Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ислом фиқҳи босиб ўтган даврлар

916

Ислом фиқҳи босиб ўтган даврлар

12 – Бу муқаддиманинг мақсади ислом фиқҳи тарихини батафсил ёритиб бериш эмас. Чунки бу ишнинг ўзига хос илми бўлиб, у Ташриъ тарихи деб танилган ва бу ҳақда алоҳида китоблар таълиф қилинган. Лекин ана шу тарихга бир назар ташлаб ўтишимиз керакки, ўқувчи мавзуни яхши тушунсин ва бу фиқҳ бошқа миллатлар фиқҳидан мустақил эканига ишонч ҳосил қилсин.

Ислом фиқҳи бир неча даврларни босиб ўтган. Уларнинг баъзиси бошқаси ичига кирган ва олдингиси кейингисига ўз таъсирини ўтказган. Биз бу даврлар замон нуқтаи назаридан жуда аниқ ажраган, дея олмаймиз. Илло, биринчи давр – нубувват асри бундан истисно. Чунки у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рафиқул-аълога кўчишлари билан ўзидан кейинги даврдан жудаям аниқ ажраган.

Биринчи давр. Нубувват асри

13 – Бу давр ваҳийга тўлиқ таянган маккий ва маданий даврдир. Шу даражадаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша даврда қилган ижтиҳодлари ёки у зотнинг саҳобалари томонидан ўзлари борликлари ёки йўқликларида, аммо кейин билиб иқрор қилган ёки рад этган ижтиҳодий масалалар ҳам ҳаммаси ваҳийга таянгандир. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ижтиҳодни тасдиқласа, у ваҳий йўли билан ташриъ этиш бўлади. Агар уни рад этса, бу ҳолда ваҳий иқрор этган ташриъга таянилади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ижтиҳодлари қанчалик исбот ва рад этилмасин, ҳақиқат шулки, у зот ваҳий нозил бўлмаган айрим масалаларда ижтиҳод қилганлар. Гоҳо Аллоҳ у зотнинг бу ижтиҳодларини тасдиқлаган бўлса, гоҳида ундан кўра афзалроқ йўлни баён этган.

Шундан маълум бўляптики, бу давр “унда-бунда”ги бегона фиқҳлардан таъсирланмаган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаллим кўрмаган оми бўлганлар. Рум ёки бошқа улкан давлатлар қонунидан бехабар жайдари миллат ичида улғайганлар.

Тўғри, ўша пайтлар ҳам анъаналар, урфлар мавжуд бўлган. Гоҳида ана шу урфлардан айримларини Шореъ тасдиқлаган. Гоҳида эса Шореъ ўша урфларни бекор қилган. Буларга фарзанд қилиб олиш, зиҳор урфи, арабларда маълум бўлган баъзи никоҳ турлари, одатларида мавжуд рибо битими ва бошқалар мисол бўлади. Исломга душманликда қанчалик ҳаддидан ошмасин, бирор инсон, шариат ўша даврдаги бошқа миллатларнинг қонунларидан таъсирланган, дея олмайди.

Бу даврда фақат Қуръони каримгина қоғоз, суяк, тери каби жиҳозларга битилган. Одамларга Аллоҳнинг Каломи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари билан аралашиб кетишидан хавф қилингани учун ундан бошқа нарсаларни ёзиш таъқиқланганди. Чунки бундай аралашув аввал ўтган умматларда содир бўлган. Улар Аллоҳнинг Каломи билан, пайғамбарларининг, олимларининг, роҳибларининг сўзларини аралаштириб, уларнинг ҳаммасини Аллоҳнинг ҳузуридан тушган муқаддас китоблар деб эътибор этишган. Лекин Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос каби баъзи саҳобийларга ҳадиси шарифларни ёзиб боришга изн берилган. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганларини битиб, уни “Содиқа” деб номладилар. Али каррамаллоҳу важҳаҳуга эса жонлар (қотиллик) ва дияларга алоқадор баъзи масалаларни ёзишга рухсат берилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббиларининг рисолатини йигирма уч йил давомида етказгандан кейин Рафиқул-аълога кўчдилар. Мазкур муддатдан ўн уч йили Маккада ўтиб, бу даврда Аллоҳ субҳаноҳу ва таолога тааллуқли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рост пайғамбар эканлигини далилловчи, шунингдек, охират куни борасидаги ақида қарор топ­тирилди. Қолаверса, бу даврда гўзал хулққа, одоб-ахлоққа чақиришга ва ёмон ишлардан қайта- 24 ришга эътибор қаратилди. Агар бу даврда жониворларни сўйишга доир айрим фаръий ҳукмлар келган бўлса, бу ҳукмлар ҳам ақидага алоқадор эди.

Мадина даври эса, амалий ташриълар пайдар-пай нозил бўлган замондир.

Тарихдан маълумки, ислоҳот даъватчилари йиллар мобайнида назариётлар ишлаб чиқишган, аммо бу назариётлари самарасини кўриш учун яшамаганлар. Лекин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташриъ тўла-тўкис бўлиб, кўп ишларда уларни амалий татбиқ этмагунча Рафиқул-аълога кўчмаганлар. Пайғамбарликнинг Мадина даври худди ғазотлари билан, айниқса, эътиборга лойиқдир. Юқорида тилга олинган татбиқлар турли соҳаларга: оила, ҳукмронлик Низоми, ёки савдо ва олди-бердилар каби муомалотларга тегишли бўлган. Аллоҳ таоло рост айтади: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).

(давоми бор)

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

238 22:05 24.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ўзини-ўзи талоқ қилиш ихтиёри берилган аёлнинг иттиҳодул мажлиси

540 22:05 23.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Эҳромда жимоъ фидясининг киришиб кетиши

756 22:05 22.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Эҳромда иттиҳодул мажлис бўла туриб қилинган жиноят фидясининг бир-бирига киришиб кетиши

501 22:05 21.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Никоҳ ақдида иттиҳодул мажлис

501 22:05 20.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: рибавий маҳсулотларда икки томондан қабз қилиш

491 22:05 19.01.2022
« Орқага