Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: 1-боб. Қора бургут

7401

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм)

Бахтиёр Абдуғафур 1980 йилда Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган. ЎзР ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий ходими, биология фанлари доктори. Илмий ишлари АҚШ, Канада ва бошқа давлатларнинг илмий ойномаларида эълон қилинган.Исроилнинг Бен Гурион университети, Хитой Фанлар академиясининг Шинжон физика ва кимё институтларида малака оширган. Б.Расулов ҳозирда микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири сифатида фаолият юритади.

Бахтиёр Абдуғафур етук олим бўлиш билан бирга айни пайтда истеъдодли ёзувчи ҳамдир. Унинг "Қонли гуллар водийси: Мадаминбек", "Жалолиддин Мангуберди", "Ўзбечка" каби асарлари китобхонлар қалбидан ўрин олган.

Ёзувчининг навбатдаги китоби "Казбек. Осиё арслони" муаллифнинг ўз розилиги билан Azon.uz сайтида бериб борилади. 

Ушбу асарда Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ватандошимиз Мамадали Топиволдиевнинг жасоратлари архив ҳужжатлари асосида ҳикоя қилинади. Фашистлар уни «Азиатский лев» («Осиё арслони») деб аташган, белорусь партизанлари эса унга «Казбек» номини беришган.

НКВД махсус бўлимининг махфий маълумотларидан:

Москвага, Ставкага:

“Берлиндан ишғол қилинган Белорусиядаги Вермахт қўшинлари штабларига юборилган махфий радиограммалар “тутилиб”, мазмуни аниқланди. Хабарларга кўра, Белорусиянинг Олшаново, Круглянское туманларида диверсия-қўпорувчилик фаолиятини олиб бораётган, “Чекист” разведка гуруҳи бошлиғи, “Казбек” лақабли партизанни қўлга олган ёки ўлдирган немис аскари ёки зобитига 50 минг рейхмарка мукофот эълон қилинган...”

Ишғол қилинган Белорусиядаги Абвер хизматининг Бош идорага махсус ҳисоботидан:

“1942–1943 йиллар давомида ИДҚА собиқ аскари, жанговар лақаби “Казбек” бўлган партизан бошчилигидаги гуруҳ темирйўл ва магистрал йўлларда йирик қўпорувчилик ишларини олиб борган.

Агентура маълумотига кўра, Ўзбекистонда туғилган, миллати ўзбек, ҳарбий хизматни 1939 йилда бошлаган.

“Казбек” 22–24 ёшларда, жасур, қийин шароитларга бардошли, мураккаб ва қалтис вазиятларда совуққонлик билан қарор қабул қилади. Маҳаллий агентура аниқлашича, ишғол қилинган ҳудудлар орқали Москвага етиб боришга муваффақ бўлган. Москвада бир неча ой давомида махсус қўпорувчилик мактабларида тайёргарликдан ўтган. Шундан сўнг яна Вермахт қўшинлари назорати остида бўлган Белорусияга қайтиб, фаолиятини давом эттирмоқда. Айни вақтда “Чекист” номли разведка гуруҳига ҳам бошчилик қилмоқда.”

Биринчи боб. Қора бургут

Тонгга яқин Мамадали ғалати туш кўрибди. Қанотлари йирик, боши катта, қайрилган тумшуғи қўрқинчли ва сақичдек қоп-қора бургут кунботардан учиб кела бошлабди. Қанотлари шундай улкан эканки, ҳатто қуёшнинг юзини ҳам тўсганидан атроф-жавониб зулмат остида қолибди. Ҳар қанот қоққанида у ёқдан-бу ёққа совуқ, этни жунжиктирувчи шамол ҳайдармиш. Мамадали таажжубланибди: саратон чилласида ҳам шунақа изғирин бўладими?! Ўй-хаёлларини ҳали йиғиштириб олмасдан оғир қора булутлар пастлаб (бургут қанот қоқиб суриб келганини кейин пайқабди) шаррос ёмғир қуйиб юборди. Ёмғир томчилари изғириндан ҳам даҳшатли эди: баданга тегса куйдирар, бениҳоя азобларди. Бирданига олатасир қўпди, одамларнинг дод-фарёдлари қулоқлари қоматга келди. Минглаб одамларнинг чинқириқлари ҳар тарафдан эшитиларди-ю, бироқ уларнинг ўзлари кўринишмасди – атроф-борлиқ бирдек қора. Туйқус миясига яшиндек ўй урилди: бу бало-қазонинг маншаи – қора бургут! Уни йўқ қилиш лозим, даҳшатга солаётган тумшуқли калласини мажақлаш керак! Ё, Аллоҳ! Ким айтди буни?! Уми? Ёки, бошқа биров? Лаби лабига тегмай пичирлаётганини энди сезди. Шундагина бу хитоб тилидан, юрагидан чиққанини сезди. Қаердан келди, билмади, билакларига қувват оқиб кела бошлади, бўйнини эгаётган, қўл-оёқларини боғлаган қўрқув-ҳадик ўз-ўзидан чекиниб, журъат ва енгиб бўлмас куч юрагига олов ёқди. Мағрибу машриқни эгаллаган қанотларини ғазабнок қоқаётган, баҳайбат қоядек қаққайган бургутга қарши югурди, қўлида нимадир бор эди, отганини билмай қолди. Қаердан минглаб қўллар унга ёрдамга келди. Бургутнинг аввалги важоҳати ва шаштига путур етди. Ортига тисарилди. Ён-веридаги нолаю фиғонлар тинишга тушди. Одамлар унга эргаша бошлади. Ҳатто унинг исмини айтиб чақирадиганлар чиқди:

– Мамадали! Мамадали!..

Тушидаги бу овоз кўп ўтмай, қулоқлари остида жаранглай бошлади:

– Мамадали! Мамадали!

Мамадали овозданми ёки ҳосиятсиз тушдан чўчиб уйғониб кетди. Қаршисида ўзи тенги белорус йигит Иван Рилков кўзларини унга қадаганича турарди. Полкда уни Ваня деб чақиришарди.

– Тинчликми?! – уйқу аримаган кўзларини ишқаркан, сўради Мамадали. –Каллаи саҳарлаб одамни қўрқитасан!

– Сени комбат чақиряпти! – энтикиб нафас оларкан, ўзини оқлагандек деди Ваня. – Анавилар ҳам ўтиришибди.

– Кимлар?! – Мамадалининг уйқуси тамом учиб таажжубланди.

– НКВД зобити... Ҳовлида яна иккита НКВД аскари...

Мамадалининг юрагига хавотир оралади. Уни нега чақиришди?! Яна НКВДчилар! Буларнинг келишию бирор кишини йўқлаши яхшиликдан эмас. Ҳар хил мишмишлар, овозаларда жон бўлса керак. Тушидаги қора бургут шунга ишорамикин?.. Шу уй-хаёллар ичида кийина бошлади, оёғига пайтава ўраб этигини қидириб қолди...

Комбат майор Денисов хонасида, Рилков айтганидек, кўк гардишли фуражка кийган, қовоғи солиқ, қотмадан келган НКВД майори ҳам ўтирарди. Ҳарбийнинг ўзи эса қўлида қандайдир қалин жилд ушлаганича тик турарди. Ҳарбий таомилга кўра, Мамадали майор Денисовга келганини билдирди. Майор жилдни стол устига қўяркан, деди:

–Кел Топволдиев, сен ҳақингда майор Никифоровга сўзлаб тургандим.

НКВД зобити – майор Никифоров бўйни оғриётган одамдек елкаси билан Мамадали томон бурилди, унга бир муддат синовчан тикилиб тургач, “маъқул” дегандек бош ирғади. Мамадалининг юрагидаги хавотир улғайиб борар, нега чақирилганига ақли етмай турли хаёлларга, шубҳаларга борарди.

– Ўртоқ майор, бу ўша аскар Мамадали Топволдиев, – комбат майор Никифоровга Мамадалини таништирди.

– Қаердансан, аскар? – қаршисида мазлум тургандек таҳдидли сўради майор Никифоров.

– Фарғонадан! – ўзи кутмаган ҳолда гапириб юборди Мамадали. 

– Фарғонанг қаер бўлди, аскар? – майор Никифоровнинг нигоҳидаги таҳдид юмшаб, изоҳ сўраган маъно кўринди.

– Ўзбекистондан, – унга ёрдам бергандек деди комбат. – Ўзбек!

– Шундай демайсанми, аскар! – хириллашга ўхшаб кулди майор Никифоров. –Мен сенга география ўқитувчисиманми?

Майор Никифоров қаршисидаги очиқ жилддаги қоғозга қараб ўқий бошлади:

“Топволдиев Мамадали Фалончиевич. 1919 йилда Ўзбекистон ССР, Фарғона области, Риштон райони, Пандигон қишлоғида туғилган. Миллати ўзбек...” – майор Мамадалига юзланди.

– Адашмадимми, Топволдиев? – ниҳоят унга фамилияси билан мурожаат қилди майор Никифоров.

– Йўқ, ўртоқ майор... – Мамадали томоғининг қуруқшаганини сезди. Ҳужжатлари текширилганидан иш жиддиймикин, деган хаёлга ҳам борди.

– Ёрдаминг керак, Топволдиев! – бирдан юмшоқ оҳангда сўзлаб қолди майор Никифоров.

Майорнинг мулойим гапиришидан Мамадалининг хавотирлари анча ариб, енгил тортди.

– Қандай ёрдам? – сўради у.

– Ломжадан Белорусияга одамларни ташийсан, – тушунтира кетди майор Никифоров. – Бизнинг рўйхатимиздаги одамларни! – сўнгги сўзларга алоҳида урғу берди майор.

– Хўп бўлади, ўртоқ майор! – ўйлаб ҳам ўтирмасдан рози бўлди Мамадали.

–Командиринг сени жуда мақтади, – бирдан туси ўзгариб, майорнинг юзи тундлашди. – Ишончли экансан, Минсккача бўлган йўлларни жуда яхши биларкансан, шундайми?

– Йўлларда хато қилмайман, ўртоқ майор. Керак бўлса Москвагача бораман!

– Бу гапинг менга ёқди, Топволдиев! – деди майор Никифоров. – Сенга ўхшаган аскарлар керак.

Майор Никифоров комбатга юзланди.

– Шу аскарингизни оламан, – деди. – Бизга ёрдам қилсин!

– Муаммо йўқ, ўртоқ майор, – комбатнинг ҳам чеҳраси очилди. – Керак бўлса ҳамма шофёрларни олишингиз мумкин...

– Йўқ, ўртоқ майор! – бирдан унинг сўзларини бўлди майор Никифоров. – Биз ҳаммага ҳам ишонавермаймиз. Буни эсингиздан чиқарманг!

Комбат тилини тишлади ва Мамадали билан маъноли кўз уриштириб олди. Майор Никифоров эса уларга эътибор бермай қоғозларни тартибга сола бошлади.

– Ҳужжатлар менда туради... ҳозирча. Кейин қайтараман, – деди у.

– Яхши, – деди комбат.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Казбек. Осиё арслони»: Пахомичнинг вафоти

1064 21:35 31.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Тунда немис ўрмонга кирмайди

1145 21:10 30.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: черковдаги отишма

1239 21:10 29.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Душманга тузоқ қўйилади

1096 21:10 28.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: 17 июль

1099 21:10 27.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Ботқоқлик чангалида

953 21:10 26.05.2022
« Орқага