Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: мазҳабларнинг боқийлиги ва кенг тарқаши

825

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм 12-қисм)

Мазҳабларнинг боқийлиги ва кенг тарқаши 

35 – Олдин ўтдикки, баъзи мазҳаблар йўқолиб кетган, баъзилари эса сақланиб, ривожланган экан. Баъзи тарихчилар бунинг сабаби ҳокимият ва нуфуз кучига бориб тақалади, дейишади. Бу фикр мутлақо рад этилади. Мазҳаблар сақланиб қолиши ва ёйилишида ҳокимият ва нуфузнинг таъсири жуда кам. Ҳақиқат шуки, мазҳабнинг сақланиб қолиши ёки кенг ёйилиши, аввало, одамларнинг шу мазҳаб эгасига ишончлари, ундан рози эканлари ва асҳобларнинг мазҳабни ёйишдаги қуввати, ҳаракати, ҳамда унинг масалаларини таҳқиқ этишлари, тушуниш учун осонлаштириш ва моҳирона баён этишлари сабаб бўлган. Бу ерда мавжуд ҳокимиятнинг ҳеч қандай аҳамияти кўринмайди.

36 – Дин ишлари бўйича бирор олимга тақлид қилган кишига нисбатан баъзилар жуда кўп таъна-маломат қилишади. Ҳатто айримлари муқаллидларни қуйидаги оятдаги мушрикларга ҳам ўхшатишади: “Балки, улар (шундай) дерлар: “Бизлар ота-боболаримизни бир дин узра топганмиз ва албатта, бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топувчилардирмиз” (Зухруф сураси, 23-оят). Чиндан ҳам динда заруратан маълум ақида ва асосий масалаларда қандай мартабага эга бўлмасин, бирор олимга тақлид қилиш йўқ. Бу масалалар, гарчи Ислом фиқҳи умумий тарзда бўлса ҳам шариат соҳибидан собит эканига тўла қаноат ҳосил қилиш лозимдир. Аммо тафсилий далиллари илм талаб этадиган фаръий масалаларда, оммани муҳокамага, мунозарага жалб этиш имконсиз, машаққатли ишдир. Агар ҳар бир мусулмондан ҳар бир масалага мужтаҳидларча ёндашувни талаб қилсак, бошқа касбу ҳунарлар тўхтар ва одамларнинг манфаати зое бўларди.

Бу тўғрида гапни чўзиш ўринсиз. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши асрлардан эканига гувоҳлик берган даврда яшаган умматнинг салафлари ҳам ёппасига мужтаҳид бўлишмаган. Аксинча, мужтаҳидлар ҳаддан ташқари озчиликни ташкил қилишган. Саноқлари кўпи билан ўн уч кишидан ошмаган. Албатта, кимнинг ижтиҳодга кучи етса, ижтиҳод қилсин. Ижтиҳод сабаблари ва шартларини эса, иншааллоҳ, бу энциклопедиянинг усулий иловасида батафсил баён қиламиз. Энг ажабланарлиси, ҳаддан ошганлар ижтиҳод борасида айтишади: “Шахснинг мужтаҳидга айланиши учун олдида Қуръон, Абу Довуднинг “Сунан”и ва араб тили луғати бўлиши кифоя. Бу билан у мужтаҳидга айланади, унинг энди имомларга тақлид қилишига ҳожат йўқ”. Агар мужтаҳидликка Мусҳаф, Абу Довуднинг “Сунан”и ва луғат етарли саналганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамма саҳобалари мужтаҳидлик мақомини оларди.

Чунки улар тоза араб бўлишган ёки холис арабий муҳитда улғайишган. Қуръон нозил бўлишига гувоҳ, ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларига яқин даврларда ҳаёт кечиришган. Худди шу ҳақиқат юқоридаги даъволарни ёлғонга чиқаргани кўриниб турибди. Зонний ишларда имомларга эргашиш ширк ва уларни муқаддаслаштириб олиш, динда асли йўқ сўздир. Чунки илмли киши у ёқда турсин, ҳатто оми ҳам имомларда ҳалол ва ҳаром қилиш ҳуқуқи бор демайди. Чунки бу Аллоҳ таолонинг холис ҳаққидир. Балки, улар тўғрисида оддий одамларнинг бор эътиқоди – уларнинг бири ё бошқасининг илмига ишониш, динига ишониш ва Аллоҳнинг динида омонатдор эканларини тасдиқлашдир. Ажабки, ижтиҳод даъвосидагиларнинг ва унга чақирувчиларнинг аксари шаръий ҳукмни истинбот қилиш у ёқда турсин, Қуръондан бир оятни тўғри ўқиб беришнинг уддасидан чиқолмайдилар. Ваҳоланки, луғатни чуқур билиш, носих ва мансух, ом, хос, мутлақ ва муқайяд, ҳамда хос тайёргарлик талаб қиладиган илмларда олимликка эришиш мужтаҳиддан энг камида талаб қилинадиган сифатлардир. Буларга эга бўлиш эса жуда кам кишиларга насиб этади.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг мавзуси

516 22:05 07.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

501 22:05 06.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

485 22:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

599 22:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

572 22:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

569 22:05 02.12.2021
« Орқага