Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: манфаатнинг маълумлиги

1141

(150-қисм 151-қисм 152-қисм 153-қисм 154-қисм 155-қисм 156-қисм 157-қисм 158-қисм 159-қисм 160-қисм 161-қисм 162-қисм 163-қисм 164-қисм 165-қисм 166-қисм 167-қисм 168-қисм)

32. Ижара объектини баён қилиш билан манфаат тайин топади. Масалан, “Бу ҳовлини ижарага бердим” дейилгани каби. Гоҳида кийимни тиктириш учун бир кишини ёллаб, унга тикиш турини баён қилганидаги сингари ўз-ўзидан ҳам тайин топаверади. Гоҳо эса таомини маълум бир жойга етказиб бериши учун кишини ёллаш сингари тайин ва ишора қилиш билан билинади.

33. Манфаат объекти баён этилишининг шарт қилиниши ижара ақдини айнларнинг ижараси ёхуд зиммадаги сифатланган ижара юзасидан тузилганини аниқ кўрсатади. Биринчисида, манфаат ижарага тайин қилинган буюм ёки мулкнинг айнан ўзидан олинади. Манфаатга путур етса, ижара ақди ҳам бузилади. Яшаш учун ҳовлини ижарага олиш бунга мисолдир. Иккинчисида, яъни зиммадаги сифатланган ижарада манфаат васф билан чегараланган доирада бўлади, (изоҳ: кимдир ақдга кўра, ёлланган тикувчига, фалон газламадан, фалон бичимдаги кўйлак тикиб берасан, деб айтса, буюртмачининг манфаати ўзи васф этган, яъни таърифлаган кўйлакка эга бўлиш билан чегараланади). Агар кўзланган манфаат тайин қилингандан кейин, унга путур етса (дейлик, ёлланма тикувчи буюртмачи истаганидан бошқача либос тикиб қўйса), буюртмачи, яъни ижарага берувчи бошқа манфаатни тақдим этади.

Ҳанбалийларда, шунингдек, шофеъийлар наздидаги бир фикрга кўра, ижарадан олдин ижарага берилаётган айнни кўриш шарт қилинади. Акс ҳолда, ижарага олувчида кўриш ихтиёри собит қолаверади. Лекин ҳанбалийлар буни айрим ижаралардагина шарт қилганлар. Сут эмизувчининг ижарасида болани кўриш, зироат учун бўлган ернинг ижараси шулар жумласидандир. Шофеъийлар буларнинг барчасини умумлаштирадилар1123.

34. Жумҳур фақиҳлар ижара ақди тузилаётган манфаатни тайин қилишда урфни эътиборга олганлар. Зеро, фойдаланиш кайфияти урф ва одатга қараб бўлади. Бундаги фарқ оз бўлиб, низолашувга олиб бормайди1124.

Шофеъийлар манфаат тўла ҳосил қилингач, ҳаққа эга бўлиш борасида тўрт хил кўринишни айтишган:

биринчиси – ишчига ҳақ лозим бўлади. Бу – Музаний раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзи. Чунки ишчи ўз меҳнатини сарфлади. Демак, унга ҳақ тўлаш шарт;

иккинчиси – агар ишга ёлловчи тикувчига “Буни тик” деса, унинг зиммасига тикувчига ҳақ тўлаши лозим бўлади. Агар гапни тикувчи бошлаб: “Либосни тикиб беришим учун менга бер” деса, ҳақ лозим бўлмайди. Бу Абу Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзидир. Чунки буюртмачи буюриш билан ишчига ишни лозим қилди. Иш эса тайинланмаган ҳақсиз лозим бўлмайди. Шундай экан, буюрилмаган ўринда ҳақни келтириб чиқарадиган нарса топилмайди. Шу сабабдан иккинчи ҳолатда ҳақ лозим эмас;

учинчиси – агар тикувчи тикиш эвазига ҳақ олиши (урфда) маълум бўлса, ижарадаги буюртма учун унга ҳақ тўлаш шартдир. Агар у тикиб бериши эвазига ҳақ олиш ила номи чиқмаган бўлса, демак, унга ҳақ тўлаш лозим эмас. Бу Абул Аббос раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзидир. Қачонки, тикувчи ҳақ олиш билан танилган бўлса, урф унга ҳақ тўлашни шарт қилиб қўяди1125; тўртинчиси – ишчига бирор ҳолатда ҳақ лозим бўлмайди.

Шофеъийларда ушбу фикр олинган. Чунки ишчи ўзининг ҳақини эвазсиз сарфлади. Бу ўзининг овқатини бошқа кишига едириб, сарфлаганга ўхшайди. Шу сабабдан, унга эваз вожиб эмас.

Юқоридаги тўрт кўринишдан маълум бўладики, шофеъий уламоларидан бўлган Абул Аббос раҳматуллоҳи алайҳ урфни ҳакам қилишда жумҳур уламолар билан биргадир.

35. Яшаш учун ижарага ҳовли олиш сингари манфаат зотида маълум бўлса, ижара муддатини баён қилиш билан ҳам манфаат тайин топаверади. Муддат маълум эканки, манфаат миқдори ҳам маълум. Яшовчиларнинг кўплиги юзасидан келиб чиқадиган тафовут эса, ҳанафийлар айтганидек, енгилдир.

М а з ҳ а б б о ш и л а р и м и з д а н Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳлар: “Топшириш ила ҳақ вожиб бўладиган ҳар қандай нарсанинг топшириш вақти номаълум бўлса, ундай ақд ботил ҳисобланади”, деб айтишган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса буни жоиз деб билади.

Бу шарт доимий бўлмай, хизмат учун қулни, таом пишириш учун қозонни ва кийиш учун кийимни ижарага олгандек, баъзи ижараларда уни қўллаш лозим бўлади. Баъзиларида эса бу шарт қўйилмайди1126.

Ҳанбалийлар бу борада аниқ қоида ишлаб чиққанлар. Улар айннинг муддатли ижарасида муддат маълум бўлишини шарт қилишган. Масалан, ҳовли ва ернинг ижарасида, хизмат қилиш, қўй боқиш, кийим тўқиш ёки тикиш учун бирор одамни ижарага олиш каби ишларда. Чунки муддат ақд қилинаётган нарса учун чегара ва у ана шу чегара билан билинади. Айтишларича, агар муддат узун бўлса, ана шу белгиланган вақт ичида ўша айннинг мавжуд бўлиб туришига ишонч бўлиши ҳам шарт қилинади. Аммо маълум иш учун айннинг ижарасида муддатнинг эътибори йўқ. Бунга тайинли бир манзилга миниб бориш учун зиммада таърифланган уловнинг ижараси мисол бўла олади. Бу борада шофеъийлар фикри умумий тарзда ҳанбалийларникига мувофиқ келади1127.

Моликийларнинг нуқтаи назари ҳам шунга яқин. Улар: “Баъзи ижараларда муддат чегараланади. Мисол учун, уловники – бир йил, хизматчиники – ўн беш йил, ҳовли ҳолатига қараб, ер эса – ўттиз йилгача. Тикиш ва шунга ўхшаш айн нарсалар устида амалга ошириладиган ишларда вақтни тайин қилиш жоиз эмас”, деганлар1128.

36. Шунингдек, муштарак иш бажарувчида ҳам муайян ишни топшириш билан манфаат тайин топади. Бу ҳолат муштарак ижарада ҳунармандларни ишга ёллашда кўринади. Чунки ишчи ёллашда уларга қўйилаётган вазифанинг ноаниқлиги низолашувга олиб боради. Тикишми, ясашми, хуллас, шунга ўхшаш бирор ишни тайин қилмай, бирон ҳунармандни ёлласа, бу ақд жоиз бўлмайди. Ишнинг жинсини, турини, миқдори ва сифатини баён қилиш лозим.

Аммо хос ижарачини ишга ёллашда муддатни баён қилишнинг ўзи кифоя. Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар манфаатнинг миқдори шундоқ ҳам маълум бўлса, у кўйлак тикишда бўлгани каби ишнинг ўзи билан ўлчанади. Чунки ўзи шундоқ ҳам маълум бўлиб турган нарса бошқаси билан белгиланмайди. Агар бир кишини девор уриш ишига ёлласа, токи деворнинг узунлиги, кенглиги ва бино қилинадиган нарсани зикр қилмагунича ақд дуруст эмас”1129.

37. Манфаат иш ва муддатни биргаликда баён қилиш билан тайин топади. Яъни бир киши бошқа кишига: “Сени бу матони менга бугун тикиб беришинг учун ишга ёллайман”, дейди. Ушбу мисолда манфаатни иш билан, яъни кўйлак тикиш билан тайин қиляпти. Шунингдек, “бугун” сўзи орқали манфаатни муддат билан ҳам тайин қиляпти.

Иш ва муддат тайинлаш ўртасини жамлаш борасида фақиҳларнинг икки хил қарашлари бор:

Биринчи қарашга кўра, бу жамлаш жоиз эмас ва бу билан ақд фасод бўлади. Зеро, муддатга тузилган ақд бирор ишсиз ҳам ҳақнинг вожиб бўлишини тақозо қилади. Чунки ана шу суратда у хос ижарачи деб эътибор қилинади. Ишни ҳам баён қилиш билан эса у муштарак ижарачига айланади ва ҳақ ишга боғланади. Бу Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳларнинг фикри ҳамда имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ наздидаги бир ривоятдир1130.

Иккинчи қарашга кўра, мазкур жамлаш жоиздир. Чунки ақддаги мақсад – иш. Муддатни зикр қилиш эса фақатгина ишни тезлатиш учундир. Бу Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг икки шогирди ва моликийларнинг сўзи ҳамда имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ наздидаги яна бир ривоятдир.

Бунинг тўлиқ баёни хос ва муштарак ижарачи ҳақида сўз юритилганда келади.

38. Ақд кучга киришининг лозим бўлиши учун ундан фойдаланишни ман қилувчи узр бўлмаслиги шарт. Ҳанафий мазҳабимиз шу сўзни ихтиёр қилганини юқорида айтиб ўтган эдик. Чунки ижарадаги асл қоидага кўра, ижара лозимий ақд эканига иттифоқ қилинган бўлса-да, у ёлғиз бир томоннинг истаги билан бузилиши жоиз эмас. Лекин ҳанафий фақиҳларимиз: “Ижара фойдаланиш учун машруъ қилинган. Унинг давомийлиги манфаатнинг давомийлигига боғлиқ. Агар фойда узрли сабаб билан тўхтаб қолса, ақд ҳам шарт бўлмай қолади”, дейишган. Моликийлар ҳам битим тузилган вақтда тайин этилмаган ҳовли, дўкон, ҳаммом, кема, шунингдек, тайин қилинган улов каби тўла фойда олинадиган нарсанинг узрли бўлиб қолиши билан ижара бекор қилинишини баён этганлар. Улар: “Албатта, узрли бўлиб қолиши талафот етишидан умумийроқдир”, дейишган.

Шофеъийлар узрни ақдни бекор қилувчи сабаб, деб билишган. Шунинг учун ҳам улар устида ақд тузилган нарсанинг узрли бўлиб қолиши сабабли ақд бекор қилинишини айтишган. Бу худди киши тишини олдириш учун бошқа бировни ишга ёллаб, кейин оғриғи тўхтаб қолгандаги ҳолатга ўхшайди1131. Бу ҳақда “Бекор қилиш билан ижаранинг тугаши” деган ўринда сўз юритилади.


1123 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 395, 396- б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 5-ж. 357 ва 368-б.

1124 Усмон ибн Али Зайлаъий Ҳанафий. Табйинул ҳақоиқ шарҳу Канзид дақоиқ. 5-ж. 113- б. Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 241-б. Мажаллатул аҳкамул адлия. 527-модда. Аш-Шарҳус сағир. 4-ж. 39-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 23, 24-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 5-ж. 511-б.

1125 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 417, 418-б.

1126 Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 231-б. Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 411-б.

1127 Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396, 400- б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 5-ж. 324-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 4-ж. 2, 5-б. Абдуссалом ибн Абдуллоҳ Мажидуддин. Ал-Муҳаррар фил фиқҳ. “Ас-Суннатул Муҳаммадийя”. 1-ж. 356-б.

1128 Аш-Шарҳус сағир. 4-ж. 160, 170-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 12-б. Шиҳобиддин Қарофий. Ал-Фуруқ. 208-фарқ.

1129 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 184-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396, 398-б. Мансур ибн Юнус Буҳутий. Кашшофул қиноъ ъала матнил Иқно. 4-ж. 5, 7-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 12-б.

1130 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 185-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 12-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 396-б. Абдуссалом ибн Абдуллоҳ Мажидуддин. Ал-Муҳаррар фил фиқҳ. “Ас-Суннатул Муҳаммадийя”. 1-ж. 356-б.

1131 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 198-б. Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 3-ж. 250-б. Ал-Фатавол ҳиндия. 4-ж. 411-б. Иброҳим ибн Али абу Исҳоқ. Ал-Муҳаззаб фий фиқҳил Имом Шофеъий. 1-ж. 406-б. Аш-Шарҳус сағир. 4-ж. 49-б. 1132 Мушоъ – икки ёки ундан ортиқ киши ўртасидаги мулк бўлиб, у шериклар ўртасида нисбий тақсимланган бўлади. Яъни, ўзининг мулки бировнинг мулки билан таъйин топмаган ҳолда бирлашганидир. Масалан, ҳовлига биров билан шерик. Лекин айнан бир томони ёки бир қисми уники эмас.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

1003 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

942 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

1108 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1171 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

828 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

874 21:50 24.05.2022
« Орқага