Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ижара сийғасини баъзи шартларга боғлаш

635

(170-қисм 171-қисм 172-қисм 172-қисм 173-қисм 174-қисм 175-қисм 176-қисм 177-қисм 178-қисм 179-қисм 180-қисм 181-қисм 182-қисм 183-қисм 184-қисм 185-қисм)

85. Уламоларнинг иттифоқига кўра, ижара ақди шартларга боғлашни қабул қилади. Лекин қўйилган шарт ижара муддати тугагандан кейин ҳам ерда асарини қолдирадиган бўлса, бу борада турли фикрлар бор. Чунки бундай шарт ақдлашувчилардан бирига манфаатни пайдо қилади. Агар шартни ақд тақозо қилса, уни зикр этиш фасодни келтириб чиқармайди. Бунга ер ҳайдаш ва суғоришни шарт қилиш мисол бўлади. Чунки экин экиш буларсиз юзага келмайди. Агар ерни иккинчи маротаба ҳайдаш, ариқларни қазиб бериш ва шунга ўхшаш муддат тугагандан кейин ҳам ерга фойдаси тегадиган ва ақднинг тақозосидан бўлмаган шартларни қўйса, ҳанафий мазҳабимиз наздида, у шартлар фосид бўлиб, ижара фосидга айланади. Лекин моликийлар муайян турдаги ва муайян миқдорда ўғит билан ерга ишлов беришни шарт қилишни жоиз дейишган. Чунки у – ерда қоладиган манфаат бўлса ҳам, ижара ҳақининг бир бўлаги ҳисобланади1202.

Аммо ижарага олувчига фақат ўзи экишни ёки фақат буғдой экишни шарт қилган бўлса, бу ақд тақозосига хилоф шарт бўлиб, унга амал этиш лозим эмас. Унинг ўзи ва бошқанинг ёрдамида ишлаши, буғдой ёки ўша турдаги ёхуд ерга зарари буғдойдан кам етадиган нарса экиши мумкин. Бироқ буғдойдан зарари кўпроқ экин экиб бўлмайди. Бу фикрни мазкур шарт ижарага берувчининг ҳақига таъсир қилмаяпти, шунинг учун эътиборга олинмайди ва ақд ўз тақозосига кўра қолади, деб изоҳлашган.

Шофеъийлар наздидаги қарашларнинг бирига кўра, бунда ижара бузилади. Чунки ақд тақозосига зид келадиган шарт қўйилмоқда. Бошқа бир қарашда ижара жоиздир ва шарт лозим дейилган. Чунки ижарага олувчи манфаатларга ижарага берган томондан эришади, у рози бўлмаган нарсага эса эга бўлолмайди1203.

86. Жумҳур фақиҳлар фикрича (моликийлар, ҳанбалийлар ва шофеъийлар наздидаги саҳиҳ сўз), ерни ижара олиш жинсини, яъни экин экиш ёки кўчат ўтқазиш жиҳатидан баён қилиши вожиб бўлади. Бу ўринда экиладиган ёки ўтқазиладиган нарсанинг турини баён қилишга эҳтиёж йўқ. Албатта, кўчат ўтқазиш гоҳо экин экишдан кўра ерга зарарлироқ бўлади. Уларнинг таъсири ерга турлича кечади. Аммо экинлар ўртасидаги фарқ оз бўлиб, зарар қилмайди.

Агар тайин қилмаса ва бу ўринда урф ҳам бўлмаса, ноаниқлик борлиги учун ижара жоиз эмас. Ибн Қосим эса жоиз деб билади. Шунингдек, у: “Ижарага олувчи ерга зарар етказадиган экинни экишдан ман қилинади”, деган. 

Аммо ижарага олувчига: “Ерни сенга экин экишинг ёки кўчат ўтқазишинг учун ижарага бердим”, деса, дуруст бўлмайди. Чунки улардан бирини тайин қилмади ва натижада ноаниқлик юзага келди.

Агар: “Ерни сенга экин экиш ва кўчат ўтқазиш учун ижарага бердим”, дейилса, ҳанбалийлар наздида ақд дуруст. У ернинг барчасига хоҳлаганича экин экиши ёки хоҳлаганича кўчат ўтқазиши мумкин.

Шофеъийлар наздидаги бир қавлда ҳам ақд дуруст саналади. Бу ҳолда у ернинг ярмига экин экиши ва қолган ярмига кўчат ўтқазиши мумкин. Чунки иккисини жамлаш тенгликни келтириб чиқаради. Иккинчи бир қавлга кўра, ақд дуруст бўлмайди. Чунки уларнинг бирортасида миқдорни баён қилмади.

Аммо мутлақ тарзда ижарачига: “Сенга ерни хоҳлаганингча фойдаланишинг учун ижарага бердим”, деса, ҳанбалийлар наздида, у экин экиши, кўчат ўтқазиши, бино қуриши ҳам мумкин. Шофеъийлар наздида, сув чиқмайдиган ер борасида, агар ерни экин экиш учун ижарага бераётганини айтмаган бўлса, икки хил қараш бор:

биринчиси – ақд дуруст бўлмайди. Чунки ер, одатда, экин экиш учун ижарага берилади. У худди ерни экин экиш учун ижарага берганини шарт қилгандек бўлади;

иккинчиси – агар ер баланд жойда жойлашган бўлиб, суғоришга умид қилинмайдиган бўлса, дуруст. Чунки бундай ҳолатда экин экиш учун ижарага бермаётгани маълум бўлади. Агар ер паст бўлиб, бошқа жойдан сув йўли очиб, суғоришнинг умиди бўлса, дуруст эмас. Чунки экин экишга узрли бўлгани ҳолда экин учун ижарага берган бўлади. Бунда имкониятнинг ўзи кифоя қилмайди. Зеро, рожиҳ қавлга кўра, ўша ерга сувнинг етиб бориши эҳтимоли устун бўлиши лозим1204.

Ҳанафий мазҳабимиз ва шофеъийлар ўзларининг наздидаги саҳиҳ қавлга муқобил сўзда шундай дейдилар: “Ер нима учун ижарага олинганини – экин экишми ёки кўчат ўтқазишми – тайин қилиш лозим. Яна экиладиган ёки ўтқазиладиган нарсанинг турини ҳам баён қилиш керак. Акс ҳолда, ақд фасод бўлади. Чунки ер экин экиш ва ундан бошқа нарса учун ижарага олинади. Экинлар ичида ерга зарарли ва зарарсизлари мавжуд. Бу жиҳатдан ақд қилинган нарса номаълумлик касб этади. Шунинг учун уни баён қилиш вожиб бўлади. Ёки ижарачига хоҳлаган тарзда фойдаланиш имконини бериш керак. Ибн Сурайждан ҳикоя қилинади: “Экинни баён қилмагунича, ақд дуруст эмас. Чунки экиннинг зарари турлича бўлади”1205.

Ҳанафий мазҳабимиз олимлари айтади: “Ақд фасод тарзда тузилган бўлишига қарамасдан экин экса ва муддат ўтса, истеҳсонга кўра, ижарага берувчи тайин қилинган ҳақни олади. Қиёсга кўра, жоиз бўлмайди. Бу Зуфар раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзидир. Чунки ақд фосид ҳолда юзага келди. Бундай ақд жоизликка айланмайди. Истеҳсонга кўра жоиз бўлиши эса ноаниқлик ақд тамомига етишидан олдин кўтарилгани учундир"1206.


1202 Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 243-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 46-б. Аҳмад Совий Моликий. Аш-Шарҳус сағир ъала Ақробил масолик ила мазҳаби Имом Молик. 1372 ҳ.й. 4-ж. 62-б.

1203 Абдулҳаким Афғоний. Кашфул ҳақоиқ шарҳи Канзид дақоиқ. 2-ж. 160-б. Аҳмад Совий Моликий. Аш-Шарҳус сағир ъала Ақробил масолик ила мазҳаби Имом Молик. 1372 ҳ.й. 4-ж. 14 ва 42, 63-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 403, 404-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 4-ж. 13-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 6-ж. 60-б.

1204 Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 48-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 395, 396-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 3-ж. 269-б. 4-ж. 12, 13-б. Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Хатиб Ширбиний. Муғнил муҳтож. “Мустафо Ҳалабий”. 2-ж. 336-б. Имом Нававий. Равзатут толибин. 5-ж. 181-б.

1205 Ибн Қудома. Ал-Муғний. “Манор”. 1347 ҳ.й. 6-ж. 59-б.

1206 Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 242, 243-б. Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 183-б. Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 440, 441-б.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги уруш: тинчлик музокаралари бошланишини кутса бўладими?

212 12:05 03.12.2022

Латвияда “Дождь” телеканали жаримага тортилди

274 11:20 03.12.2022

Украинанинг чет эллардаги дипломатик идораларига таҳдидлар бўлмоқда

197 10:30 03.12.2022

Дунё ўзгаришлар майдонига айланди

509 09:39 03.12.2022

Исроил аскари фаластинлик йигитни қатл қилди

799 09:07 03.12.2022

Эдвард Сноуден Россия паспортини олди

664 21:25 02.12.2022
« Орқага