Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Катта фиқҳ энциклопедияси: ёлланган ишчи ва ижарага олувчининг ўз қўлидаги нарсага талафот етказиши

1062

(110-қисм 111-қисм 112-қисм 113-қисм 114-қисм 115-қисм 116-қисм 117-қисм 118-қисм 119-қисм 120-қисм 121-қисм 122-қисм 123-қисм 124-қисм 125-қисм 126-қисм 127-қисм 128-қисм 129-қисм 130-қисм 131-қисм 132-қисм 133-қисм 134-қисм 135-қисм)

Ёлланган ишчи ва ижарага олувчининг ўз қўлидаги нарсага талафот етказиши

50. Ижарага олувчининг қўлидаги нарса омонатдир. Ҳаддан ошиш, бепарволик ёки берилган рухсатга хилоф иш содир бўлмасдан унга талафот етса, зоминлик вожиб бўлмайди. Акс ҳолда зоминлик тайиндир. Хос ишчи ҳам омонатдор ҳисобланади. У фақат ҳаддан ошиш, бепарволик ёки хилоф иш қилиши билангина зомин бўлади. Муштарак ишчи (этикдўз, уста каби барчага хизмат қиладиган ишчи) борасида фақиҳлар зоминлик вожиб бўлишини ихтиёр қилганлар. Фақат тўғрилаб бўлмайдиган нарсалардагина зомин бўлмайдилар. Бу масаланинг тафсилоти “Ижара” истилоҳида баён қилинади. Ғасб қилинган нарсага талафот етказиш

51. Ғасб қилганнинг қўли – иттифоқан зоминлик қўлидир. Ғасб қилинган нарса мислийми, қийматлими, фарқи йўқ, талафотга учрамаган бўлса, айни ўзини қайтариши лозим. Агар талафот етказилса ёки ўзи талафотга учраган ҳолда ҳам ғосиб зомин бўлади. Бу ҳолатда қийматли бўлса – қийматини, мислий бўлса – мислини қайтариш вожибдир956. Бу юқорида баён қилиб ўтилган, талафот етказилган нарсаларга зоминлик масалаларидаги тафсилотга кўра амалга оширилади.

52. Ғасб қилинган мол ғосибнинг қўлидалигида биров унга талафот етказса, жумҳур уламолар (ҳанафий, моликий ва ҳанбалийлар)нинг фикрича, ихтиёр мол эгасига кўчади: хоҳласа, ғасб қилувчини, хоҳласа, талафот етказувчини зомин қилади. Шофеъийлар қуйидагиларни айтганлар: “Аслида талафот етказувчи зомин бўлади. Мабодо, талафот ғосибнинг маслаҳатига кўра амалга оширилса, масалан, бу қўйимни сўйиб бергин, деса ёки гап билан мол ўзиники эканини ифодаласа, ғосиб зомин бўлади957. Луқата (топилма), вадийъа (киши ҳузуридаги омонат) ва ориятга талафот етказиш

53. Асл қоидага кўра топилма, омонат ва ориятга олинган буюмлар, мол-ҳол топиб олувчининг, вақтинча сақлаб турувчининг, ориятга қабул қилганнинг қўлидаги омонат ҳисобланади ва улар талафотга учраган ҳолда зоминлик вожиб бўлмайди. Қоидага кўра, қўлида омонат моли бўлган одам икки ҳолатда – ҳаддан ошганда ва бепарволик қилгандагина зомин саналади. Бундан бошқа бирор ҳолатда зомин эмас. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Хиёнат қилмаган ориятга олувчи ва хиёнат қилмаган омонатни ушлаб турувчига зоминлик йўқдир”958, деган сўзларидир. Қолаверса, буларга инсонларда эҳтиёж бор. Агар бу ҳолатда зоминликни вожиб десак, инсонлар бундай саъй-ҳаракатлардан бош тортадилар. Шунга кўра, яна такрорлаймиз: агар мазкур масалада ҳаддан ошиш содир этилса ва талафот юзага келсагина зоминлик ҳосил бўлади. Акс ҳолларда зоминлик вожиб эмас. Аммо шофеъийлар қуйидагиларни айтганлар: “Орият борасидаги қоида шуки, орият уни олган одамнинг қўлида зоминлик моли ҳисобланади. Агар рухсат берилмаган ўринда ишлатиш билан талафотга учратса, бепарволик, беписандлик қилмаган бўлса ҳам зомин саналади. Бунга далил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Олган қўл олганини қайтаргунича жавобгардир”, деган сўзларидир959. Уламолар айтадилар: “Энг саҳиҳ қавл шуки, ишлатиш билан кийимнинг эскиришига ёки қисман талафотга учрашига зоминлик йўқ. Бир қавлда иккисига ҳам зоминлик мавжуд, дейилган. Яна бир қавлда эскирганига зомин бўлади, йиртилганига эса зомин эмас, дейилган960.

54. Бу ўринда мулоҳаза қилиш лозимки, дирҳам, динор, шунингдек, ҳажм билан ўлчанадиган, тортиладиган ва саналадиган нарсаларнинг орияти ҳақиқатда қарз ҳисобланади. Зеро, уларнинг айнини истеъмол қилмасдан, талафотга учратмасдан фойдаланиб бўлмайди. Булар, модомики, қарз саналар экан, уларнинг мислини қайтариш вожибдир. Мисли йўқ бўлса, қийматини қайтариш лозим961. Бунинг тафсилоти ва мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар баёни “Топилма”, “Вадийъа ” ва “Орият” истилоҳларида баён қилинади.


956 Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 5-ж. 126-б. Аҳмад Совий Моликий. Булғатус солик ли ақробил масолик. 2-ж. 197, 201-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 5-ж. 161, 165-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний маъаш Шарҳил кабир. “Манор”. 1348 ҳ.й. 5-ж. 421-б.

957 Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 7-ж. 165-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 3-ж. 448-б. Сулаймон Жамал. Ҳошиятул Жамал ъала Шарҳил Манҳаж. 3-ж. 475-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 5-ж. 249-б.

958 “Хиёнат қилмаган ориятга олувчи...” ҳадисини Дорақутний Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилган. Унинг санадида икки заиф ровий бор. Ибн Ҳажар Асқалоний. Талхисул ҳабир. 3-ж. 97-б.

959 “Олган қўл...” ҳадисини Аҳмад, сунан соҳиблари, Ҳоким Ҳасандан, у Самурадан ривоят қилган. Ҳасаннинг Самурадан эшитгани борасида ихтилофлар бор. Аксар ровийлар буни қўшимчалар билан ривоят қилган. Сўнг Ҳасан унутиб: “у омонатдордир, зиммасига зоминлик вожиб эмас”, деган. Термизий ҳасан ҳадис, деб айтган. Муҳаммад Абдурроуф Муновий. Файзул Қодир шарҳул Жомеъис сағир. 4-ж. 321-б.

960 Шаҳобиддин Аҳмад Қалюбий ва Шаҳобиддин Аҳмад Умайра. Ҳавошил Қалюбий ва Умайра ъала Шарҳил Маҳаллий ъала Минҳажит толибин. 3-ж. 20-б.

961 Ибн Ҳумом Ҳанафий. Фатҳул қодир. 4-ж. 423-б. 8-ж. 103-б.

“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Катта фиқҳ энциклопедияси": китоб чоп этилишига нима (ким) тўсқинлик қиляпти?

851 07:50 10.09.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Мислининг ҳақи

847 21:50 28.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: УЖРОТУН – Иш ҳақи

972 21:50 27.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРОДУН – кўса, кал

1035 21:50 26.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

702 21:50 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Фиқҳий истеъмолдаги ижтиҳоднинг сифати (таклифий ҳукми)

746 21:50 24.05.2022
« Орқага