Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: 17 июль

1225

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

Мен мусулмон-у сен насоро, 

Дилимиз бир, биттадир Худо!

– Нима деб ўйлайсан, Пахомич, нега Алексей Иванович сени менга ҳамроҳ қилиб юборди?

Соч-соқолига тароқ тегмаганидан янада қўпол кўринадиган Пахомичнинг ёшини ҳурмат қилиб, аввалига Мамадали уни сизларди. Пахомич эса буни ҳеч қабул қилолмасди. Бир-икки “бемалол сенсирайвер, Толик, яқинимдан ҳам аълосан”, деди. Аммо Мамадалининг бунга тили бормасди. Мамадалининг сизлайвериши жонига теккач Пахомич масалани кўндаланг қўйди: “нима, мен сенга райкомманми ёки колхоз раиси, сизлайсан, биз энди ака-укамиз, сен йигирма иккида, мен олтмиш ёшда бўлсам ҳам! Агар яна сизлайдиган бўлсанг, бошқа гапирмай қўя қол, Толик!..” Мамадали жилмайганича рози бўлди. Бошига ҳижолат бўлиб, кейинроқ эса бемалол сенсирашга ўтди, отаси тенги одамни.

– Бунда энди гап кўп, Толик, – салмоқланиб деди Пахомич, бу галги разведкага ўзининг қўшилишини улуғлаш учун. – Алексей Иванович бир нарсани биладики, мени сенга қўшиб разведкага юборган...

– Жим! – кутилмаганда таҳдидли оҳангда деди Мамадали.

Пахомич чўчиб тушди.

– Тинчликми, Толик?!

Мамадали жавоб бериш ўрнига ўрмон ичкарисига бош ирғади ва ҳар эҳтимолга қарши милтиқнинг лўкидонини юргизиб қўйди. Лўкидоннинг юргизилишидан иш жиддийлигини тушунган Пахомич Мамадали кўрсатган томонга қаради... Қарадию ҳуши учди. Қарағайлар зич ўрмонда яшил ниқоб-кийимларда немис аскарлари эҳтиёткорлик билан келишарди.

– Алексей Иванович адашмаган экан, – ўзига ўзи сўзлагандек деди Мамадали. – Мана ўша гуруҳ!

– Шу... шу гуруҳни топиш учун чиққанмидик, Толик?! – тутила-тутила пичирлади Пахомич.

– Шу гуруҳни, Пахомич, худди шу гуруҳни! – Мамадалининг овозида аллақандай мамнуният сезиларди. Пахомич бундан жуда ажабланди. Агар Мамадалининг ўрни бўлганида сездирмай жуфтакни ростлаган бўларди.

– Пахомич, агар немислар шу йўл билан кетишаверишса қаерга боришлари мумкин?

– Тўғри юришса... тўғри юришса... тўппа-тўғри Воронцевичга чиқишади. Ҳа, Воронцевичига!

– Қизиқ, нега айнан Воронцевичи?

Немислар ўрмон ичи бўйлаб ўтган йўлга чиқишмас, йўл ёқалаб, қарағайлар панасида юришарди. Мамадали уларнинг ниятини тушунди: “кўздан ҳоли бўлишлик!..”

Ўрмон йўлида икки-уч сават, қоплар ортилган от-арава кўринди. Аравада Пахомич тенги, лекин қотмадан келган қария эди. Мамадали от-аравани ҳам, немисларни ҳам кузата бошлади. Немислар даврров ўзларини панага олишди. Уларнинг бошлиғи, ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги оберштурмбанфюрер қўлини асабий ва кескин кўтариб, тўхташни буюрди. Ўзи эса арава қаршисига чиқди.

Немис зобитини кўрган аравакаш – қария чўчиб тушди ва беихтиёр тизгинни тортди.

– Мендан қўрқманг! – кутилмаганда оберштурмбанфюрер русчада сўз қотди. – Ёрдамингиз керак эди.

– Бажонидил... Қ-қандай ё-ёрдам?..

– Черков қидириб юргандим. Ибодат қилиш учун.

Черков сўзини эшитган қариянинг қўрқуви анча ариди.

– Черков, дейсизми?! Черков бу томонларда Воронцевичида борда, эски жудаям. Воронцевичига ўрмон ичи билан юриш керак. Тўғри шимолга юрасиз, шу томонга. Қарағайларга қараб юраверасиз, шоҳи сийрак томони шимол бўладида...

– Демак, шу томонга, тўғрими? – оберштурмбанфюрер шимолга ишора қилди.

– Худди шундай, жаноб...

– Раҳмат сизга!

Оберштурмбанфюрер шошилмай тўппонча ғилофини очди ва тўппончасини чиқарди. Ундан кўз узмай турган ва ҳеч нарсага тушунмаётган қариянинг пешонасини нишонга олиб, тепкини босди. От жонҳолатда ҳуркди, қария эса ерга қулади.

– Аблаҳ! – Мамадалининг тишлари ғижирлади. Милтиқни ташлаб, елкасига осилган ППШни олиб оберштурмбанфюрерни отиб ташламоқчи бўлдию қарағайлар ортида яширинган немис аскарлари хаёлидан ўтиб, фикридан қайтди. Шунча немис аскарига тенг келолмайди. Ундан кўра, Пахомич айтган Воронцевичидаги одамларни огоҳ этиб, қутқариш керак.

– Пахомич, – пичирлади Мамадали. – Кетамиз!

– Қ-қ-қаёққа... Толик? – ҳали ҳам ўзига келолмаётган Пахомичнинг тили айланиб-айланмай сўради.

– Воронцевичига! Йўл бошла!

– Хўп... хўп...

– Фақат тезроқ етиб боришимиз керак, тушундингми?

– Тушундим, Толик, тушундим...

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафурнинг “Казбек. Осиё йўлбарси” китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусиқа рисоласи

299 20:20 07.08.2022

Катталар ўрнак бўлса, бола намунали бўлади

438 19:30 07.08.2022

Мактаб формасига сиёсатшунослар фикри

672 18:30 07.08.2022

Афғон (Афғон диёрида қачон тинчлик бўлади?)

465 16:30 07.08.2022

Тавозе билан хорлик орасидаги фарқ

313 14:35 07.08.2022

Қодиров ва Шойгу норасмий учрашув ўтказди

728 13:07 07.08.2022
« Орқага