Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: исбот билан ҳукм чиқариш талабга боғлиқми?

845

(130-қисм 131-қисм 132-қисм 133-қисм 134-қисм 135-қисм 136-қисм 137-қисм 138-қисм)

Исбот билан ҳукм чиқариш талабга боғлиқми?

4. Ҳукмнинг саҳиҳ бўлиши ва бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилмаслиги учун тўғри даъво бўлиши шарт. Бунинг учун эса шаръий хусумат лозим.

Даъво дуруст бўлганидан сўнг қози жавобгардан у ҳақда сўрайди. Тан олса, яхши, агар у инкор қилса-ю, даъвогар далил (гувоҳ) келтирса, бундай ҳолда ҳанафий фақиҳларимизга, моликийларга ҳамда шофеъийлар наздидаги энг саҳиҳ қавлга кўра, даъвогарнинг талабисиз ҳам қози ҳукм чиқараверади. Ҳанбалийлар наздидаги бир қавлга кўра ҳам шундай. Чунки ҳолат даъвогар айни шуни хоҳлаётганига далолат қилади. Ҳанбалийларнинг наздидаги энг саҳиҳ қавлга, шунингдек, шофеъийлар наздидаги энг саҳиҳнинг муқобилидаги қавлга кўра, қози жавобгарнинг зарарига фақат даъвогарнинг талаби билангина ҳукм чиқариши мумкин. Чунки жавобгарнинг зарарига чиқариладиган ҳукм даъвогарнинг ҳақи ҳисобланади. Унинг талабисиз ҳақ ундириб берилмайди971.

Даъвони исботлаш йўллари

5. Фақиҳларнинг иттифоқига кўра, иқрор, гувоҳлик, қасам, қасамдан бош тортиш, қасомат972 шаръий ҳужжат ҳисобланиб, ҳукм чиқаришда қози шуларга таянади973. Бу борада бироз тафсилотлар мавжуд.

Даъвони исбот қилишнинг бундан бошқа йўллари борасида ихтилофлар мавжуд. Имомлардан Молик, Шофеъий, Аҳмадлар айтадиларки, қози мол ва унга алоқадор бўлган ҳукмларни бир гувоҳ ва қасам билан чиқараверади. Бу гапни Абу Савр ва Мадинанинг етти фақиҳи ҳам айтган. Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа, Саврий, Авзоий ва Ироқ аҳлининг жумҳури бир гувоҳ ва қасам билан ҳеч қандай низо юзасидан ҳукм чиқармайди, деганлар.

Имом Моликнинг асҳобларидан Лайснинг ҳам фикри шундай974. Ҳанафий фақиҳларимиздан Ибн Ғарс очиқ-ойдин қарина (аломат)ни қўшган. Хайр Рамлий Ҳанафий: “Шубҳасиз, ибн Ғарс зиёда қилган нарса ғариб ва ҳақиқатдан йироқ. Нақл қувватламагунича унга суяниб бўлмайди”, деган975.

Баъзи фақиҳлар исбот йўлларини муайян турлар билан чеклаб қўймаганлар. Балки даъвони исбот қиладиган ҳар бир нарса далил бўлаверади ҳамда қози у асосида ҳукм чиқариши мумкин, дейишган. Ибн Қаййим айтган фикр ҳам шудир. Бу борада унга моликийлардан ибн Фарҳун каби баъзи фақиҳлар эргашган.

“Ат-туруқул ҳукмийя”да қуйидагилар келган: “Шариатда “баййина” сўзидан – ҳақни баён қилиб, уни юзага чиқарадиган нарса ирода қилинади. Баъзан баййина тўртта гувоҳ бўлиши мумкин, гоҳида эса муфлис (касод бўлган киши)нинг гувоҳлари каби учта бўлиши, гоҳо икки гувоҳ, шунингдек, бир эркак ва бир аёлдан иборат гувоҳ, қасамдан бош тортиш, қасам ичиш ёки эллик кишининг онт ичиши ёхуд тўрт маротаба қасам ичиш бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, кўп ҳолларда ҳолат гувоҳлиги ҳам баййинага ўтаверади. Шунга кўра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “даъвогарнинг зиммасига баййина-ҳужжат вожиб”976, деган сўзларининг маъноси “даъвосининг тўғри эканини исботлаб берувчи нарсани кўрсатиши”, деган маънода бўлади. Қай йўл билан бўлса ҳам, даъвонинг тўғрилиги зоҳир бўлса, унинг фойдасига ҳукм қилинади”977.

Қуйида фақиҳлар томонидан ҳукм чиқаришда инобатга олинган иттифоқли ва ихтилофли масалалар юзасидан сўз юритилади.

Иқрор

6. Иқрор луғатда “эътироф” маъносида келади. Ҳақни эътироф қилганда – ҳаққа иқрор бўлди, дейилади, “Бировни ҳаққа иқрор қилди, натижада у ҳаққа иқрор бўлди” деган гап ҳам шу қабилдандир978. Шариатда эса “иқрор” деганда бировнинг фойдасига, ўзининг эса зарарига ҳақнинг собит бўлганидан хабар бериш тушунилади979.


971 Шарҳуд дурр. 4-ж. 423-б. Ибн Фарҳун. Табсиратул ҳукком. 1-ж. 39 ва 85-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш Шарҳил кабир. “Манор”. 1348 ҳ.й. 4-ж. 148-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 11-ж. 450, 451-б. Ибн Қудома. Аш-Шарҳул кабир. 4-ж. 422-б. Сулаймон ибн Муҳаммад Шофеъий Бужайримий. Ҳошиятул Бужайримий ъалал Хатиб. 4-ж. 334, 347-б. 972 Ижтимоий қасамнинг бир тури.

973 Ибн Рушд. Бидоятул мужтаҳид. 2-ж. 501-б. Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 4-ж. 462 ва 653-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 8-ж. 314-б. Аҳмад ибн Абдуллоҳ Баълий. Равзун надий. 521-б.

974 Ибн Рушд. Бидоятул мужтаҳид. 2-ж. 507-б.

975 Зайниддин ибн Нажим Ҳанафий. Баҳрур роиқ шарҳу Канзид дақоиқ. 7-ж. 224-б.

976 “Даъвогарнинг зиммасига...” ҳадисининг тахрижи юқорида ўтди.

977 Муҳаммад ибн Абу Бакр Шамсиддин. Туруқул ҳукмийя. 24-б. Ибн Фарҳун. Табсиратул ҳукком биҳошияти Фатҳил Алиййил Молик. “Мустафо Ҳалабий”. 2-ж. 111-б.

978 Мухторус сиҳоҳ. قرر] қ, р, р] моддаси.

979 Ибн Ҳумом Ҳанафий. Фатҳул қодир. 6-ж. 280-б. Аш-Шарҳус сағир. 3-ж. 525-б. Сулаймон ибн Муҳаммад Шофеъий Бужайримий. Ҳошиятул Бужайримий ъалал Хатиб. 3-ж. 119-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 6-ж. 367-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

850 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

847 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

971 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1034 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

702 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

745 21:50 24.05.2022
« Орқага