Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ижаранинг ўлим сабабли бузилиши

969

(170-қисм 171-қисм 172-қисм 172-қисм 173-қисм 174-қисм 175-қисм 176-қисм 177-қисм 178-қисм)

Бешинчи: ижаранинг ўлим сабабли бузилиши

72. Юқорида ҳанафийларнинг ижара якка ақд тузган икки ақдлашувчидан бирининг ўлими билан тугатилади, деган гаплари айтиб ўтилган эди. Худди шунингдек, ижарачилардан ёки ижарага берувчилардан бирининг ўлими сабабли фақат унга тегишли ҳиссада ижара ақди тугайди1175.

Мазҳабимиз олимларидан Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ижара ақди тирик қолганнинг ҳам насибасида ботил бўлади. Чунки барчага нисбий тақсимланган улуш ижаранинг саҳиҳлигини аввалдан манъ қилувчи эди. Бас, унга ўша аввалги ҳукм берилади”.

Зайлаъий раҳматуллоҳи алайҳ биринчи фикрни қувватлаб айтади: “Чунки шартларнинг вужудга келиши ақднинг дастлабки қисмида эътиборли, қолганида эмас”. Яна ижара ўлим сабабли бузилиши сабабини баён қилиб айтади: “Ақд манфаатлар юзага келишига қараб аста-секин боғланади. Агар ижарага берган вафот этса, ақд сабабли олинадиган манфаатлар у на ақд тузувчи ва на манфаатларга рози бўлувчи бўлмасдан унинг мулкида юзага келмоқда. Агар ижарага олган вафот этса, манфаат мерос сифатида қолдирилмайди (ва икки ҳолатда ҳам ижара ақди бекор бўлади)1176.

Ижара ақдининг бузилиши талаб билан юзага чиқади. Агар ҳовлини ижарага олган киши ижарага берган одам вафот этгандан кейин ҳам ўша жойда яшаса, ижара давом этаётгани учун ҳақни тўлайди. Ақд меросхўр ҳовлини бўшатиб беришни талаб қилгандан кейин бузилади. Агар ижарага берган вафот этганида улов ёки шу каби нарсалар ҳали йўлда бўлса, ижарага олган манзилига етиб олгунича ижара ақди кучда туради. Агар икки ақдлашувчининг бири вафот этганида экин ҳали ерда бўлса, пишиб олгунича тайин қилинган ҳақ бадалида ақд бузилмай туради1177.

Шаъбий, Саврий ва Лайс каби тобеъин фақиҳлар ҳанафийлар тутган йўлни тутишиб, ижарага берувчи ёки ижарага олувчининг ўлими сабабли ижара бузилади, деганлар. Ижарага берганнинг мулки ўлими сабабли ботил бўлгач, тузган ақди ҳам ботил саналади. Шунингдек, ижарага олувчининг меросхўрлари ҳам ижарага берувчи билан ақд тузмаган. Мерос қолдирувчининг ўлимидан кейин янги қўлга киритилган манфаатлар унинг мерос сифатида қолдирган моли каби бўлмайди1178.

Шофеъийлар наздидаги бир сўзга кўра, вақф ижарасида ўлим сабабли ақд бекор бўлади1179.

Юқорида жумҳур уламолар фикрига кўра, ижара икки ақдлашувчидан бирининг ўлими сабабли бузилмаслиги айтиб ўтилган эди. Чунки ижара лозимий ақддир. Модомики, ақд туфайли олинган манфаат собит экан, улардан бирининг ўлими сабабли уни тугади, деб ҳукм қила олмаймиз. Батаҳқиқ, саҳобалар ва тобеъинлар ижара ўлим билан бузилмаслигини айтишган. Имом Бухорий “Ижара китоби”да ривоят қилади: ибн Сирин бир киши ерни ижарага олгач, ижарага берган вафот этиб қолган ҳолат ҳақида: “Ижарага берганнинг аҳли ижарага олганни муддат тугамасдан чиқариб юборишга ҳақлари бўлмайди”, деган. Ҳасан ва Ияс ибн Муовия ҳам шу жавобни айтган. Ибн Умар айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хайбарликларга ишлаб, экин экиб, чиққан ҳосилнинг ярми ўзларида қолиши эвазига Хайбарни берди. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг дастлабки даврида бўлган эди”1180. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳулар халифалик даврларида мазкур ижарани янгитдан тузганлари ривоят қилинмаган1181.


1175 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 200, 201-б. Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 459-б. Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 251-б. Шарҳуд дурр. 2-ж. 299, 300-б.

1176 Усмон ибн Али Зайлаъий Ҳанафий. Табйинул ҳақоиқ шарҳу Канзид дақоиқ. 5-ж. 144, 145-б.

1177 Шарҳуд дурр. 2-ж. 302-б. Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 5-ж. 52-б.

1178 Ибн Қудома. Ал-Муғний. 5-ж. 347-б.

1179 Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 3-ж. 84-б.

1180 Ушбу ҳадисни Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва ибн Можалар қуйидаги лафз билан ривоят қилганлар: “Хайбар фатҳ қилингач, яҳудийлар Расулуллоҳдан ўз ерларида етиштирган экин ва мевадан ярмини бериш эвазига қолдиришни сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизларни бу ерда мана шунинг эвазига хоҳлаганимизча қолдирамиз дедилар”. Жамолиддин Зайлаъий. Насбур роя ли аҳодисил Ҳидоя. 4-ж. 179-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Тепағон оқсоқол»га чора кўрилди

434 21:09 28.11.2022

Пермь университетида отишма уюштирган шахс бир умрга қамалиши мумкин

195 20:12 28.11.2022

Шаҳбоз Шариф: «Покистон ва Туркия ресурсларни бирлаштириши керак»

290 19:40 28.11.2022

Исроил журналисти: Қатарнинг қатъияти барчани ҳайратга солди

1253 18:35 28.11.2022

Boeing Пентагонга Украина учун арзон кичик ўлчамли бомбалар ишлаб чиқаришни таклиф қилди

247 18:05 28.11.2022

Эрон АҚШ устидан ФИФАга шикоят қилди

791 17:35 28.11.2022
« Орқага