Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари

1576

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм 59-қисм 60-қисм 61-қисм 62-қисм 63-қисм 64-қисм 65-қисм 66-қисм 67-қисм 68-қисм 69-қисм 70-қисм 71-қисм 72-қисм 73-қисм 74-қисм)

Ибронинг рукнлари

18. Рукнни кенг маънода ишлатилишига қараб, ибронинг тўртта рукни бор, дейилади. Шунда ашёнинг ҳамма таркибий қисми қамраб олинган бўлади. Таркибий қисм хоҳ унинг моҳиятидан бўлсин, хоҳ ташқарида бўлсин фарқи йўқ. Бунга ашёнинг томонлари ва ўрни мисол бўлади. Жумҳур уламоларнинг фикрлари шундай. Уларнинг наздида: “Сийға, кечувчи (ҳақдор, қарз берувчи), ундан кечилаётган шахс (қарздор) ва кечилаётган нарса (қарз, буюм ёки ҳақ)” ибронинг рукнлари дейилади. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда эса ибронинг рукни фақатгина сийға (лафз)дир. Аммо икки келишувчи ва келишув остидаги нарса юқорида маълум бўлганидек рукн эмас, келишувнинг атрофидаги нарсалардир. Сийға (лафз)

19. Сийға – қоидага кўра, келишувда бирга қилинган ийжоб ва қабулдан иборатдир. “Ибро қабулга боғлиқ бўлиб туради”, дейдиганлар наздида ҳам сийға шудир. Аммо “Иброда қабулга ҳожат йўқ” деб ҳисоблайдиганларнинг фикрича, унинг сийғаси фақатгина ийжобдир. Ийжоб

20. Кўзланган мақсадни рўёбга чиқарадиган барча лафзлар билан ибронинг ийжоби ҳосил бўлаверади. Ибронинг мақсади – ҳақдорга тегишли нарсадан қарздорнинг халос бўлишидир. Бироқ лафзлар натижага (кечилаётган ҳақнинг зиммадан соқит бўлишига) очиқ далолат қилиши шарт. Демак, ибронинг ийжоби унга очиқ ёки аломатларга эга ҳолда киноя тарзида далолат қилувчи ҳар қандай лафз билан ҳосил бўлаверади. У мустақил равишда ёки бошқа бир келишувлар сирасида айтилса ҳам фарқи йўқ.

Шунингдек, унда эваз олиш ёки шунчаки кечиктириш мақсади бўлмаслиги ҳам шарт. Масалан, “Шунча беришинг эвазига сендан кечдим”, деса, бу мол баробарига сулҳ қилиш бўлади. Бу борада хилоф келажакда айтилади. Шунингдек, “Қарзни ҳозир беришдан кечдим”, деса, бу сўз бутунлай соқит қилиш учун эмас, талабни кечиктириш учун бўлади.

Мутлақ ибро, уламолар иттифоқига кўра, абадий соқит қилишдир. Шофеъийларнинг: “Сенинг зиммангдаги менга тегишли нарсани бир йилга ибро қилдим”, деганидаги каби муваққат ибро дуруст эмас. Мутлақ ҳолдаги ибро борасида бошқаларнинг ибораларидан ҳам шу тушунилади.

Аммо иброни “талаб қилишни кечиктириш учун” дея қайдлашга келсак, гарчи ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ уни мажозан “муваққат ибро” деб номлаган бўлса-да, у мутлақ ибро туридан эмас.

Ўз ўрнида шартлари батафсил ёритиладиган ёзувли киноя ёки маълум ишоралар ҳам сўз билан бир хил кучга эгадир.

21. Фақиҳлар иттифоқ қилинган ийжобни ҳосил қилувчи ибро лафзига қўшимча тарзда, ибро маъносини ифода қилувчи бир неча мисолларни ҳам келтириб ўтганлар. Аммо ҳеч бир уламо ибро сийғаси ўзлари айтган лафзлар билангина чекланиб қолганини айтмаганлар. Соқит қилиш, мулк қилиб бериш, ҳалоллаш, ҳалол қилиш, тушириш, афв этиш, ўтиш, тарк қилиш, садақа қилиш, ҳадя ва инъом этиш сўзлари ибро сийғасига доир сўзлардандир. Буҳутий раҳматуллоҳи алайҳ: “Албатта, ҳадя, садақа ва инъом лафзлари билангина ибро дуруст бўлади. Сабаби, бу ўринда ушбу лафзлар қамрайдиган мавжуд ашё бўлмаса, маъно иброга қараб кетади”, деган. Сўнг у Ҳорисий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Агар қарздорга ўша қарзини чин кўнгилдан ҳадя қилса ҳам, ҳадя дуруст бўлмайди. Чунки бунда соқит қилиш маъноси ва ҳадя шарти топилмади”, деган сўзларини нақл қилади.

Бундан ташқари, афв ва садақа сўзини мисол қилган фақиҳлар ўз фикрларига маҳрдан ибро этиш борасидаги Аллоҳ таолонинг: “...Магар улар афв этсалар (кечсалар) ёки никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши воз кечса...”; диядан ибро этиш борасидаги: “Агар садақа қилмасалар (кечиб юбормасалар аҳлига), хун тўлаш фарздир”; ҳамда камбағалдан ибро қилиб юбориш хусусидаги:

“(Қарзни қарздорга) садақа қилиб юборишларинг сизларга яхшидир”, деган оятларини, шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сотиб олган меваларига офат етган инсоннинг қарзларини ибро қилиб юборишга чақириб, “Унга садақа қилинглар”, деган сўзларини далил қилиб келтирадилар.

Гоҳида ибро жумланинг умумий тузилиши шунга далолат қилувчи сийғалар билан ҳам ҳосил бўлади. Масалан, “Фалончи ҳузурида менинг ҳақим йўқ”; “Унинг ҳузурида менинг ҳақим қолмади”; “Фалончига менинг даъвойим йўқ”; “Фалончидаги даъвоимдан фориғ бўлдим” ёки “Уни тарк қилдим” деган сўзлар шулар жумласидандир.

22. Ҳанафий мазҳабимизнинг баъзи манбаларида ва моликий фақиҳларнинг айрим китобларида ибронинг лафзи борасида баъзи бир шарҳларни келтирганлар. Унга кўра, омонат, дайнлар ва бошқа нарсаларнинг ибросига тегишли махсус лафзлар бор. Бундан ташқари, яна шундай лафзлар борки, кўплаб ибролар фақат улар билангина ҳосил бўлади. Бундан аслий ибролар, умумий ибролар, махсус иброларни ҳосил қилувчи лафзлардаги мезон бу – урф экани маълум бўлмоқда. Биттадан кўп маънолар учун ишлатиладиган ибораларда эса аломатларга қаралади. “Фалончидан кечдим” деган сўз шулар жумласидандир. Бу иборада дўстликнинг тамом бўлгани ҳамда ҳақлардан халос бўлиш маъноларининг эҳтимоли бор. Фақиҳларнинг ибродаги ийжоб учун мисолларида келмаган бошқа “ён бериш, илтифот қилиш” ёки “мажбуриятдан холи бўлиш” каби ёки бошқа ибораларни ибро учун ишлатиш урфда жорий бўлса ёки аломатлар шунга далолат қилса, бунда урфга қаралади.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

714 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

750 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

826 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

886 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

595 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

632 21:50 24.05.2022
« Орқага