Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: исқот – соқит қилиш

991

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм 59-қисм 60-қисм 61-қисм 62-қисм)

4. اإلسترباء] Ал-Истибро́ у]: Бу сўз икки маънода келади: биринчиси – бачадоннинг тоза, яъни бошқанинг сувидан пок эканлигини аниқлаш. У аёлларга идда вожиб бўлмаган ҳолатларда жорий бўлади. Унинг ҳукмлари ўз истилоҳида батафсил баён қилинган; иккинчиси – икки махражнинг нопокликлардан тозалаш талаби. Унга оид батафсил ҳукмлар “Қазоул ҳожа” истилоҳида келади.

б) اإلسقاط] Ал-Исқо́ ту] исқот – соқит қилиш:

5. Исқот – луғатда “йўқотмоқ”, “йўқ қилмоқ” маъноларини англатади. Истилоҳда эса у мулк ёки ҳақни эгасига қайтмайдиган қилиб йўқотиш (соқит қилиш) деган маънони билдиради. У ибро каби бошқа бир шахснинг зиммасидаги, дейлик, қарздорнинг қарзи сингари ҳаққа нисбатан ҳам воқеъ бўлади. Шунингдек, у, масалан, шуфъага ўхшаган, зиммани банд қилмайдиган, шариат ҳукми билан собит бўлган ҳақларга нисбатан ҳам воқеъ бўлади. Исқот бирор эваз ёки эвазсиз ҳам бўлаверади. Ибро – исқотдан хосроқ. Яъни ҳар бир ибро исқотдир, лекин барча исқот ибро эмас.

Ибро исқотнинг бир кўриниши эканлигига Қарофий раҳматуллоҳи алайҳдан далолат мавжуд. У зот исқотни иккига бўлган:

1. Хулуъ каби эваз баробарига бўлган исқот;

2. Эвазсиз бўлган исқот. Бунга қарзларни кечиб юборишни мисол қилган. Бу масаланинг ҳам батафсил баёни келади.

Исқот, уламолар иттифоқига кўра, ўзи воқеъ бўлган нарсани (қарз ва мажбуриятларни) буткул тарзда соқит қилувчидир. Ибронинг эса мулк қилиб бериш маъносига эга соқит қилиш ёхуд фақатгина мулк қилиб бериш ёки фақатгина соқит қилиш экани борасида ихтилоф қиладилар. Яна шуни қўшиб қўйиш керакки, шофеъийлардан Имом Қалюбий раҳматуллоҳи алайҳ қасосдан бошқа нарсаларда тарк этишни (яъни воз кечиш) исқот эмаслигини айтган. Бу фақатгина ибро деган. Имом Қалюбий ўз мазҳаби қарашларидан келиб чиқиб, эҳтимол, юқоридаги фикрларни илгари сурган. Гоҳида ибро исқот ўрнида ҳам ишлатилади. Масалан, “хиёри айб” бобида айбдан ибро қилиш – ихтиёрни соқит қилиш эканлигига ишора мавжуд.

в) اهلبة] Ал-Ҳибату] – ҳиба:

6. Ҳиба – луғатда “ҳар қандай таъмалардан холи ҳадя”, яъни кимдир бирор нарсани кимгадир чин кўнгилдан тортиқ қилишидир. Шариатда эса ҳиба деб – бирор буюмни ҳеч бир манфаат кўзламаган ҳолда кимгадир мулк қилиб беришга айтилади. Ҳибанинг иброга мувофиқ жиҳати, масалан, қарздорга қарзни ҳиба қилишдир. Ҳибанинг қайтиб олинишини жоиз санамайдиган жумҳур уламолар наздида, айнан шу ҳолатдагина ҳиба ва ибро бир хил маънога эга бўлади.

Аммо умумий тарзда ҳибани қайтиб олишни жоиз санайдиган бизнинг ҳанафий мазҳабимиз уламолари наздида, ибро қарздорга қарзини ҳиба қилишдан бошқа нарсадир. Чунки ибро қабул қилиб олгандан сўнг уни қайтиб олиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилинган. Сабаби у соқит қилишдир. Машҳур қоидага кўра, соқит бўлган нарсанинг қайтиши жоиз эмас. Аммо қарзни қарздордан бошқасига ҳиба қилишнинг иброга ҳеч ҳам алоқаси йўқ. У ҳақидаги ихтилоф ва батафсил маълумотлар “Ҳиба” ва “Қарз” иборалари баёнида келади.

в) الصلح] Ас-Сулҳу] – Сулҳ

7. Сулҳ – луғатда “мувофиқ қилмоқ”, “келиштирмоқ” маъносини англатади. Шариат истилоҳида эса сулҳ – низони бартараф қилишга ёки икки томон ўртасидаги тортишувни ўзаро розилик билан тўхтатишга сабаб бўлувчи келишувдир.

Фиқҳ илмидан маълумки, сулҳ иқрор, инкор ёки сукутдан ҳосил бўлади. Агар сулҳ иқрордан бўлса, низоли нарсанинг, масалан, қарзнинг бир қисмини соқит қилиш ҳамда қолганини тўлашга келишилади ва бу келишув моҳиятан иброга ўхшаб кетади. Чунки бунда ҳақнинг баъзисини олиш, қолганидан кечиш бор. Агар сулҳ бадал олиш эвазига амалга ошса, бу муоваза, яъни айирбошлаш бўлади.

Шунингдек, агар сулҳ сукут ёки инкор орқали юз берса ва даъвогар ҳақидан бир қисмини соқит қилишни ўз ичига олса ҳам, ҳолат шундайдир. Бу сулҳ даъвогарга нисбатан ҳақнинг баъ­зисидан ибро қилишдир. Шу билан бирга, у жавобгар шахсга нисбатан қасамдан қутулиш учун товон тўлаш ва тортишувни тўхтатишдир.

Моликийлардан ибн Жузай раҳматуллоҳи алайҳ сулҳни икки турга бўлади: биринчиси – исқот ва ибро. “Бу мутлақ жоиз”, дейди; иккинчиси – эваз баробарига сулҳ қилиш. “Агар ҳаромга олиб бормаса, бу ҳам жоиз”, дейди.

г) اإلقرار] Ал-Иқро́ ру] – иқрор:

8. “Ишониш”, “эътироф қилиш” – иқрор сўзининг луғавий маъноларидандир. Истилоҳий таърифида эса у “ўз зиммасидаги бошқа шахснинг ҳақидан хабар бериш” деган маънони билдиради. Гоҳида иқрор қарзни тўлиқ олиш маъносига ҳам тўғри келади. Шу вақтда у бароатга иқрор қилиш бўлади. Чунки ибро ҳақни тўла олиш ёки уни соқит қилишдир. Қарзни тўлиқ олганига иқрор ҳам, мутлақ ибро ҳам низони тўхтатади ва хусуматни бартараф этади. У иккаласидан мурод биттадир. Шунинг учун иккиси ҳам тушунча жиҳатидан фарқ қилса-да, уларнинг бири билан иккинчиси таъбир қилинаверади.

Иброни даъво қилиш иқрор бўлганини тақозо қилади. Масалан, бир киши “Фалон нарсадан мени ибро қилгандинг”, деса, ёки “Мени фалон нарсадан ибро қилгин”, деса, гапирувчининг бу гаплари зиммаси нима биландир (яъни ўша фалон нарса билан) банд эканини тан олиш ва эътироф этишдир. Ҳамда бу зиммасидаги нарсани соқит қилишнинг даъвосидир. Асл – ибро бўлмаган. Гапирувчига ибро бўлганига ёки зиммасидаги нарсани тўлаганига далил-ҳужжат келтириш лозим бўлади.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳодга лаёқат

165 21:50 22.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: ИЖТИҲА́ ДУН – ижтиҳод

340 21:50 21.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Шахслар томонидан  мажбурлаш

415 21:50 20.05.2022

Қимор аҳкомлари

377 17:45 20.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ҳокимнинг мажбурлаши

316 21:50 19.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Шариат ҳукми билан мажбурлаш

404 21:50 18.05.2022
« Орқага