Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Қудуқлар

1469

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм)

Тўртинчи мавзу:

Қудуққа ҳайвон тушишининг таъсири

15. Юқорида таъкидланганидек, кўп миқдордаги сувнинг то сифатларидан бири ўзгармагунича, у нажасга айланмайди. Тўрт мазҳаб уламолари оқувчи қони бўлмаган жонивор қудуққа тушиб кетса, сув поклигига таъсир этмаслигига иттифоқ қилишган. Бунга асалари мисол бўлади. Бунинг далили Саид ибн Мусайябдан ривоят қилинган ҳадисдир. У зот айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар қандай таом ва ичимликка қони йўқ жонзот тушиб ўлса, у ҳалолдир”, дедилар. Бунинг далилига айтилган гаплардан бири шуки, нажосат қилувчи нарса оқувчи қони бўлган жонзотдир. Оқувчи қони бўлмаган жонзотни суюқ нарсада ўлиши уни нажосат қилмайди. Шунингдек, гўшти ҳалол жонзот сувга тушиб тирик қайтиб чиқса, унинг баданида ёки сийдик, тезак чиқадиган жойида нажосат борлиги маълум бўлмаса, модомики сув таркибида ўзгариш бўлмаса, у сув ҳам тоза ҳисобланади. Агар жонзот айн нажосат бўлса, масалан чўчқа. Унда қудуқ нопок бўлади. Ҳанбалийлар ва баъзи ҳанафий уламоларимиз “қолдиқ суви(нинг ҳукми)га қаралади”, дейдилар. Агар жонзотнинг оғзи сувга тегмаса, сув чиқариб ташланмайди. Оғзи сувга тегса-ю, лекин у “қолдиқ суви пок” бўлган жонзотлардан бўлса, сув ҳам покдир. Косоний раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Баъзиларнинг айтишича, эътибор қилинадигани – қолдиқ сувидир”. Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳайвон териси, жуни, (оқадиган) тери, қони ва сўлагининг пок ёки нажосатлигида қолдиқ сувига қаралади”. Батафсил маълумот “سؤر] суʼрун] – Қолдиқ сув” терминида келтирилган.

16. Кейинги ҳукмлар борасида эса фақиҳлар ихтилоф қилганлар. Ҳанафий уламоларимиздан бошқа уч мазҳаб уламолари сувга оқувчи қони бор жонзотнинг тушиши билан сувнинг нажосат бўлиши ҳукми борасида, гарчи ўрталарида баъзи ихтилофлар топилса-да, умумий маънода чуқурлашмаслик йўлини тутганлар. Моликийлар очиқ айтадиларки, оқувчи қони бўлган қуруқлик ёки денгиз ҳайвони кўлмак, қайнаб чиқадиган булоқ ёки оқар сувларда ўладиган бўлса, сув нажосат бўлмайди. Бироқ муайян миқдордаги сувни чиқариб ташлаш мандубдир. Чунки унда ўлимтикнинг баъзи чиқиндилари қолиб кетган бўлиши мумкин. Боз устига, улардан одамнинг табиати ҳам жирканади. Агар юқорида санаб ўтилган ҳайвонлар тирик ҳолида тушиб, яна тирик ҳолида чиқариб олинса ёки ўлик ҳолда сувга тушса, сув нажас бўлмайди ва қудуқдан сув умуман чиқариб ташланмайди. Чунки нажосатнинг сувга тушиши сабабидан сув чиқариб ташланиши талаб қилинмайди. Ихтилоф сувнинг меъёрдан кам бўлганидагина вужудга келади. Жониворнинг сувда ўлиши эса бунга тескаридир. Чунки жониворнинг ўлганидан сўнг сувга тушиши сийдик ёки тезак каби нажосатларнинг тушишига ўхшайди. Жонивор бадани ўлим билан нажосатга айланади. Агар жонивор ўлик ҳолатда тушиб кетгани туфайли сув чиқариб ташланиши талаб қилинса, бошқа нажосатларда ҳам худди шундай талаб лозим бўлиб қолади. Моликийлар мазҳабида эса бундай гапни ҳеч ким айтмаган. Фақат бир қавлда ҳайвоннинг катта-кичиклигига, қудуқдаги сувнинг кўп-камлигига қараб сувни чиқариб ташлаш мустаҳаб бўлиши айтилган. Ибн Можишун, ибн Абдул Ҳакам ва Асбағ раҳматуллоҳи алайҳлардан нақл қилинишича, ҳовлилардаги каби кичик қудуқларга қўй, товуқ сингари жониворлар тушиб кетиб ўлса, ҳатто сув таркиби ўзгармаса ҳам, ундаги сув нопок бўлади. Ўлиги тушганида эса, сув таркиби ўзгармагунича фасод бўлмайди. Ўлик ҳолида тушгани борасида қавллар бор: бир қавлда унинг ҳукми сувда ўлгани ҳукмида бўлади, дейилган бўлса, бошқасида сув таркиби ўзгармагунича фасод бўлмайди, дейилган. Яна айтадиларки, агар ҳайвон жасади титилиб кетиши билан сувнинг таъми ё ранги ёки ҳиди ўзгарса, сув нажосат бўлади.

17. Шофеъийлар айтади: “Агар қудуқ суви кўп ва пок бўлса, унда нажосат парчаланиб кетса, масалан, сичқон тушиб, унинг туклари тўкилган бўлса, ҳар бир олинган челакда тук чиқса-ю, сув ўзгармаган бўлса, у аввалгидек пок бўлиб қолаверади. “Тук – нажосат” деган сўзга кўра эса тук йўқолиши учун барча сув чиқариб ташланиши керак. Шу билан бирга, ит ва чўчқа тукидан бошқа тукларнинг урфга кўра кам ҳисобланадигани афв этилган. Бундан тушуниладики, агар қудуқ суви кам бўлса, сифати ўзгармаса ҳам, нажосат бўлади”. Бу Ибн Можишун ва бошқа моликийларнинг қони бор ҳайвон тушиб ўлган кичик қудуқлар борасида айтган гапидир.

18. Ҳанбалийлар айтади: “Агар сичқон ёки мушук кам сувга тушса, сўнг тирик чиқса, сув поклигича қолади. Чунки асл қоида сувнинг поклигидир. Нажосат жойга сувнинг теккани эса шубҳалидир. Ҳар бир ҳайвоннинг териси, туки, оқадиган тери, қони ва сўлагининг ҳукми поклик ва нажосатликда қолдиқ сувининг ҳукмидадир. “Тирик чиқса” деган қайддан сувда ўлса, сувнинг нажосат бўлиши тушунилади. Шунингдек, “кам сув” деб қайдланишидан сув кўп бўлса, унинг сифати ўзгармагунича нажосат бўлмаслиги тушунилади.

19. Ҳанафий уламоларимиз кўп тафсилотларни баён қилганлар. Улар айтадилар: “Агар сичқон мушукдан қочиб тушса, сувнинг барчаси чиқариб ташланади. Чунки у (қўрққанидан) сийиб қўяди. Шунингдек, жароҳатланган ёки нажосат теккан бўлса ҳам (сувнинг барчаси чиқариб ташланади)”. Яна айтадиларки: “Агар қудуқ остидан сув чиқиб турадиган бўлса ёки сув ҳавзаси ўнга-ўн зироъ бўлса-ю сифатларидан бири ўзгарса, аммо қудуқдаги бор сувни чиқариб ташлашнинг имкони бўлмаса, унда чамалаб туриб, мавжуд сув миқдорича олиб ташланади”.

20. Агар қудуқ остидан сув чиқиб турмайдиган бўлса, қудуқ ҳажми ўнга-ўн зироъни ҳам ташкил этмаса, сичқон, чумчуқ ва калтакесак кабиларнинг тушиб ўлиши сабабли 20 челак сув чиқариб ташлаш вожиб, 30 челаккача чиқариб ташлаш мандуб. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида, агар биттадан тўрттагача сичқон тушса, битта каби, бештадан тўққизтагача тушса, товуқ каби, ўнта тушганида эса қўй каби эътибор қилинади. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида, иккита сичқон тушса, товуқ тушгандагидек қирқ челак сув чиқариб ташланади. Агар қудуқда кабутар, товуқ, мушук ўлса, қирқ челак сув чиқариб ташлаш вожиб. Олтмиш челаккача мустаҳаб. Бир ривоятда эса эллик челаккача дейилган. Иккита мушук, қўй, кичик бўлса ҳам қони бор ҳайвоннинг ўлиб, шишиб ёки парчаланиб кетиши, шунингдек, тирик чиқса ҳам ит ёки қолдиқ суви нажосат ёки шубҳали бўлган ҳайвонларнинг шўнғиши сабаб сувнинг барчаси чиқариб ташланади.

Қўй ҳақида айтадилар: “Агар йирт­қичдан қочиб қудуққа тушган бўлса ва тирик чиқса ҳам сув буткул чиқариб ташланади. Бу Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ фикрига хилофдир. Имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳлардан ривоят қилинишича, қудуққа сигир ва туя тушса, сув нажосат бўлади. Чунки бу ҳайвонлар икки сони орасига сияди. Шунинг учун нажосатдан пок бўлмайди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бундай ҳолатда қудуқдан йигирма челак сув чиқариб ташланади, дейди. Чунки гўшти ҳалол ҳайвонлар бавли енгил нажосатдир. Қудуқ суви туфайли эса унинг нажосатлиги янада енгиллашади. Шунинг учун чиқарилиши мумкин бўлган сув миқдорининг энг ками эътиборга олинади. Абу Юсуфдан қилинган ривоятда эса, сувнинг барчаси чиқариб ташланиши айтилади. Чунки сувнинг булғанишида нажосатнинг енгил ёки оғирлигининг фарқи йўқ.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

857 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

852 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

975 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1037 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

705 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

752 21:50 24.05.2022
« Орқага