Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ижара ҳақи

916

(160-қисм 161-қисм 162-қисм 163-қисм 164-қисм 165-қисм 166-қисм 167-қисм 168-қисм 169-қисм 170-қисм)

Иккинчи мавзу

Ижара ҳақи

40. Ҳақ – ижарага олган шахс ўзи эгалик қилган манфаат эвазига зиммасига лозим бўлган тўловдир. Савдода қиймат бўлишга яроқли барча нарса ижарада ҳам ҳақ бўлишга ярайди. Жумҳур уламолар: “Қийматда шарт қилинган нарса ижарада ҳам шарт қилинади”, деганлар1134.

Ижара ҳақи маълум бўлиши вожиб. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёлланма ишчини ишлатса, унинг ҳақини ўзига билдириб қўйсин”1135, деганлар. Агар ҳақ дирҳам, динор, ҳажм ва оғирлик каби ўлчовда, шунингдек, саналадиган нарсалар каби зиммада қарз сифатида собит бўладиган бўлса, унинг жинсини, турини, сифати ва миқдорини баён қилиш лозим. Ҳақда низога олиб борадиган ноаниқлик бўлса, ақд бузилади. Агар фосид ақдда тўлиқ манфаат кўрилса, ажри мисл вожиб бўлади1136. Ажри мисл тажрибали кишилар томонидан белгиланган ҳақдир.

41. Жумҳур уламолар ҳақ ақд қилинган нарсанинг жинсидан иборат манфаат бўлишига рухсат берганлар. Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Манфаатлар ўз жинсидан ва бошқа жинсдан бўлган манфаатларга ижарага берилиши жоиз. Чунки ижарадаги манфаатлар савдодаги айнлар кабидир. Айнларни бир-бирига сотиш жоиз бўлганидек, манфаатларни ҳам бир-бирига сотиш жоиз. Ибн Рушд: “Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бошқа ҳовлида туриш бадалига бир ҳовлининг ижараси жоиз деган”1137, дейди. Буҳутий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг хулосасида айтади: “Бошқа ҳовлида туриш ёки аёлга уйланиш бадалига бир ҳовлининг ижараси жоиз бўлади. Бунга далил Шуайб алайҳиссаломнинг қиссасидир. Чунки у зот ҳақ эвазига никоҳ қилган эдилар.

Ҳанафий уламоларимиз ижара ҳақи ижарага қўйилган нарсанинг жинсидан бўлишини ман қилиб, унинг фақатгина бошқа жинсдаги манфаат бўлиши лозимлигини айтадилар. Яшаш учун ҳовлини бирон хизмат эвазига ижарага олиш бунга мисол бўлади1138.

42. Айрим фақиҳлар мажҳуллик–ноаниқлик сабабли ҳақ бажарилган ишнинг бир қисми ёки ақд қилинган иш натижасининг баъзиси бўлишига ижозат бермаганлар. Сабаби, агар устида иш жорий бўлиб турган нарса нобуд бўлса, ёлланган ишчи ҳақсиз қолади. Боз устига, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қоп буғдойни ун қилдириб, ҳақига ўша ундан беришдан қайтарганлар1139. Чунки бундай ҳолатда ишга ёлловчи иш ҳақини топширишдан ожиз бўлади. У ўзидан бошқанинг қудрати билан қодир ҳисобланмайди. Бу ҳанафий, моликий ва шофеъийларнинг тутган йўлидир. Қўйни териси эвазига шилиб, буғдойни унинг эвазига янчиб бериш каби ижаралар шулар жумласидандир. Чунки бунда ҳақнинг ноаниқлиги бор. Сабаби ишчи шилиб бўлгандан сўнггина қўйнинг терисига ҳақли бўлади ва терининг бутун ёки шикастланган ҳолда чиқишини аниқ билмайди1140.

Ҳанбалийлар: “Агар ҳақ ёлланма ишчи қилаётган ишнинг шоиъ жузъи1141 бўлса, бу кўринишдаги ижара – жоиз”, деганлар. Бу музораба ва мусоқот келишувларига ўхшайди. Шу сабабдан уловни унда ишлайдиган одамга ярим фойдаси эвазига бериш, экинзор ёки хурмозорни у ерда ишлайдиган кишига чиққан нарсанинг олтидан бир эвазига бериш жоиз. Чунки киши унга шоҳид бўлса, кўриш орқали уни билади. Кўриш эса илм йўлларининг энг юқориси ҳисобланади1142.

Моликийлар чамалаб ҳақни билиш мумкин бўлган баъзи суратларда ҳанбалийлар йўлини тутиб: “Агар “ўтин териб бер, ярми сенга бўлади” ёки “ўт ўриб бер, ярми сенга бўлади”, деб, одатда қанча ўтин теришини билса, бундай ижара – жоиз”, дейишади. Хурмо кесиш, зайтун териш, жун олиш каби ишлар ҳам шунга ўхшайди. Жоизликнинг иллати билишдир. Агар “ўтин тер” (ёки “ўт ўр”), сенга терган ўтинингни ярми (ёки ўрган ўтингни ярми)” деса, бу ҳам жоиз. Чунки бу жиъа́ ла1143 қабилидан бўлади1144. Жиъа́ ла ақдида ижарадагидан кўра кенгчиликларга йўл қўйилади.

Ҳанафий мазҳабимиз уламоларидан Зайлаъий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу қабилдан бўлган бир кўринишни келтирган. Яъни бир киши тўқувчига кийим тўқиб бериши учун унинг ярим ипини беради. Инсонларнинг эҳтиёжи бўлгани учун Балх машойихлари буни жоиз деганлар. Лекин “Фатовои Ҳиндия”да “Тўғри иш бунинг тескарисидир”, дейилган1145.


1134 Аш-Шарҳус сағир. 4-ж. 159-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 5-ж. 322-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 5-ж. 327-б. Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 412-б. Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Ҳанафий. Ал-Ихтиёр литаълийлил мухтор. 2-ж. 51-б.

1135 Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ибн Ҳажар Асқалоний. Талхисул ҳабир. 3-ж. 60-б. 1136 Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 412-б. Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Ҳанафий. Ал-Ихтиёр литаълийлил мухтор. 2-ж. 507-б.

1137 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 399-б. Ибн Рушд. Бидоятул мужтаҳид. 2-ж. 213-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 3-ж. 465-б.

1138 Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 243-б. Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 5-ж. 52-б. Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 411, 412-б.

1139 Доруқутний ва Байҳақийлар Абу Саъидддан ривоят қилганлар. Ибн Ҳажар Асқалоний. Талхисул ҳабир. 3-ж. 60-б.

1140 Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 242-б. Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 444-б. Аш-Шарҳус сағир. 4-ж. 18-б. Ибн Рушд. Бидоятул мужтаҳид. 2-ж. 246-б. Шаҳобиддин Аҳмад Қалюбий ва Шаҳобиддин Аҳмад Умайра. Ҳавошил Қалюбий ва Умайра ъала Шарҳил Маҳаллий ъала Минҳажит толибин. 4-ж. 68, 69-б.

1141 Шоиъ жуз – нисбий тақсимланган нарсанинг қисми.

1142 Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш Шарҳил кабир. “Манор”. 1348 ҳ.й. 6-ж. 13 ва 72-б.

1143 Ижаранинг “Алоқадор сўзлар” бўлимига қаралсин.

1144 Ибн Қудома. Аш-Шарҳул кабир. 4-ж. 24, 25-б.

1145 Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 445-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

850 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

847 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

971 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1034 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

702 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

745 21:50 24.05.2022
« Орқага