Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ислом фиқҳи босиб ўтган даврлар

583

Ислом фиқҳи босиб ўтган даврлар

Иккинчи давр. Саҳобалар замони

14 – Пайғамбаримиз вафотидан кейинги бу давр ўта муҳим, тарихий ҳодисаларга бойлиги билан ажраб туради. Жумладан, ўша кезлар футуҳотлар арабларга номаълум, ўз урфларига эга бошқа миллатлар билан мусулмонлар аралашуви кўп бўлди. Ана шу янги воқеалар юзасидан Аллоҳнинг ҳукмини билиш лозим эди. Бу даврда кўпгина саҳобалар тирик эди. Аммо улар ичида фатво берадиганларининг сони ўн учтадан ошмас эди. Юқоридаги ҳодисалар юзага келганда уларга мурожаат қилинган. Жумладан, Умар, Али, Зайд ибн Собит, Ойша, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Муоз ибн Жабал, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум ва бошқалар бунга мисол бўлади.

Саҳобалар ичида Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўрта миқдорда фатво берганлар. Бу зотнинг фатволари ўзларидан кейин келганларникига нисбатан кам. Чунки ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин кўп яшамаганлар, ҳижратнинг ўн учинчи йили вафот этганлар. Кўпроқ муртадлар ва закотдан бош тортганлар фитнасини ўчиришга, сўнг исломий қўшинни Рум ва Форсга йўллашга эътибор қаратдилар. Усмон, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумоларнинг ҳам фатволари йиғилса, бир ёки икки дафтар тўлади, холос.

Саҳобалар орасида саноқлигина масала бўйича фатво берганлари ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.

Шунингдек, айрим саҳобалар ўз ижтиҳодларида нассларни ҳуж­жат сифатида келтирган, ташриъ руҳига таянган бўлса, бошқалари ҳарфий ижтиҳодни маҳкам тутганлар. Биринчи тоифадаги имомлар Умар ибн Хаттоб ва ва у кишининг шогирди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар саналса, иккинчи тоифа намояндасига Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мисол бўла олади.

Мазкур давр бошларида, аниқроғи икки шайх Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар замонида Қуръон ва Суннатдан ташқари, кейинги авлод мурожаат қиладиган учинчи манба, яъни ижмоъ пайдо бўлди. Бирор мунозара юзага келса, халифа динда фақиҳ, дея танилган саҳобаларни ҳузурига чорлар, баҳсли масалани ўртага ташлар эди. Ўша таклиф этилганлар саҳобалар орасида таниқли, машҳур ва нуфузли зотлар саналарди. Агар улар баҳсли масала бўйича бирор ҳукмга иттифоқ қилишса, ҳукм ижмоъ мақомини олар ва кейинги авлод уламолари чиқарилган мазкур фатвога хилоф қилишлари жоиз кўрилмасди.

Ижмоънинг ҳужжат эканлиги ва унинг имконияти ҳақида шубҳага борганлар қанчалик шак қилмасинлар, у содир бўлган ва уни инкор этишга йўл йўқдир. Ижмоъга қуйидагилар мисол бўлади: агар чин буви якка ўзи бўлса, мероснинг олтидан бирини олади. Агар бувиларнинг сони кўп бўлса, улар олтидан бирига шерик бўлишади. Мусулмон эркакнинг китобийя аёлга уйланиши ҳалол, аммо муслима аёлнинг китобийга турмушга чиқиши ҳаром саналади. Қуръонни саҳифаларда жамлаш ҳам ижмоъ билан собит бўлган. Юқоридаги каби масалалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида учрамаган. Демак, мазкур ҳукмларга кейинчалик саҳобалар ўзаро иттифоқ қилишган ва ижмоъ юзага келган.

Икки шайхдан кейинги ижмоъ даъвосининг далилга эҳтиёжи бор. Чунки мужтаҳид саҳобалар турли томонларга, турли диёрларга тарқаб кетишган. Шунинг учун бунда фақиҳ, нари борса, бу масалада хилоф борлигини билмайман, дейиши мумкин.

Шундан маълум бўладики, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ижмоъни инкор этганлари хусусидаги қавл саҳиҳ эмас. У кишидан нақл қилинган “Ким ижмоъни даъво қилса, у ёлғончидир”, деган қавлдан икки шайхдан кейинги ижмоъни назарда тутилган.

Бу даврда фақатгина Қуръони карим тадвин қилинганди, холос. Суннат ва янги пайдо бўлган масалаларга тегишли саҳобаларнинг фатволари эса хотираларда сақланган ва ўша асосида нақл қилинган. Фақатгина баъзилар ўзларига эслатма учун айрим масалаларни ёзиб юришган.

Саҳобалар даврининг охирларига келиб, Зиннурайн Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлими билан фитна олови алангаланди. Сўнг бундай оғир ишлар Али розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам содир бўлди. Тафриқа туфайли нохуш ишлар юз бердики, унинг гулханида бугунимизгача куйиб ётибмиз. Шу даврда баъзи мутаассиблар ўзларининг раъйларини оқлаб, санадни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки кибор саҳобаларга боғлаб ҳадислар тўқий бошлашди. У мутаассиблар саҳобалар табақасидан бўлишмаган, балки исломга янги кирган кейинги табақадан эдилар.

Бу даврда фиқҳ Рум ёки Форс қонунларидан таъсирланмаган. Агар саҳобалар маъмурий-бошқарув низомларни улардан олишган бўлса, ислом шариати чизиғидан чиқиб кетишган, деган маънони билдирмайди. Балки, ҳукмларни тўғридан-тўғри, ёки ижмоъ, ё қиёс, ё истислоҳ йўли билан Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларига қайтаришдир. Мусулмонлар фатҳ этилган диёрларда кенг тарқаган кўпгина урф-одатларни бекор қилишган. Чунки улар Ислом ташриъсига нассан ва руҳан зид бўлган.

(давоми бор)

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг мавзуси

517 22:05 07.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

502 22:05 06.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

486 22:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

600 22:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

574 22:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

570 22:05 02.12.2021
« Орқага