Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мужтаҳид ва фуқаҳоларнинг табақалари

746

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм)

Мужтаҳид ва фуқаҳоларнинг табақалари

33 – Муқаллидлар. Буларда ижтиҳод йўқ. Аксарият хизматлари нақл қилишдир. Уларни икки табақага ажратиш мумкин:

а) ҳофизлар гуруҳи. Бу табақа кишилари мазҳабнинг аксар ҳукмлари ва ривоятларини биладилар. Улар нақлда ҳужжат бўлишади, ижтиҳодда эмас. Яна ривоятларни айтишда, уларнинг равшанини баён этишда ва раъйларнинг таржиҳан кучлисини таржиҳ қилмасдан келтиришда ҳужжат саналишади. Ибн Обидийн айтади: “Улар энг қувватли, қувватли ва заифни, яна Зоҳирур-ривоя, Зоҳирул-мазҳаб ва нодир ривоятларни ажратишга қодир уламолардир. Бунга Канз, Танвирул-абсор, Виқоя ва Мажмаъ эгалари каби мўътабар матнлар муаллифлари мисолдир. Уларнинг ишлари ёзган китобларида рад этилган қавллар ва заиф ривоятларни нақл қилмаслик бўлган.

Шунга кўра уларнинг амаллари таржиҳ этиш эмас, балки таржиҳ даражаларини ва таржиҳ этувчилар қилган ишларга мувофиқ уларнинг тартибини билиш, холос. Демак, улар таржиҳни нақл қилишда фарқланишади. Масалан, уларнинг бири бир раъйни бошқасига таржиҳ бўлганини нақл этса, бошқалари бунинг хилофини айтишади. Бунда у таржиҳ қилувчилар сўзларининг энг кучли таржиҳлисини ва мазҳаб усулига энг кўп суянганини ёки энг кўп сонлисини ва ёки мазҳабда энг кўп ҳужжат бўладиган кишининг таржиҳини танлаши мумкин. Бундай муқаллидларда олдинги табақаларга ўхшаб фатво бериш ҳуқуқи бўлади. Лекин улардан кўра тор доирада. Улар ҳақида Ибн Обидийн бундай дейдилар: “Шубҳа йўқки, ихтилофли масалаларда рожиҳни маржуҳдан ажратиш, унинг қувват ва заифликдаги даражасини билиш илм таҳсилига бел боғлаганларнинг энг юксак орзуларидир. Ҳаромни ҳалол ва зиддини ҳаром қилиб Аллоҳга ёлғон тўқиб қўйишидан хавф борлиги учун муфтий ва қозиларга жавобда исботли бўлиш ва таваккалчилик қилмаслик лозим бўлади”. Кўряпмизки, бу табақанинг изланиши йиғиш, тасниф этиш ва мазҳабдаги қавлларни далили кучлилиги жиҳатидан эмас, нақлининг саҳиҳлиги юзасидан тартиблаш кабилардан иборат экан;

б) муттабиъ – эргашувчилар. Бу ўринда мазҳабга тегишли ҳамма масалаларда бошқаларга эргашувчилар назарда тутилади. Ижтиҳодда, раъйларни таржиҳ қилишда, далиллашда, нақлни таржиҳ этишда ва уларнинг дурустлигини текширишда ўзларидан олдингиларга эргашадилар. Уларнинг вазифалари фақатгина таржиҳли масалаларни ўз ичига олган китобларни тушуниш, холос. Муттабиълар ривоятлар ўртасини таржиҳ эта олишмайди. Таржиҳнинг ҳар қандай бобига тегишли ва таржиҳ даражаларини ажратиб берадиган илмий имкон уларда йўқ. Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ айтади: “Улар ориқ билан семизнинг орасини фарқлашмайди. Чапни ўнгдан ажрата олишмайди. Балки тунги ўтинчидек топганларини йиғаверадилар. Уларга эргашганларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди”. Бундай тоифадаги эргашувчилар кейинги пайтлар кўпайиб кетди. Улар китоб матнининг зоҳирий мазмунига маҳлиё бўлиб, далилларга қараб ўтирмай, ўзларига маъқулларини териб оладилар ва териб олганларига ҳукм ўлароқ қарор берадилар. Кучли далили бўлмаса-да, у ерда бундай қавл бор, дейиш билангина чекланиб қолишади. Муттабиъларнинг икки фарқли таъсири бор: биринчиси – яхшилик. У қозиликка тегишли масалаларда қўл келади. Чунки қозиликда мазҳабнинг рожиҳ раъйи дуруст саналади. Уларнинг ишлари эса ана шу рожиҳга эргашишдир. Бунда қозиликни ҳаддан ошмаган ҳолда тартибга солиш юзага келади. Фикрларда бузилиш пайдо бўлган кезлар қозиликни жиловлаш вожибдир. Эргашиш фақатгина қазоий ҳукмларда маъқул кўрилади, холос. Иккинчиси эса, ўзлари ихлос қўйган фуқаҳолар қавлларини муқаддаслаштириб юборадилар. Сўзларининг далил кучига қараб ўтирмай, ўша қавлнинг Китоб ва Суннатга алоқадорлик даражасини текширмай энг муҳим, энг аҳамиятли ҳужжат сифатида бонг уришади. Натижада, ҳамма нарса чалкашиб кетади. Бу ҳол кам учрайдиган қавлларни зикр қилиб, айрим нуфузли кишиларнинг ишларини хаспўшлаш учун хушомадгўй риёкорларга қўл келади.Шунда улар, биз айтган масалага, амалларимизга баъзи уламолар ижозат беришган, дея даъво қилишади. Сўнг бу хушомадгўйлар илми кўплиги билан мақтаниб, ўз қарашларини турли мажлисларда тарқатиб юришади. Уларнинг сўзларини динда ҳужжат деб олган кишиларнинг ва уларни шижоатлантираётганларнинг ҳоли ғоят ачинарлидир!

34 – Турли ижтиҳод даврларида, хоҳ ижтиҳод мутлақ бўлсин, хоҳ қайдланган, балки тақлид асрларида ҳам, фиқҳ билан шуғулланганларнинг бирортаси шаръий ҳукм истинбот қилишда шаръий далиллардан бошқасига таянганини кўрмаймиз. Уларнинг ҳеч бири Рум қонунлари ёки фатҳ қилинган мамлакатларда жорий бўлган бошқа қонунларга юзланмаган. Агар Рум қонунларига мувофиқ фақиҳларимизда бирор ҳукм топилса, ўшалардан олинган деган маънони англатмайди, балки у соғлом фитратлар иттифоқидан, аср ва замонлар ўзгарса ҳам ўзгармайдиган масалалар қабилидандир. Агар шундай ҳукмлар топилган тақдирда уларнинг манбасига қарасак, улар ҳам шаръий бир қоидага таянганини кўрамиз.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг мавзуси

516 22:05 07.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

501 22:05 06.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

485 22:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

599 22:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

572 22:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

569 22:05 02.12.2021
« Орқага