Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: Тобеъинлар даври

763

Учинчи давр. Тобеъинлар даври

18 – Биз мадраса сифатида таъкидлаётганимиз ҳозирда бизга маълум махсус бино, ўқув маскани маъносида эмас. Балки мазкур мадраса хос йўналиш ва фарқли йўл дегани. Умуман, жомеъ масжидлар, уламолар тўпланадиган макон бўлган ва уларда таълим ҳалқалари уюштирилган бўлса, биз зикр қилган замон уламолари эса уйларида ва юрган йўлларида фатво бериб кетаверишган.

19 – Яна шуни билиш керакки, мазкур даврда кўп илм эгалари қуллардан бўлишган. Мадинада Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлолари Нофеъ, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мавлолари Икрима, Кўфада Бани Волиба мавлолари Саид ибн Жубайр, Басрада Ҳасан Басрий ва Ибн Сирин, Шомда Авзоъийнинг устози Макҳул ибн Абдуллоҳ ва Мисрда аҳли Мисрнинг имоми Лайс ибн Саъднинг устози Язид ибн Абу Ҳабиблар фаолият олиб боришган. Буларнинг кўплари қуллардан чиққан уламолардир.

Мадина ва Кўфа каби баъзи шаҳарларда кўпроқ араблар, жум­ладан, Саид ибн Мусаййиб, Омир Шаъбий ва Алқама ибн Қайс Нахаъий каби тоза араблар Макка, Басра, Шом ва Миср каби жойларда кўпроқ бошқалар илм билан машғул бўлган. Улар аралашиб кетишган ва бир-бирларини асло камситмай илм олаверганлар. Чунки ислом уларнинг қалбларидан жоҳилият мутаассиблигини суғуриб ташлаган эди.

Лекин шу даврда аксар аҳли илм ажамлардан бўлганини айтдик. Бунинг сабаблари қуйидагича:

а) ўша кунларда араблар қилич соҳиблари ва қўшин қўмондонлари бўлишган. Чунки улар ислом манбаси эканликлари туфайли унга бошқалардан кўра ғайратлироқ бўлишган. Бу ҳолат уларни илмни таълим олиш ва беришдан банд этиб қўйган;

б) бу ажамлар эса ўзининг ҳазораси ва маданияти бор муҳитда улғайишган. Ўзлари ихтиёр қилиб, итоат этган бу дин нусрати учун, меҳнатлари билан ҳисса қўшишни улар ирода этишган. Демак, қилич соҳиблари бўлолмагач, қалам билан бу дин нусратига бел боғлашган;

в) саҳобалардан бўлган хўжалари уларга таълим бериб, илм омонатини кўтаришларига хайрихоҳ бўлганлар. Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нофеънинг тақдири бунга мисолдир. У ибн Умарнинг таълим-тарбиясини олган. Нофеъ, шунингдек, Абу Ҳурайра, мўминлар онаси Умму Салама каби кўпгина саҳобалардан илм ўргандилар. Ибн Умар у ҳақда: “Аллоҳ бизга Нофеъни ато қилди”, дея улуғлаганлар.

Ибн Аббоснинг мавлолари Икрима ҳам шундай қисматга эга. Ибн Аббос қазо қилганида Икрима ҳали қул эди. Уни Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос тўрт минг динорга Холид ибн Язид ибн Муовияга сотган. Шунда Икрима: “Умматнинг илмини тўрт мингга сотдинг-а?!” деганларида, Али Холиддан иқола қилишни, яъни байъни бузиб қайтаришни сўрадилар. Холид рози бўлган ва Али Икримани озод қилиб юборганлар.

Тобеъийлар саййиди – Ҳасан Басрий эса, мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйларида ўсиб-улғайдилар. У кишининг фазилати учун шунинг ўзи етарлидир;

г) Бу мавлолар ўз улуғлари – катта саҳобаларни ҳеч тарк этмаганлар, уйда ҳам, сафарда ҳам кетларидан қолмаганлар. Улар бу улуғларни ҳар жиҳатдан яхши билишган ва буни умматга етказишган.

20 – Умуман, бу давр, Қуръони каримдан бошқа бирор нарса тадвин қилинмаганлиги жиҳатидан катта саҳобалар замонининг давоми ҳисобланади. Шунингдек, бу даврда фуқаҳолардан бирортасининг маълум шаръий масдарлардан йироқ кетган ҳолда, назарий-қонуний раъйга биноан ҳукм чиқаргани маълум эмас.

Урфга айланган масалалар шаръий мезонга бўйсундирилган бўлади. Агар бу урфлардан бирортасини ислом рад этган бўлса, унинг қиймати йўқдир ва уни олиш залолатдир. Агар бирор масалада урф олинди, деб таъкидланган бўлса, уни урфлиги учун эмас, балки нассга таянгани учун қабул қилинган ҳисобланади. Унинг далил ўлароқ олиниши ё рад этилиши маслаҳат-манфаат юзасидан бўлган.

21 – Бу даврда катта фитналар бўлганига қарамай, бу фитналарнинг таъсири фақат халифалик иши ва бунга алоқадор ҳукмларгагина тегишли бўлган.

22 – Бу давр умавийлар даврига тўғри келган бўлиб, мазкур давлат халифалари юмшоқ, қаттиқ ва ўртача сиёсат юргизиш орасида фарқланганлар, илло, ҳаммалари очиқ кофир бўлиб қолмасликка қаттиқ интилганлар. Ким шунга яқин иш қилиб қўйса, қаттиқ норозиликка рўбарў келган.

Ўша кезлар аҳли фиқҳ бирбирларига мактублар ёзар ва ўзаро мунозара этардилар. Ҳаққа эргашганлари сабабли баъзилари бошқаларининг раъйига рози бўларди. Чунки бу давр ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши давр эканига шаҳодат берган аср эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у зот бундай дейдилар: “Одамларнинг яхшиси менинг асримдагилар, сўнг ундан кейингисидагилар ва сўнг ундан кейингисидагилардир”.

Умуман олганда, дин тўғри йўлда кетаётган экан, кимлардир бундан истисно бўлиши ёки сафдан чиқиб кетиши умматга зарар беролмайди.

(давоми бор)

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг мавзуси

517 22:05 07.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ҳақ соқит бўлганидан сўнг ёки тўланганидан кейинги ибро

501 22:05 06.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг айнан ўзи учун бўлган шартлар

486 22:05 05.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброга вакил қилиш

600 22:05 04.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

573 22:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

570 22:05 02.12.2021
« Орқага