Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Қудуқлар

1576

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Иккинчи мавзу:
Қўриқ ерларни ўзлаштириш учун қудуқлар қазиш ва ана шундай қудуқ сувларидан фойдаланишда инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари масалалари Биринчи, қўриқ ерларни ўзлаштириш учун қудуқлар қазиш.

3. Қўриқ ерларни ўзлаштиришнинг йўлларидан бири қудуқ ковлаб, сув чиқаришдир. Фақиҳлар, агар эгалик қилиш ниятида қазилган қудуқлардан сув чиқарилса ва ундан экин-тикинни суғориш учун фойдаланилса, бу билан ерни ўзлаштириш амалга ошади, деб ижмоъ қилганлар. Жумҳур фақиҳлар (моликий, шофеъий ва ҳанбалийлар) айтадиларки, агар қўриқ ер қазиб, сув чиқарилса, умумий маънода ўзлаштириш иши амалга ошган бўлади. Бироқ моликийлар, агар қудуқ ҳайвонларни суғориш учун қазилган бўлса, ниятни ошкор этишни шарт қилган. Шофеъийларнинг саҳиҳ қавлига кўра, қудуқ боғ-роғларни суғориш учун бўлса, эгалик қилиш нияти шарт этилганидек, дарахт экиш ҳам шарт қилинган. Уларнинг баъзилари эса, агар қудуқ очиқ жойда қазилган бўлса, унинг атрофини девор билан ўрашни шарт қилади. Ҳанафий уламоларимиз: “Ўзлаштириш учун сув чиқаришнинг ўзи кифоя эмас. Бунинг учун (қудуқ) қазиб, ерни суғориш лозим”, дейдилар. Қўриқ ерда қазилган қудуқ атрофида фойдаланиш учун ҳарим бўлиши лозим. Бу масалада ихтилоф йўқ. Шу боис, кимдир бир қудуқнинг ҳаримида бошқа қудуқ қазимоқчи бўлса, биринчи қудуқ эгаси унга буни ман қила олади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қудуққа ҳарим белгилаганлар. Ҳарим миқдори борасида эса ихтилоф мавжуд. Ҳанафий мазҳабимиз ва ҳанбалийлар қудуқнинг турига қараб зироъ билан ҳарим белгилаганлар. Моликий ва шофеъийлар эса сув учун келган одамлар, туялар, чорва молларига бемалоллик, кенглик бўлишини, қудуқ сувига зарар етказилмаслигини ҳисобга олиб, ҳарим белгилаганлар. Бу борадаги батафсил маълумотлар “املوات إحياء] иҳя́ ул мава́ т] – Қўриқ ерларни ўзлаштириш” истилоҳида келади.

Иккинчи, қудуқ сувларига нис­батан инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари.

4. Ушбу масаланинг ечимига Халлол раҳматуллоҳи алайҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси шариф асос бўлади. У зот айтганлар: “Инсонлар уч нарсада шерикдирлар: сув, ўт-ўлан ва оловда”. Яна бир ривоятда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Идишга олинганидан бошқа сувни сотишни ман қилганлар”. Ушбу “идишга олинганидан бошқа” деган истисно аввалги ҳадисдаги сувдан мурод (бирон кишининг) мулкига киритилмаган сув эканига далолат қилади. Шунга кўра, умумий қудуқларнинг суви халқ учун мубоҳдир. Унга ҳеч ким эгалик қилолмайди. Демак, фақат идишга олинган сувгагина эгалик қилиниши мумкин. Аммо бировнинг шахсий қудуғи бўлса, унинг суви омма учун мубоҳ бўлмайди. Одамларда ичишга, ҳайвонларини суғоришга нисбатан ҳамиша кучли эҳтиёж мавжудлиги, ҳар қандай сув манбаи бирор шахснинг мулкига айланишидан аввал барчага тегишли экани, умуман олиб қараганда, қудуқлар, одатда, халқ манфаати учун хизмат қилиши ҳисобга олинса, хусусий қудуқлар суви ҳам омма учун мубоҳ бўлиши эҳтимоли туғилади. Лекин бу мубоҳлик экинзорларга сув қўйиш учун эмас, фақатгина одамларнинг ўзлари ичиши, жониворларни суғориши учун ҳуқуқ беради. Бошқача айтганда, оғиз ҳақи бор, суғориш ҳақи йўқ.

5. Бировнинг мулки ҳисобланган ердаги қудуқ сувига эгалик борасида, шунингдек, ундаги ўзга инсонларнинг ҳақи хусусида фақиҳларнинг қарашлари турлича. Ҳанафий мазҳабимиздаги бир қавлга кўра, кимнингдир мулки ҳудудидаги қудуқ сувида бошқа одамларнинг ҳам ҳақи бор. Аммо бунинг учун яқин атрофда ҳеч кимнинг мулкида шахсий қудуғи бўлмаслиги шарт қилинган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрича, сув ҳатто ўз эгасидан ортмайдиган даражада оз бўлса ҳам, ҳукм шундай. Аксар машойихлар сувнинг ўз эгасидан ортишини шарт қилган. Ҳанбалийларнинг қавли ҳам мана шундай. Чунки қудуқ сувга эмас, ерга тобедир ва у қазиган одамнинг шахсий мулки ҳисоб­ланади. Оғиз ҳақини бериш эса, фақат зарурат юзасидан бўлиб, у “Инсонлар уч нарса: сув, ўт-ўлан ва оловда шерикдирлар” ҳадисига асосан амалга оширилади. Шофеъий мазҳабидаги зоҳир қавл ҳам мана шу. Шарти шуки, қудуқ қазишдан мақсад – унинг сувидан фойдаланиш ёки унга эгалик қилиш бўлиши керак. Моликийларнинг ҳовлилардаги қудуқлар ва девор билан ўралган қудуқлардан бошқалари борасидаги машҳур бўлмаган қавли ҳам мана шундай. Аллома Ибн Рушд эса буни қудуқ бировнинг кириши зарар келтирмайдиган ерда бўлиш ҳолатига чеклаб қўйган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

857 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

851 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

975 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1037 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

705 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

752 21:50 24.05.2022
« Орқага