Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: идишлар таърифи

1561

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм, 15-қисм16-қисм17-қисм18-қисм19-қисм20-қисм21-қисм22-қисм23-қисм24-қисм25-қисм26-қисм27-қисм28-қисм29-қисм30-қисм31-қисм32-қисм33-қисм34-қисм35-қисм36-қисм37-қисм38-қисм39-қисм40-қисм41-қисм 42-қисм 43-қисм 44-қисм 45-қисм)

Учинчи нав:

Олтин ва кумуш суви юритилган ҳамда олтин ва кумуш қопланган идишлар

5. Ҳанафий мазҳабимизда (бу моликийлар наздидаги икки сўзнинг бири ҳам ҳисобланади) олтин ва кумуш суви юритилган идишларни ишлатиш жоиз. Лекин мазҳабимиз мазкур ҳолатдаги идишлардан олтин ёки кумушни ажратиб бўлмасликни шарт қилганлар.

Косоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Олтин ва кумуш суви юритилган ва ундан (олтин ва кумуш)ни ажратиб олиш мумкин бўлмаган идишларга келсак, улардан фойдаланиш, еб-ичиш ва бошқалар ижмоъ ила зарарсиздир”. Аммо ажратиш мумкин бўлган идишларга келсак, булар имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва икки шогирдлари ўртасидаги аввалги – кумуш қопланган ва у билан маҳкамланган идиш масаласидаги хилофга кўра бўлади. Шофеъийлар наздида эса, агар юритилган олтин ва кумуш суви оз миқдорда бўлса, бундай идишларни ишлатиш жоиз.

Ҳанбалийлар наздида, олтин суви юритилган, зарҳалланган, олтин ва кумуш билан ямалган ёки қопланган идишлар соф олтин ва кумуш кабидир. Олтин ва кумуш идишлар бошқа модда билан қопланса, бу борада моликийлар наздида, икки қавл бор. Шофеъийлар эса агар идишда олтин ва кумуш тўлиқ тўсилиб турган бўлса, фахрланиш сабаби мавжуд бўлмагани учун жоиз санаганлар.

Тўртинчи нав:
Олтин ва кумуш бўлмаган нафис идишлар

6. Олтин ва кумуш бўлмаган идишларнинг нафислиги ё хомашёси жиҳатидан ёки ясалиши жиҳатидан бўлади:

А. Айнан (хомашёси) эътиборидан нафис бўлган идишлар:

7. Ҳанафий уламоларимиз ва ҳанбалийлар наздида, ақиқ, ёқут, забаржад каби нафис тошлардан ишланган идишлардан фойдаланиш жоиз. Моликийлар ва шофеъийлар мазҳабидаги энг саҳиҳ деб топилган (ҳукм) ҳам шу. Зеро, шу ва шу турдаги идишлар нафислигидан уларни ишлатишнинг ҳаромлиги келиб чиқмайди. Чунки барча нарса аслида ҳалолдир. Шу сабабли булар ўз ҳолича қолади. Уларни олтин ва кумушга қиёслаш тўғри эмас282. Сабаби истеъмоли кўп бўлган тилла ва кумушга тегишли бўлган ҳаромлик ўзидан бошқа (яъни, асл)га ўтмайди.

Баъзи моликийлар: “Нафис идишларни ишлатиш жоиз эмас”, дейдилар. Лекин бу жуда ҳам заифдир. Бу шофеъийлар наздидаги қавллардан бири саналади.

Б. Ишлов бериш орқали нафис бўлган идишлар:

8. Йўниш ва шу каби ишлов бериш сабабли нафис бўлган идишлардан фойдаланиш ҳаром эмаслиги борасида ихтилоф йўқ. “Ал-Мажмуъ” соҳибининг қавли шудир. Лекин Азраъий раҳматуллоҳи алайҳнинг нақл қилишича, “Ал-Баён” соҳиби “Завоид” китобида ишлов бериш сабабли нафис бўлган идишлар борасида ҳам хилоф борлигини ҳикоя қилган ва “Жоизлиги саҳиҳдир”, деган.

Бешинчи нав:
Теридан ишланган идишлар

9. Ҳар тўрт мазҳаб фақиҳлари айтади: “Албатта, ҳар қандай ўлимтик териси ошланишдан олдин нажасдир”. Ошлангандан кейинги ҳолат борасида эса моликий ва ҳанбалий мазҳаблари наздидаги машҳур қавлга кўра, у ошлангандан сўнг ҳам нажас ҳисобланади. “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қайси бир тери агар ошланса, бас, у − покдир”, қабилида айтганларида шаръий поклик эмас, балки луғавий поклик, яъни оддий тозалик назарда тутилади”, дейишади улар. Бундай терилардан намоз ўқишда кийим ва жойнамоз сифатида фойдаланиш жоиз эмас. Мазкур икки мазҳаб уламоларининг машҳур бўлмаган қавлига биноан эса, тери ошлангандан сўнг шаръий жиҳатдан пок бўлади. Демак, (кийим сифатида кийиб) у билан намоз ўқиш ва ундан жойнамоз сифатида фойдаланиш мумкин. Ҳазрати Умар, у зотнинг ўғли Абдуллоҳ, Имрон ибн Ҳусойн ва Ойша розияллоҳу анҳумлардан ошланган терининг нажас экани борасидаги ҳукм ривоят қилинган. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан яна бир ривоят шуки, тириклигида териси пок жониворларнинг ўлимтик ҳолидаги териси ҳам ошлаш ила пок бўлади.

Ато, Ҳасан, Шаъбий, Нахаъий, Қатода, Яҳё Ансорий, Саиъд ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқалардан шунга ўхшаш ривоятлар қилинган.

Шофеъийлар наздида, гўшти ейиладиган бирон ҳайвон бўғизланса, бўғизлангани учун унинг бирор қисми нажас бўлмайди, демак, унинг терисидан фойдаланиш жоиз. Агар гўшти ейилмайдиган бирон ҳайвон бўғизланса, ўлим сабабли нажас бўлганидек, бўғизлаш билан ҳам нажас бўлаверади. Унинг териси ҳам, бошқа бирор жузи ҳам пок бўлмайди.

Ит ва тўнғиздан бошқа ўлгани сабабли нажас бўлган ҳар қандай ҳайвоннинг териси ошлаш билан пок бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ошланган ҳар қандай тери, бас, у покдир”, деганлар. Зеро, ошлаш худди ҳаёт каби теридаги сиҳатни сақлайди, уни фойдаланишга яроқли қилади. Қолаверса, тириклик теридан нажосатни даф қилади. Ошлаш ҳам шунингдекдир. Аммо ит, тўнғиз ва у иккисининг бирортасидан чатишиш орқали туғилган ҳайвонларнинг териси ошлаш билан ҳам покланмайди.

Ҳанафий уламоларимиз наздида, одам (гарчи кофир бўлса ҳам) ва чўчқадан бошқа ўлимтикларнинг териси араб акацияси пўстлоғи, анор пўстлоғи, намозшомгул каби воситалар ёрдамида астойдил ошланса, у покланади. Шунингдек, тери тупроқ сепиш, қуёшда қуритиш ҳамда очиқ ҳавода тўшаб қўйиш сингари ҳукмий ошлаш йўли билан ҳам пок бўлади. Шундай экан, уни кийиб ёки тўшаб, намоз ўқиш ҳамда ундан қилинган идишда таҳорат олиш жоиз.

Чўчқа териси ошлаш билан ҳам пок бўлмаслигининг сабаби, унинг айни нажосат эканидир. Одамзод териси, худди унинг ўзи каби мукаррамдир. Шу боис унга ишлов бериб, нималардир тайёрлаш таъқиқланади. Яъни унинг поклигига ҳукм қилинса-да, инсон баданининг бошқа аъзолари сингари терисидан ҳам фойдаланиш жоиз эмас.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

857 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

851 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

975 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1037 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

705 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

752 21:50 24.05.2022
« Орқага