Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: тўқнашув натижасида талафот етказиш

1209

(110-қисм 111-қисм 112-қисм 113-қисм 114-қисм 115-қисм 116-қисм 117-қисм 118-қисм 119-қисм 120-қисм 121-қисм 122-қисм 123-қисм 124-қисм 125-қисм 126-қисм 127-қисм 128-қисм 129-қисм 130-қисм 131-қисм 132-қисм 133-қисм 134-қисм)

Тўқнашув натижасида талафот етказиш

45. Икки кишининг беихтиёр бир-бирига тўқнашиши ёки тегиб кетиши туфайли иккаласи ҳам орқасига йиқилиб, ҳалок бўлсалар, (икки томоннинг) оқилалари952 нариги томоннинг талафотига зомин бўлади. Тўқнашганларнинг отлиқ ёки пиёда бўлишининг аҳамияти йўқ. Агар юзтубан йиқилган бўлсалар, зоминлик йўқ. Иккови ҳам қасддан тўқнашган бўлса, ҳар бирига шеригининг ярим дияси вожиб бўлади.

46. Икки киши арқонни икки томонга тортиши натижасида арқон узилиб, улар орқасига йиқилиш оқибатида ҳалок бўлишса, қонлари ҳадр (тўловсиз) бўлади. Чунки бундай ҳолатда уларнинг ҳар бири ўзининг кучи билан ҳалок бўлган ҳисобланади. Агар юзтубан йиқилсалар, (ҳар бирининг) дияси шеригининг оқилалари зиммасига тушади. Чунки бунда томонлар шеригининг кучи туфайли ҳалок бўлган ҳисобланади. Агар бири ундай, бири бундай йиқилса, юзтубан йиқилганнинг зоминлиги шеригининг оқилалари зиммасига тушади. Орқаси билан йиқилганнинг қони ҳадр (тўловсиз) бўлади. Ўзаро тўқнашиб, бири бутунлай чўкиб кетган икки кема ҳақида имом Молик бундай деган: “Бу ҳолатда ҳеч кимнинг зиммасига зоминлик вожиб бўлмайди. Чунки шамол улардан кучли келган ҳисобланади. Бироқ денгизчи мутахассислар, улар хоҳлашганида бу тўқнашувни даф қилиш имкони бор эди, дея шаҳодат беришса, томонлар бирдай зомин бўлишади”. Ибн Шос айтади: “Икки киши ўзаро арқон тортишганида арқон узилиб, талафот кўришса, бу бир-бири билан тўқнашган каби ҳисобланади. Мабодо уларнинг бири бирор нарсанинг устига тушиб, талафот етказса, зомин бўлади”. Ибн Қудома айтади: “Юриб кетаётган икки киши ўзаро тўқнашиб кетиб, ҳалок бўлишса, ҳар иккисининг оқилалари шеригининг диясини тўлайди. Агар ҳар иккиси ҳам ҳомиладор хотин бўлса, ҳукмда улар эркаклар каби бўлади. Агар иккаласининг ҳам ҳомиласи тушиб қолса, ҳар иккисининг зиммасига ҳам ўзининг, ҳам шеригининг ҳомиласини ярим зоминлиги вожиб бўлади”953.

Кеманинг ҳалокатга учрамаслиги учун баъзи кўчар мулкларга талафот етказиш

47.Жумҳур фақиҳларнинг сўзларига кўра, кема ишчилари муштарак ишчи сифатида ёлланган бўлса, (юк эгалари кемада ҳозир бўлмаган пайтда) талафот етказган нарсалари борасида зомин бўлишади. Бунинг тафсилоти “Ижара” истилоҳида баён қилинади.

Бироқ кеманинг чўкиб кетиш хавфи бўлса, омон қолиш учун йўловчилар шахсий юкларининг барчасини ёки айримларини сувга улоқтирсалар, ҳеч кимга зоминлик вожиб бўлмайди. Чунки улар ўзи ва ўзгаларнинг омонда қолиши учун ихтиёрий равишда ўз мулкини талафотга учратди. Агар кимдир бировнинг нарсаларини эгасининг рухсатисиз улоқтирса, ўша улоқтирган нарсанинг ўзигагина зомин бўлади. Бу худди танг аҳволда қолган одам бировнинг овқатини (эга сининг изнисиз) еганга ўхшайди. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, агар йўловчилар жонларини сақлаб қолиш учун нарсаларнинг ҳаммасини ёки баъзиларини сувга улоқтиришга келишиб олсалар, зарар одам сонига қараб тақсимланади.

Кема одам чўкмайдиган жойда бўлиб, агар йўловчилар мол-мулкларини сақлаб қолишнигина қасд қилишса, бунда зарар молларнинг нисбатига кўра бўлади.

Агар ҳам жонни, ҳам молни сақлаб қолиш қасдида (ўзаро келишув билан баъзи молларни улоқтиришган) бўлса, зарар мол ва одам бошига кўра тақсимланади. Моликийларнинг сўзларига кўра, кема чўкиши хавфи бўлган пайтда сувга улоқтирилган нарсаларнинг (зоминлиги) фақат тижорат молларига нисбатан тақсимланади.

48. Кема чўкиши хавфи бўлган пайтда эркакми-аёлми, ҳурми-қулми, мусулмонми-кофирми – одам зотини ташлаб юборишга йўл йўқ. Зеро, бировнинг омон қолиши учун бошқа бировдан воз кечиш жоиз эмаслигига ижмоъ қилинган. Дусуқий Лахмийдан, қуръа йўли билан жоиз, деган гапни нақл қилган954.

49. Фақиҳларнинг иттифоқига кўра, ожизлик туфайли қутқариб қолинмаган жон ёки молга етган талафотда зоминлик ҳам, хун ҳам йўқ. Қаттиқ шамол пайтида кемани бошқаролмай қолиш бунга мисол бўлади.

49. Таълим-тарбия бериш жараёнида болага етган талафот борасида ота, васий, муаллим ёки эрнинг зиммасига тушадиган зоминлиги хусусида фақиҳлар айтган сўзлар синчковлик билан ўрганилганида, болага қўлланган чора меъёрдан ортиқча бўлган ёки бўлмагани аниқланади. Меъёрдан ошириб юборилган ўринда зоминликнинг вожиб бўлиши борасида иттифоқ қилинган. Бундай ҳолатда, ҳатто баъзи мазҳаблар қасос ёки дия вожиб бўлади, дейишган. Бироқ адаб беришда амалга ошириладиган чоралар меъёрда бўлса, бу борада фақиҳларнинг ихтилофлари бор. Умуман олганда, зоминликнинг вожиб бўлиши келиб чиқади. Чунки жоизлик зомин бўлиш мумкинлигини инкор қилмайди. Фақиҳларнинг бошқа – машҳурроқ сўзларига кўра, зоминлик йўқ. Чунки бундай иш, яъни таълим-тарбия жараёнида керакли чора қўллаш шариатга кўра ҳам, одатга кўра ҳам рухсат берилган иш ҳисобланади. Агар бу жараёнда ҳам зоминлик вожиб қилинса, таълим-тарбия бериш ваколатига эга бўлганлар фаолиятида машаққат туғилади955. Ушбу масалада бир қанча тафсилотлар мавжуд бўлиб, улар “Адаб бериш” истилоҳида баён қилинади.


952 Оқила – дия тўловчи. Кишининг оқиласи ота томонидан бўлган қариндошлари, яъни асабалари ҳисобланади. Улар дияни тўлаб беришда иштирок этишади.

953 Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 5-ж. 483-б. Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 4-ж. 210, 212-б. Муҳаммад ибн Юсуф Мавоқ. Ат-Тож вал иклил лил Мухтасариш шайхи Халил. 6-ж. 243-б. Аҳмад Совий Моликий. Ҳошиятус Совий ъалаш Шарҳис сағир. 4-ж. 45-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 7-ж. 343- б. Шаҳобиддин Аҳмад Қалюбий ва Шаҳобиддин Аҳмад Умайра. Ҳавошил Қалюбий ва Умайра ъала Шарҳил Маҳаллий ъала Минҳажит толибин. 4-ж. 150, 151-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш Шарҳил кабир. “Манор”. 1348 ҳ.й. 10-ж. 359, 360-б.

954 Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 5-ж. 172-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 27-б. Муҳаммад ибн Юсуф Мавоқ. Ат-Тож вал иклил лил Мухтасариш шайхи Халил. 6-ж. 243-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 7-ж. 79-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш Шарҳил кабир. “Манор”. 1348 ҳ.й. 10-ж. 363-б. Сулаймон Жамал. Ҳошиятул Жамал ъала Шарҳил Манҳаж. 5-ж. 90-б.

955 Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 5-ж. 363-б. Солиҳ Абдуссомиъ аби Азҳарий. Жавоҳирул иклил шарҳу Мухтасариш Шайхи Халил. 2-ж. 296-б. Ибн Фарҳун. Табсиратул ҳукком биҳошияти Фатҳил Алиййил Молик. “Мустафо Ҳалабий”. 2-ж. 349-б. Шаҳобиддин Аҳмад Қалюбий ва Шаҳобиддин Аҳмад Умайра. Ҳавошил Қалюбий ва Умайра ъала Шарҳил Маҳаллий ъала Минҳажит толибин. 3-ж. 306-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 8-ж. 327-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Тепағон оқсоқол»га чора кўрилди

387 21:09 28.11.2022

Пермь университетида отишма уюштирган шахс бир умрга қамалиши мумкин

172 20:12 28.11.2022

Шаҳбоз Шариф: «Покистон ва Туркия ресурсларни бирлаштириши керак»

265 19:40 28.11.2022

Исроил журналисти: Қатарнинг қатъияти барчани ҳайратга солди

1158 18:35 28.11.2022

Boeing Пентагонга Украина учун арзон кичик ўлчамли бомбалар ишлаб чиқаришни таклиф қилди

241 18:05 28.11.2022

Эрон АҚШ устидан ФИФАга шикоят қилди

766 17:35 28.11.2022
« Орқага