Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: исбот таърифи

791

(130-қисм 131-қисм 132-қисм 133-қисм 134-қисм 135-қисм 136-қисм 137-қисм)

Исбот таърифи

1. Исбот луғатда أثبت] асбата] феълининг масдари бўлиб, “бир нарсани доимий барқарор ёки тўғри деб билиш”дир966. Фақиҳларга кўра, исбот бу – қазо мажлисида қозининг ҳузурида кўриб чиқилаётган иш юзасидан шаръий далил келтиришдир.

Исботдан мақсад

2. Исботдан мақсад даъвогарнинг ўз ҳаққига эга бўлиши ёки унга бўлган эътирозларга барҳам беришдир. Шаръий қоидаларга мувофиқ қозининг ҳузурида ўз даъвосини исбот қила олса ва жавобгар унинг ҳақини бермаётганини ёки унга ноҳақ эътироз қилаётганини очиб бера олса, қози жавобгарнинг бировнинг ҳақи борасидаги бўйин товлашини бартараф этади ва даъвогарнинг даъвосини қондиради967.

Исбот қилишга мукаллаф (ваколатли) киши

3. Ҳар тўрт мазҳаб уламолари ўртасида даъвогарнинг ўз даъвосига ҳужжат келтириши борасида ихтилоф йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Баййина (ҳужжат) даъвогарнинг зиммасида, қасам эса инкор қилувчининг зиммасида”968 деган сўзларига кўра, исбот қилиш даъвогардан талаб этилади. Муслим ва Аҳмаднинг ривоятида “Одамларга (қуруқ даъволари инобатга олиниб) сўраганлари берилаверганида, улар бир-бирларининг қонлари ва молларини даъво қилишган бўларди. Бироқ даъвогарнинг зиммасига ҳужжат келтириш юклатилган”, дейилади969. Чунки даъвогар ўзигагина аён, бошқаларга эса махфий ишни даъво қиляпти. Даъвони исботлаш, аввало, унинг ўзи учун зарур. Ҳужжатда исбот қилувчи қуввати бор. Чунки у холислар сўзидир, холислар эса гувоҳлардир. Шунинг учун ҳам холислар даъвогарнинг ҳужжати ҳисобланади. Қасам, гарчи у Аллоҳ таолонинг исми тилга олиш орқали амалга ошса-да, хусуматчининг лафзидир. Шунинг учун у ҳақни ошкор эта оладиган ҳужжат бўлолмайди, бироқ унга қарши даъво қилинаётганнинг ҳужжати бўла олади. Чунки даъво қилинаётган зоҳирни ушлаган (асос қилаётган) шахс.

Яъни нима бўлишидан қатъи назар, нарса унинг қўлида турибди. У зоҳирнинг ҳукмини барқарор қолдиришга муҳтож. Қасам гарчи сўз бўлса-да, у давомийликни таъминлаш учун кифоя қилади. Шулар туфайли баййина-ҳужжат даъвогарнинг, қасам эса гумондорнинг ҳужжати қилиб белгиланди. Ҳар нарса ўзига муносиб ўринга қўйилди. Бу эса ғоятда ҳикматлидир. Муҳаммад ибн Ҳасан “Асл” (Мабсут)да айтади: “Жавобгар – инкор қилувчи, иккинчиси эса – даъвогар. Бироқ иккисининг ўртасини ажратиш фиқҳ ва дақиқ эътиборни талаб қилади. Зеро, эътибор маънога бўлади, суратга эмас. Баъзан даъвогар суратидаги кишидан бир гап чиқиб, у инкор маъносида бўлиши мумкин. Масалан, ҳузурига омонат қўйилган кимса омонатни қайтарганини даъво қилса, у суратан қайтарганликни даъво қилганга ўхшайди. Аслида эса (маънан) зиммасига қайтариш вожиб эканини инкор этаётган бўлади. Юқорида зикр қилинган қоида – бири маънан ва ҳақиқатан даъвогар бўлган икки хусуматчи ҳақида. Бу борадаги ҳукм шуки, даъвогарнинг зиммасига баййина-ҳужжат, гумонланганнинг зиммасига қасам вожиб бўлади970.


967 Мажаллатул аҳкамул адлия. 1785-модда.

968 “Ҳужжат даъвогарнинг зиммасида...” ҳадиси Байҳақий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиснинг бир бўлаги. Унинг асли саҳиҳайнда. Лафзи қуйидагича: “қасам даъво қилинмишнинг зиммасида”. Ибн Ҳажар Асқалоний. Дироя фит тахрижи аҳадисил Ҳидоя. 2-ж. 175-б. Жамолиддин Зайлаъий. Насбур роя ли аҳодисил Ҳидоя. 4-ж. 95, 96-б.

969 “Инсонларга даъволарига кўра берилаверганида...” ҳадиси. Уни Байҳақий ўзининг Сунанида Ибн Аббосдан қуйидаги лафз билан ривоят қилган: “Инсонларга даъволарига кўра берилаверганида бир қанча кишилар баъзи қавмларнинг моллари ва қонларини даъво қилан бўлардилар. Бироқ даъвогарнинг зиммасида ҳужжат келтириш, инкор қилганнинг зиммасида қасам ичиш бор”. Икки шайх Ибн Аби Мулайкадан, у Ибн Аббосдан ривоят қилган. Жамолиддин Зайлаъий. Насбур роя ли аҳодисил Ҳидоя. 4-ж. 95, 96-б.

970 Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Ҳанафий. Ал-Ихтиёр литаълийлил мухтор. 2-ж. 109-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 4-ж. 461-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш Шарҳил кабир. “Манор”. 1348 ҳ.й. 11-ж. 451-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 146-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

851 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

847 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

972 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1035 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

702 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

746 21:50 24.05.2022
« Орқага