафсилоти келган иборалари шу шартга далолат қилади. Шунингдек, қарзлар ўртасидаги муқосса борасида фақиҳлар қуйидагича қарор қилишган: “Муқосса ҳақдорнинг қарздор зиммасидаги, қарздор эса қарзни тўлаган воқийда ҳақдор зиммасидаги дайнга эга бўлишга асосланган”. Маълумки, дайн (қарз)лар берилган нарсанинг айни ўзини эмас, балки унинг мислини қайтариш билан тўланади. Бундан аён бўладики, ибро қилувчи қарзи кечилаётган шахснинг зиммасидаги нарсага эга бўляпти. Ибро – кечувчи эга бўлаётган ана шу ҳақ устида амалга ошаётган эътиборидан қарзни тўлаб беришга ўхшайди.

Шунингдек, ушбу шартга бизнинг ҳанафий имомларимиз Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳлар ўртасидаги муҳалнинг муҳилдан қарзини кечиш борасидаги ихтилоф ҳам далолат қилади. Ҳавола – Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида, қарз ва талабнинг кўчиб ўтиши бўлгани сабабли, муҳилнинг зиммасидан қарз кўчаётгани учун бу дуруст бўлмайди. Бу сўзга “Ҳавола – қарзнинг эмас, балки масъулиятнинг кўчиши, холос”, дейдиган имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ бунга хилоф қилади. Шунга кўра, ибро қарз билан машғул бўлиб турган зиммада жорий бўлаверади.

Бу хусусида шофеъийлардан Булқийний раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги сўзларни айтган: “Ибро қилувчи қарздорнинг зиммасидаги нарсага эга бўлади ва уни эътиборли тарзда тасарруф қила олади. Ибро – мулк эгаси томонидан қарздорнинг мулкида мажбуран ҳосил бўлгани учун дуруст бўлаверади. Яъни бу “иброда қабул шарт эмас” деганлар наздидаги ҳукмдир. Масалага Умайранинг қуйидаги сўзлари янада очиқроқ далолат қилади: “Ибронинг дурустлиги кечувчининг (кечилаётган нарсага) эга бўлганига боғлиқ”. Ҳанбалийлардан ибн Муфлиҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Эга бўлмаган ўринда талоқ ҳам, озод қилиш ҳам йўқ”, деган ҳадис ортидан “Ибро ҳам шу маънодадир”, деган.

Дирдир раҳматуллоҳи алайҳнинг бошқа шахснинг молини ҳадя ёки садақа қилиб юбориш дуруст эмаслиги тўғрисидаги сўзларидан моликийлар наздида ҳам ибро қилувчида кечилаётган нарсага эгалик бўлиши шарт эканлиги маълум бўлмоқда.

Шофеъийлар ҳам мулкчилик аниқ қарор топиши зарур эканини айтганлар. Зеро, Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ саррофликда икки тараф бадални ўзаро қабз қилишдан илгари ибро дуруст бўлмаслигига ибро қилувчига нисбатан мулкчилик собит бўлиб улгурмаганини сабаб қилиб кўрсатган.

Ибро қилувчи кечиб юборилаётган нарса ўзининг мулки эканлигини билиши шартми? Ёки ўзи ўша нарсага эга эмасман деб ўйласа-да, воқеъликда унинг эгаси бўлиши етарлими? Масалан, ўғил отасининг ўлганини билмасдан туриб унинг бировдаги ҳақини кечиб юборса ва шундан сўнг отасининг ўлгани маълум бўлса (яъни ўғил воқеликда ўзи эгалик қилаётган нарсани кечгани маълум бўлса), бизнинг ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари ва ҳанбалийлар буни дуруст деб биладилар. Юқорида айтилганидек, ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари “ибро – соқит қилиш дейилса ҳам, мулк қилиб бериш” дейилса ҳам, мазкур ҳолатдаги ибронинг дуруст эканлигини айтадилар. Шофеъийлар эса бу масалада ихтилоф қилганлар. Агар уларда ибро – “соқит қилиш” дейилса, дуруст бўлади, агар “молик қилиш” дейилса, дуруст бўлмайди. Моликийларнинг бу ма­саладаги аниқ бир фикрларини учратмадик.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

590 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

639 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

708 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

400 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

458 21:50 24.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳод даражалари

419 21:50 23.05.2022
« Орқага