Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Қудуқлар

1573

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм)

Бешинчи мавзу:

Қудуқларни поклаш ва сувини қочириш ҳукми

21. Моликий, шофеъий ва ҳанбалийлар айтади: “Агар қудуқ суви нажосат бўлса, уни поклаш йўлларидан бири ўзгарган сифатлар йўқ бўлгунча сувни кўпайтиришдир. Кўпайтиришнинг бир шакли шуки қудуқ сувини энг кўп ҳолга келгунича (ишлатмасдан) тек қўйиш ёки ўша кўп миқдорга етгунича ташқаридан пок сув қуйишдир. Моликийлар бошқа услубни ҳам қўшганлар. Улар: “Агар қудуқ суви унга тушиб кетган ҳайвон жасадининг титилиб кетиши сабабидан таъми ё ранги ёки ҳиди ўзгарган бўлса, олиб ташлаш ёки хоҳлаган бир йўл орқали нажосат асарини кетказиш тарзида покланади”, дейди. Ҳатто баъзилари: “Агар нажосат ўз-ўзидан йўқолиб кетса ҳам, сув пок бўлади”, деганлар73. Бундан ташқари, ҳидланган қудуқ ҳақида гап кетганда: “Ҳиди кетадиган миқдорда сувни олиб ташлаш билан покланади”, деганлар.

22. Шофеъийлар, агар нажосат тушган қудуқ суви (икки қулладан) кам бўлса, поклаш учун уни кўпайтиришнинг ўзи кифоя қилади, дейди. Бу иш қудуқ сувини кўпайгунича тек қўйиш ёки унга бошқа пок сув қуйиш билан амалга оширилади. Остидан пок сув чиқиши учун қудуқдаги бор сувни чиқариб ташлаш эътиборга олинмайди. Чунки суви чиқариб ташланса ҳам, қудуқнинг ости нажосатлигича қолади. Шунингдек, сувнинг чиқариб ташланиши билан қудуқ деворлари ҳам нажосат бўлади. Қудуққа тушган нажосат борасида, хусусан, туклари тўкилган сичқон ҳақида айтадилар: “Сув чиқариб ташланади. Бироқ бу амал сувни поклаш учун эмас, балки уни (сувни) сичқоннинг тукларидан тозалаш учун қилинади”.

23. Ҳанбалийлар қудуқ сувини кўпайтириш билан поклашни батафсил тушунтиришган. Уларга кўра, нажосатли сув кам ёки кўп бўлса ҳам чиқариб ташлаш осон кечиши зарур. Аммо одамнинг бавли ёки тезаги билан булғанмаган бўлиши керак. Кўпайтириш қудуқ сувига кўпроқ пок сув қўшиш билан бўлади. Натижада, сув ҳиди, таъми ва ранги асл ҳолига қайтади. Агар сув одамнинг бавли ёки тезаги билан ифлосланса, уни чиқариб ташлаш лозим. Мабодо, қудуқ сувини чиқариб ташлаш машаққатли бўлса, сувдаги ўзгаришни кетказиш керак. Бу олиб ташлаш қийин бўлмаган миқдорни олиб ташланиши ёки унга пок сув қўшилиши, ёки узоқ туришига қўйиб бериш билан амалга оширилади. Агар сувни чиқариб ташлаш билан ўзгариш кетса, шунингдек, қолган сув ҳам (икки қулла ва ундан) кўп бўлса, шофеъийлар наздида, у покловчи деб эътибор қилинади.

24. Ҳанафий уламоларимиз эса қудуқ суви фақат чиқариб ташлаш билан покланишини айтишган. Баъзан ҳаммаси, баъзан эса юқорида қисман айтиб ўтилганидек, маълум миқдори чиқарилади. Моликий ва ҳанбалийлар сувни чиқариб ташлашни поклаш йўлларидан деб эътироф қилсалар-да, бу улар наздида тайин этилган ягона усул эмас. Шунингдек, бу борада улар миқдорни ҳам чекламаган. Миқдор масаласини сув чиқарувчининг ихтиёрига ҳавола қилган. Шунинг учун ҳам сувни чиқариб ташлаш борасида фақат Ҳанафийларнинг тафсилот йўлини тутганини кўрамиз. Шу билан бирга сув чиқарадиган ускуна, унинг ҳажми борасида ҳам фақат ҳанафий мазҳабимизда сўз юритилган.

25. Қудуққа нажосат тушса, суви чиқариб ташланади. Қудуқдан сув чиқариб ташланиши уни поклаш ҳисобланади. Чунки қудуқ борасида икки хил қиёс бор: биринчиси – нажосат қудуқ тубидаги лойга, шунингдек, унинг деворларига сингиб кетгани учун қудуқ асло покланмайди; иккинчиси – эҳтиёт бўлиш ёки поклаш имкони йўқлигидан нажосатнинг ҳукми соқит бўлади ва тоза ҳисобланади. Фақиҳлар хабар ва асар ҳамда истеҳсон асосида иккала зоҳир қиёсни тарк қилиб: “Қудуқ масалалари асарларга эргашиш устига бино қилинган”, деганлар. Хабарга келадиган бўлсак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қудуқда ўлган сичқон ҳақида: “Ундан йигирма челак сув чиқариб ташланади бошқа бир ривоятда эса ўттиз челак сув чиқариб ташланади”, дея марҳамат қилганлар. Асар эса, Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. У зот: “Йигирма челак чиқарилади”, деган. Бошқа бир ривоятда “ўттиз челак”, деб келган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот қудуқда ўлган товуқ ҳақида: “Бу ҳолатда қудуқдан қирқ челак сув чиқариб ташланади”, деб айтган. Ибн Аббос ва Ибн Зубайр розияллоҳу анҳумолар эса Замзам қудуғида бир қора қул ўлиб қолганида, ҳамма сувни чиқариб ташлашга буюрганлар. Бу саҳобийларнинг гувоҳлигида содир бўлган ва улар иккаласига ҳам эътироз билдиришмаган. Истеҳсонга кўра, буларда (сич­қон ва товуқда) оқувчи қон бор. Ўлганда қон танага аралашиб, унинг бутун танаси нажосат бў лади. Сўнг нажосатли тана сувга аралашиб, сувни ё нажосат ёки фосид қилади. Ҳатто имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: “Агар қудуққа сичқоннинг думи тушса ҳам, сувнинг барчаси чиқариб ташланади. Чунки кесилган жойи нажосат намлигидан холи бўлмайди. Натижада, ўша намлик сувнинг жузларига аралашиб кетиб, уни фосид қилади”.

26. Яна айтадилар: “Қудуқ сувини чиқариб ташлашда то охирги челак сув юзасидан ажрамагунча, (қудуққа) поклик ҳукми берилмайди. Охирги челак сув юзасидан ажраб қудуқ оғзидан узоққа олинганидан кейингина пок саналади”. Челак сув юзасидан ажраса-ю, қудуқ оғзидан узоққа олинмаса, ундаги сув қудуққа томиб турса, Абу Юсуф наздида, пок бўлмайди. Имом Ҳокимнинг айтишича, Абу Ҳанифанинг фикри ҳам шундай. Имом Муҳаммад наздида эса, пок ҳисобланади. Имом Муҳаммаднинг далили шундаки, бу ҳолатда нажосат тоза нарсадан ажралди. Яъни челак қудуқ оғзидан узоқлаштирилиши билан сув покланади, деган далил билан охирги челакнинг нажосат экани шаръан тайин бўлди. Демак, харажни даф қилиш учун челакдан томаётган сувнинг нажосат экани шаръан эътиборга олинмайди. Шайхайннинг сўзларининг далили шундаки, қудуқдан нажосат ажралмагунича, унга поклик ҳукмини бериб бўлмайди. Нажосат эса охирги челакдаги сув билан тугайди. Ажралиш челакни қудуқдан узоқлаштириш билангина амалга ошади. Чунки унинг суви қудуқ суви билан муттасилдир. Томчиларнинг нажосатлик эканига келсак, зарурат юзасидан буларнинг қолиб кетиши жоиз. Ушбу челакка ажралганлик ҳукмини бериш билан зарурат ҳам барҳам топади. Ажраганлик ҳукми эса томчилаш тўхтаганидан сўнг челакни қудуқнинг оғзидан узоқлаштириш натижасида бўлади.

27. Қудуқдан барча сувни чиқариб ташлаш вожиб бўлса, имкони борича сув қайнаб чиқадиган тешиклар ёпилади. Сўнг нажосат сув олиб ташланади. Агар сувнинг кўплиги сабаб тешикларни ёпиш имкони бўлмаса, имом Абу Ҳанифадан ривоят қилинишича, юз челак сув чиқариб ташланади. Имом Муҳаммад наздида, икки юз ёки уч юз челак чиқарилади. Бу борада Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан икки ривоят бор. Бир ривоятга кўра, қудуқ ёнидан эни, бўйи ва чуқурлигига кўра бир хил ҳажмда чуқур қазилади. Сўнг сувдан олиниб, у тўлгунича қуйилади. Тўлиши билан қудуққа поклик ҳукми берилади. Бошқа ривоятда эса, қудуққа бир қамиш солиниб, сув юзи билан баробар жойига белги қўйилади. Сўнг, масалан, ўн челак сув олиб ташланади. Кейин сув қанча камайганига қаралади ва яна ўшанча миқдорда сув чиқариб ташланади. Лекин бу иш қудуқ юзининг айланаси тубигача бир хил радиусда бўлганидагина тўғри келади. Агар бир хил бўлмаса ўн челак сув чиқарилиши билан сувнинг юзидан бир қарич камайса, унинг пастидан ҳам ўшанча сув чиқарилиши билан бир қарич камайиши мажбуриймас. Абу Насрдан ривоят қилинган қуйидаги фикр бошқаларига нисбатан тўғрироқдир. Унга кўра, сув иши бўйича малакаси бор икки киши чақирилади. Улар айтган миқдорда сув чиқарилади. Чунки ижтиҳодга асосланадиган нарсада соҳа мутахассисига мурожаат қилиш лозим.

28. Юқорида баён қилганимиздек, моликийлар сув чиқариб ташлашни қудуқни поклаш йўлларидан бири, дейдилар. Бироқ улар чиқариб ташланадиган миқдорни тайин қилмаганлар. Балки чиқариладиган сув миқдори уни чиқараётганларнинг фикр-гумонларига асосан амалга оширилади, деганлар. Яна айтадиларки, поклаш учун челакдаги сув лиммо-лим эмас, балки бироз кам ҳолда бўлиши лозим. Чунки ҳайвон ўлганида, ундан ёғли модда чиқади. Ёғ эса сув устида қалқиб туради. Челак тўлдириб олинганида, унинг яна қудуққа қайтиб тушиши хавфи бор. Ҳанбалийлар айтадилар: “Қудуқ тор ёки кенг бўлишидан қатъи назар, суви чиқариб ташлангандан сўнг атрофи ва таги ювилиши шарт эмас. Оғзи эса ювилади”. Бир қавлда (атрофи ва тагини) ювиш вожиб экани айтилган. Яна бир қавлда эса кенг қудуқлар ювилиши ҳақида икки ривоят борлиги айтилган. Қудуқ тор бўлганида унинг ювилишига доир ривоят эса биттадир. Юқорида баён қилиндики, шофеъийлар поклаш сувни чиқариб ташлашнинг ўзи билангина бўлмаслигини айтганлар.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

857 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

852 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

975 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1037 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

705 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

752 21:50 24.05.2022
« Орқага