Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: обиқ қулни қайтариш ва унинг суюнчиси

1093

(50-қисм 51-қисм 52-қисм 53-қисм 54-қисм 55-қисм 56-қисм 57-қисм 58-қисм)

Обиқ қулни қайтариш ва унинг суюнчиси

13. Фақиҳларнинг جعل] жуълун] – суюнчи сўзига айтган таърифида “қочоқ қулни ёки йўқолган нарсани эгасига қайтарган шахс айни шу амали эвазига оладиган мол-мулк” экани тушунилади. Суюнчи миқдори борасида фақиҳлар ихтилоф қилганлар. Моликий, шофеъиъй ва ҳанбалийлар: “Обиқ қулни қайтарган кишига бериладиган суюнчининг миқдори – суюнчи берувчи белгилаган ёки мазкур амални бажаришга изн берган шахс билан бажарувчи ўзаро келишган миқдордир”, деганлар. Бироқ ҳанбалийлар айтадиларки: “Агар белгиланган миқдор Шориъ томонидан белгиланган миқдордан, яъни бир динор ёки ўн икки дирҳамдан кам бўлса, икки қавлнинг бирига кўра, қулни қайтарган кишига Шориъ белгилаган миқдор берилади”. Яна бир қавлга кўра, қанча бўлса ҳам белгиланган миқдор берилади. Бу борада тафсилотлар ва ихтилоф мавжуд бўлиб, унга киришишнинг ўрни эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз наздида, мазкур ҳақнинг энг юқори миқдори Шориъ белгилаган миқдордир. Яъни сафар миқдорича ёки ундан узоқроқ жойдан қайтарган бўлса, қирқ дирҳам. Чунки мана шу миқдор борасида ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят бор.

Қочқинликдаги қулнинг тасарруфлари

14. Обиқ қулнинг тасарруфлари талоқ сингари шу вақтнинг ўзида амалга ошириладиган ёки никоҳланиш, иқрор, ҳадя каби мол ва бошқанинг ҳақларига боғланиб тургани учун тўхтаб турадиган бўлиши мумкин. Айни вақтда унинг зиёнига амалга ошадиган тасарруфлари дуруст деб кўрилиб, ўша заҳоти юргизиб юборилади. Аммо никоҳ, иқрор ва ҳадя каби молиявий мажбуриятларни келтириб чиқарувчи тасарруфлари эса хоҳ сўз, хоҳ хатти-ҳаракат ёки амалиётга боғлиқ бўлсин, барчаси хожанинг изнига қараб, тўхтаб туради. Қулнинг хожасидан, тутиб олган шахсдан бошқанинг қўлидан қочишининг ҳукми

15. Фақиҳлар, агар қул ориятга ёки ижарага олган кишининг ёки васийнинг қўлидан қочиб кетса, булар зомин бўлмаслигига иттифоқ қилишган. Чунки улар бу қулни омонат тарзида ушлаб турган ҳисобланади. Фақат ўта бепарволик ёки ҳаддидан ошиш ҳолатлари бундан мустасно. Агар қул ғосибининг қўлидан қочиб кетса, ҳаддан ошган ҳисоблангани учун ғосиб зомин бўлади ва қулни тортиб олган кунидаги нархини тўлаши лозимдир. Борди-ю, қул гаровда бўлиб, ушлаб турган шахс қўлидан қочиб кетса ва бунга ўша шахснинг бепарволиги ёки ҳаддан ошгани сабаб бўлса, айби боис қулнинг товонини тўлаб беришига ижмо қилинган. Аммо қул гаров сифатида ушлаб турган шахснинг бепарволиги ёки ҳаддан ошувисиз қочса, жумҳур уламолар наздида, мазкур шахс унинг товонини тўламайди. Чунки гаров – гаровга олган шахснинг ҳузурида омонат ҳисобланади. Бироқ бу ҳукмда ҳанафий мазҳабимиз фақиҳларининг хилофи мавжуд. Уларнинг наздида, бу ҳолатда қулнинг қиймати ва қарзнинг қийматидан қайси бири озроқ бўлса, гаровга олган шахс ана шу миқдорга зомин бўлади.

Обиқ қулнинг хотинини никоҳлаш

16. Фақиҳлар обиқ қулнинг вафот этгани ёки хотинини талоқ қилгани аниқланмагунча ёхуд йўқолгани ёки хотинига нафақа бермагани сабабли талоқ деб ҳукм қилингани аниқ бўлмагунича, унинг хотинига уйланиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилишган. Бу ҳолатлар “Йўқолган шахс” ва “Талоқ” бобларида батафсил баён қилинган.

Ўлжа қулнинг тақсимотдан олдин қочиши

17. Фақиҳлар ўзаро иттифоқ қилишган умумий қоидалардан бири шуки, ғанимат моли тақсимланишдан олдин мусулмонларнинг умумий мулки ҳисобланади. Тақсимотдан кейингина эгаларининг мулкига айланади. Шунга биноан, агар ўлжа мақомидаги бирор қул тақсимотдан аввал қочиб кетса, у топилиши мумкин бўлган жойлардан изланади. Топиб келган кишига байтул-молдан ёки ўлжанинг ўзидан ҳақ (суюнчи) берилиши эълон қилинади. Агар қул қайтиб келса, бошқа мулклар каби у ҳам тақсимланади

Обиқ қулга эгаликни даъво қилиш ва унинг собит бўлиш вақти

18. Кимдир обиқ қулга эгалик даъво қиладиган бўлса, бу икки ҳолатнинг бирида бўлиши, яъни обиқ қул қозининг қўл остида ёки уни тутиб олган кишининг қўлида бўлиши мумкин. Агар қул қозининг қўл остида бўлса, фақиҳлар қози уни даъвогарга қатъий далил билангина топширади, деб биладилар. Гувоҳ қулнинг сифатларини баён қилиши, ҳақиқатан ҳам қул шу даъвогарга тегишли экани, уни ҳадя қилмагани ва сотмагани ёки уни сотгани ва ҳадя қилгани маълум эмаслигини тасдиқлаши керак. Агар мазкур шартлар топилса, қози уни даъвогарга топширади. Ҳанафий фақиҳларимиздан имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ юқоридагиларга қўшимча равишда қасам ичиришни ҳам илова қилган. Борди-ю, қул топиб олган шахснинг қўлида бўлса, бизнинг ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари даъвогарга фақатгина қозининг буйруғи билан топширилади, дейдилар. Моликийлар эса, қул даъвогарга қасам ва гувоҳ орқали берилади, дейишади.

Шофеъий ва ҳанбалийлар наздида, даъвогар келтирган ҳужжати ёки қулнинг ўзи даъвогар унинг хожаси эканини эътироф қилиши асосида, қулни унга бериш жоиз ҳисобланади. Лекин эҳтиёт юзасидан ҳокимнинг буйруғи билан бергани яхшироқдир.

Обиқ қул номидан фитр садақасини бериш

19. Ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари хожа қочоқ қули номидан фитр садақасини бериши вожиб эмас, деб биладилар. Бу Ато ва Саврий раҳматуллоҳи алайҳларнинг ҳам мазҳаби ҳисобланади. Моликий, шофеъий ва ҳанбалийлар эса қочоқ қулнинг номидан ҳам фитр садақаси бериш вожиб, дейдилар. Бу борада “Фитр садақаси” бўлимида уларнинг батафсил сўзлари мавжуд. Шунингдек, Абу Савр, ибн Мунзир ва Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳлар обиқ қулнинг номидан фитр садақасини беришни қулнинг манзили маълум бўлиши шарти билан вожиб қилганлар. Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳ эса, агар қул ислом диёрида бўлса, вожиб бўлади, деганлар.

Қочишнинг жазоси

20. Қочиш шаръан ҳаром экани, баъзилар уни гуноҳи кабиралардан санагани юқорида айтиб ўтилди. Унга ҳад тайин этилмагани учун бу ишга қўл урган қулга таъзир берилади. Таъзир ҳоким ёки хожа томонидан амалга оширилади.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

696 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

738 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

815 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

872 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

579 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

620 21:50 24.05.2022
« Орқага