Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: иқрорнинг ҳужжат эканлиги

1047

(130-қисм 131-қисм 132-қисм 133-қисм 134-қисм 135-қисм 136-қисм 137-қисм 138-қисм 139-қисм)

Иқрорнинг ҳужжат эканлиги

7. Иқрор Китоб, Суннат, ижмоъ ва ақлий далиллар билан собит бўлган ҳужжатдир. Китобдан далил – Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларидир: “Эсланг, Аллоҳ (пайғамбарлардан)* шундай аҳд олган эди: «Мен сизларга Китоб ва Ҳикмат берган бўлсам, эндиликда сизлардаги (Китоб)ни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга имон келтирасиз ва унга ёрдам берасиз!» (Аллоҳ): «Тан олдингизми ва аҳдномамни шу (шарт) билан қабул қилдингизми?» – деганида, улар: «Тан олдик»,– деб жавоб бердилар. Аллоҳ деди: «Гувоҳ бўлингиз, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳлардандирман»”980. “Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз!”981 Зеро ўзининг зарарига гувоҳлик бериш ўзининг зарарига бўлган ҳаққа иқрор бўлиш ҳисобланади. Суннатдан далил: Моиз ва Ғомидия982 зинога иқрор бўлганлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳадни ижро қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларидан то ҳозиргача уммат иқрорнинг иқрор бўлгувчига нисбатан ҳужжат эканига, у асосида жазоланишига ёки шунга қараб муомала қилинишига ижмоъ этганлар.

Унинг ақлий далили: иқрорга нисбатан шубҳа-гумонларнинг йўқлигидир. Чунки ақлли одам ўзининг зарарига бирор нарсага ёлғондан иқрор бўлмайди.

Исботлаш йўллари ичида иқрорнинг даражаси:

8. Фақиҳларнинг ижмоъсига кўра, иқрор шаръий далилларнинг энг кучлисидир. Чунки иқрорга нисбатан шубҳа-гумонлар бўлмайди. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари айтишларича, иқрор гувоҳликдан устун бўлган ҳужжатдир. Чунки иқрорга нисбатан кўпинча шубҳа-гумонлар бўлмайди. Бу эътироф иқрорнинг фақат иқрор қилувчига нисбатангина ҳужжат экани, гувоҳлик эса бошқаларга ҳам ўтадиган ҳужжат ҳисобланишига зид келмайди. Чунки ҳужжатнинг кучли ёки кучсиз бўлиши бировга ўтиши ёки ўзигагина чегараланишига боғлиқ эмас. Иқрор – иқрор бўлувчининг ўзигагина ҳужжат, гувоҳлик эса бировга ҳам таъсир этувчи ҳужжат, дейилиши иқрорнинг қувватига, гувоҳликнинг эса нисбатан кучсиз бўлишига зид келмайди.983 Сабаби, юқорида таъкидланганидек, иқрорга нисбатан шубҳа-гумон бўлмайди. Гувоҳликда эса шубҳа бўлиши мумкин. Моликийлар: “Иқрор гувоҳликдан кучлироқдир”, деб очиқ ифодалаганлар. Ашҳаб айтади: “Ҳар бир кишининг ўз зарарига айтган сўзи бировга қилган даъвосидан устундир”984.

Шофеъийлар “Иқрор қабул этишда гувоҳликдан устунроқдир”, деганлар985. Ҳанбалийлар айтадилар: “Жавобгар ҳақни эътироф қилса, унга қарши гувоҳлар эшитиб ўтирилмайди. Гувоҳлар жавобгар даъвони инкор қилгандагина эшитилади”986.


980 Оли Имрон сураси, 81-оят.

981 Нисо сураси, 135-оят.

982 “Моиз” ҳадисини Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ва “Ғомидия” ҳадисини Муслим ривоят қилган. Ибн Ҳажар Асқалоний. Талхисул ҳабир. “Ал-Фанниятул муттаҳида”. 4-ж. 57, 58-б.

983 Қози Зода. Такмилату Фатҳил қодир. 7-ж. 299-б.

984 Ибн Фарҳун. Табсиратул ҳукком. 2-ж. 39-б.

985 Сулаймон Жамал. Ҳошиятул Жамал ъала Шарҳил Манҳаж. 3-ж. 428-б.

986 Ибн Қудома. Ал-Муғний. 5-ж. 271-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

850 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

846 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

971 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1034 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

702 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

745 21:50 24.05.2022
« Орқага