Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Қудуқлар

930

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, 9-қисм10-қисм 11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм 28-қисм 29-қисм)

Хос фазилатга эга қудуқ

33. Бу Маккадаги Замзам қудуғи бўлиб, у исломда ўз мартабасига эга. Ибн Аббос ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ер юзидаги сувларнинг энг хайрлиси Замзамдир”, дедилар. Яна у кишидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Замзам суви нима учун ичилса, ўша учундир. Шифо талабида ичсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Чанқоғингни қондириш учун ичсанг, Аллоҳ чанқоғингни қондиради”. Ундан ичиш ва фойдаланишнинг ўзига яраша одоблари бор. Уларни фақиҳлар қуйидагича зикр қилган: Замзам сувини ичувчи учун қиблага юзланиши, Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиши, уч марта нафас олиб ичиши, тўйиб ичиши, Аллоҳ таолога ҳамд айтиши, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ундан ичиб, дуо қилганидек дуо қилиши мустаҳаб бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: اللهم إين أسألك علما انفعا ورزقا واسعا وشفاء من كل داء [Алло́ ҳумма инний асʼалука ъилман на́ фиъан ва ризқон ва́ сиъанва шифа́ʼам мин кулли даʼ] – “Ё Аллоҳ! Мен сендан фойдали илм, кенг ризқ ва барча касалликлардан шифо сўрайман”, деб дуо қилган. Ва: “Ё Аллоҳ! Менга Пайғамбаринг соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келишича, Замзам суви нима учун ичилса, ўшанга бўлади”, деганлар. Мен уни шу-шу нарсалар учун ичяпман”, дер эди.

34. [Барчанинг иттифоқига кўра, Замзам сувидан бошқа жойга олиб бориш жоиз. Бунга далил Термизийнинг “Жомеъ”ида саййида Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисдир. У зот Замзам сувидан шиша идишларда олиб кетганлар ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан олиб кетар, касалларга қуяр ва ичирар эдилар”, деганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суҳайл ибн Амрдан Замзам сувини ҳадя сифатида олганлар”. Шунингдек, ҳурматсизлик бўладиган ўринларда, масалан, ҳақиқий нажосатни кетказиш учун ишлатиш мумкин эмаслигига ҳам иттифоқ қилганлар. Шофеъ­ийлардан Муҳибб Табарий бунинг ҳаромлигини очиқ айтган. Ибн Шаъбон Моликий гапидан тушунилган маъно ҳам, ибн Оби­дин баъзи Ҳанафийлардан ривоят қилган қавлнинг маъноси ҳам шундай. Бироқ Ҳанафийлар ва моликийлар мазҳабининг аслига кўра, бу иш ҳаром эмас, балки макруҳдир. Рўёний Шофеъий “Ҳулийя”да айтган сўзларининг маъноси, Байжурий баён қилгани ва қози Закариё инобатга олгани мана шудир. У киши: “Ман қилиш одоб эътиборидандир, деган. Баъзи шофеъий фақиҳлар бу авлонинг хилофи, деганлар”. Фуқаҳолар яна маййитни ҳам бошиданоқ Замзам суви билан ювилмаслиги лозим эканига иттифоқ қилганлар. Факиҳий қилган нақлга кўра, Макка аҳли ўликларни ювиб, поклаб бўлгач, табаррук қилиш мақсадида уни яна Замзам суви билан ювишган. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумо ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайрни Замзам суви билан ювганлар.

35. Аъзолари пок бўлган одам Замзам сувига таҳорат ва ғусл қилишининг жоизлиги борасида айтарлик ихтилоф йўқ. Баъзилар Замзам билан покланиш мустаҳаблигини очиқ айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “У таомдир” деган сўзларига кўра, унинг таом эканига суяниб (таҳорат ва ғусл қилиш учун ундан фойдаланиш) макруҳдир, дейиш дурустмас. Макруҳ эмаслигига қуйидаги ривоят ҳам далолат қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир челак Замзам сувидан олиб келишга буюрдилар. Ундан ичдилар ва таҳорат қилдилар”. Фосий Моликий айтади: “Замзам суви билан покланиш ижмоъга кўра саҳиҳ. Буни Мовардий “Ҳовий”да, Нававий “Шарҳул муҳаззаб”да зикр қилганлар. Ибн Ҳабиб Моликийга кўра, у билан таҳорат қилиш мустаҳаб. Замзам сувининг мубораклиги у билан таҳорат қилишни ман этмайди. Бу худди Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўлларини солган сувга ўхшайди”. Шофеъийлар Замзам сувидан ҳақиқий нажосатни кетказиш учун ишлатиш мумкин эмаслигини, балки ҳукмий нажосатни кетказиш, яъни таҳорат ва ғусл қилиш ниятида фойдаланиш жоизлигини очиқ айтганлар. Ҳанбалийларга тегишли фикрнинг умумий маъноси ҳам шундай: мазҳабдаги авло сўзга кўра, Замзам суви билан таҳорат ва ғусл қилиш макруҳ эмас. Ҳанафийлар эса Замзам суви билан жунуб ҳам, бетаҳорат киши ҳам ғусл қилмаслигини очиқ айтганлар.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

503 22:05 02.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари

592 22:05 01.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Икки маънодан бирининг устун келиши ёки уларнинг баробарлиги

581 22:05 30.11.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ибронинг қисмлари

615 22:05 29.11.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг шаръий ҳукми

638 22:05 28.11.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: зоман – кафиллик, жавобгарлик, зомин бўлиш

610 22:05 27.11.2021
« Орқага