Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: мазҳабларнинг боқийлиги ва кенг тарқаши

853

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм)

37 – Шу муносабат билан мусулмон киши билиб қўйиши керакки, шахс ибодатида, муомалотида, дуч келган муаммоси ечимини топишда хос мазҳабни тутиши зарурий иш эмас. У шаръий ҳукмни илмига ва динига ишонган, қалби таскин бера оладиган шахсдан излаши лозим. Айтганимиз динда заруратан маълум масалаларга эмас, бошқаларига тегишли. Чунки бунда мусулмонлар салафидан тортиб халафигача билган сўздан бошқача сўз айтганнинг қавли қабул қилинмайди. Масалан, одамлар рибонинг ё хамрнинг ҳалоллиги ёки намозни тарк этиб, ўрнига садақа бериб қўявериш ҳақида қанчалик фатволар бермасинлар, бу асло инобатга олинмайди. Шунга ўхшашларнинг фатвосига амал қилиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг олдида бандага узр бўлолмайди.

Ижтиҳод эшигини ёпиш 

38 – Олтинчи ҳижрий асрга келиб баъзи уламолар ижтиҳод эшигини ёпишга чақирдилар, “Олдингилар кейингиларга ижтиҳод қилиш учун ҳеч нарса қолдирмадилар”, дедилар. Уларнинг бу тўғридаги ҳужжатлари ҳимматларнинг сусайиб кетгани, масъулиятнинг хароб бўлгани ва мустабид ҳокимларнинг ўзбошимчалиги эди. Лаёқатсиз кишиларнинг журъат қилишларидан хавфсираб, ҳамда фасод тирқишларини тўсиш учун улар ижтиҳод эшигини ёпишга фатво бердилар. Ва аввалгиларнинг раъйларига қаршилик қилган айримлар авомнинг ҳам, хоснинг ҳам ғазабига дучор бўлишди. Лекин гоҳи-гоҳида ижтиҳод даъво қиладиган, мужтаҳид аталадиган кишилар ҳам пайдо бўлиб туришди. Уларнинг ҳам ўзларига яраша фатволари бўлган. Ибн Таймийя, ибн Қаййим ва ҳанафий мазҳабидаги Камол ибн Ҳумомлар бунга мисолдир. Уларнинг мазҳабдан ташқарига чиққан ижтиҳодлари бўлган. Улар қаторига “Жамъул жавомиъ”нинг муаллифи Тожиддин Субкий у кишининг отасини қўшиш мумкин.

Нима бўлган тақдирда ҳам уларнинг ижтиҳодлари бир раъйни бошқасига таржиҳ қилишдан ёки олдинги имомлар дуч келмаган янги муаммони ечишдан ташқарига чиқмаган. Биз ишонамизки, уммат ичида Аллоҳнинг Китоби, Расулининг Суннати, ижмоъ ўринлари ва саҳоба, тобеъийлар ва улардан кейин келганларнинг фатволарини биладиган мутахассис уламолар бўлиши керак. Шунингдек, бу уламолар Қуръони каримдан, у нозил этилган ва Суннати набавийя тадвин қилинган араб тилидан мукаммал хабардор бўлишлари лозим. Албатта, энг аввало улар тўғри эътиқодда бўлишлари ва Аллоҳ йўлида маломатлардан қўрқмасликлари даркор. Шунда уммат ўз муаммоларида, дуч келган масалаларида уларга мурожаат қилади. Шунда ижтиҳод эшиги ланг очилиб кетмайди.

Мусҳафдаги Аллоҳнинг Китобидан бир оятни қироат қилишни уддалай олмайдиганлар, шунингдек, турли мавзуларни жамлашни ва бирини бошқасига таржиҳ қилишни эплолмайдиганлар бу ланг эшикдан кира олмайди. Ижтиҳод эшиги ёпиқлигига фатво берганлар нохолис шахслар мужтаҳидлик даъвосини қилмасин, деган хавфда бу ҳуқуқни чеклашга уринганлар. Чунки нохолис, ясама мужтаҳидлар Аллоҳга ёлғон тўқийдилар. Яъни ҳеч бир далил ва ҳужжатсиз, бу ҳалол ва мана бу ҳаром, дейишдан тоймайдилар. Аксарияти ҳокимларни рози қилиш учун айтадилар. Масалан, наслни чеклаш учун абортни жоиз деб фатво берадиганлар ҳам бор. Чунки баъзи ҳокимларга шу маъқул келади ва буни “оилани режалаштириш” деб қўйишади.

Ана шуларга ўхшаганлар парҳезкор уламоларни ижтиҳод эшигини ёпганликда айблашади. Лекин бизнинг фикримизча ҳам ижтиҳод ҳаромлигини айтиш ва унинг эшигини тўлалигича ёпиш шариатга нассан ва руҳан тўғри келмайди. Балки, бу хусусда тўғри йўл ижтиҳоднинг мубоҳ эканидир. Барча шартларни ўзида жамлаган олимга бу вожибдир. Чунки уммат илгари воқеъ бўлмаган ҳодисаларга тегишли шаръий ҳукмларни билишга жуда эҳтиёжманддир.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг мавзуси

516 22:05 07.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

501 22:05 06.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

485 22:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

600 22:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

572 22:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

570 22:05 02.12.2021
« Орқага