Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: 2-боб Профессор Якуб Михайлевский оиласи сургуни. Мазлумнинг қарғиши

3287

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм)

Мамадали полуторкасида шаҳарнинг зиёлилари яшайдиган даҳасига келганида кўчада бир гуруҳ НКВД аскарлари иҳотасида турган одамларни кўрди-ю, таажжубланди. Турли ёшдаги эркаклар, аёллар, болалар, жомадонлар, боғлам-боғлам китоблар, яна аллақандай лаш-лушлар. Мамадали уларнинг кўчиб кетаётганини тушунди ва манзилда адашмадиммикин, деган хаёлга борди. Кўча бошида яна полуторкалар бўлиб, уларнинг ҳайдовчилари – Мамадалига ўхшаган ҳарбий кийимдагилар – четроқда алоҳидаланиб олишган, одамларни жимгина кузатишарди. 

Мамадали машинани йўл четида тўхтатиб, кабинадан тушди. Йўл-йўлакай гимнастёркаси ва пилоткасини тўғрилаб, аскарларга кўрсатмалар бераётган зобитнинг ёнига келди. Ўзини таништириб, ҳарбий қисмнинг йўлланмаси билан шу манзилга келганини айтди ва гимнастёркасининг кўкрак чўнтагидан иккига букланган қоғозни олиб зобитга узатди. Зобит хатни ўқиб совуқ оҳангда қисқа қилиб деди:

– Кутиб туринг!

– Хўп! – деди Мамадали.

Зобит унга ортиқ эътибор бермай яна аскарларга юзланиб, тушунтиришда давом этди. Мамадали эса ҳайдовчиларнинг олдига бориб кутишни маъқул топди. 

– Қайси қисмдансиз? – тўладан келган, лўппи юзли рус ҳайдовчи йигит ундан сўради.

– 130-дан, ўзингизчи? – деди Мамадали.

– Минскдан келдим, деди рус йигит.

– Бу одамлар кимлар, қаёққа кетишяпти? – уларни кузатаркан сўради Мамадали. 

– Бу кишилар университет олимлари, улар келишаётгани йўқ, олиб кетишяпти, – рус йигитининг овозида афсус оҳанги сезилди.

– Қаёққа?! – Мамадали ажабланди.

– Ҳозирча Минскка. Ундан кейин қаёққалигини билмайман. – Йигит бирдан овозини пасайтириб махфийлик тусини берди. – Айтишларича, тунда товар вагонларига уларни қаёққа олиб кетишармиш. Тўғриси, ўз кўзим билан кўрганим йўқ-ку, энди, шунақа миш-мишлар юрибди-да.

– Тушунарли, – деб қўйди Мамадали.

Зобитнинг баланд овозда дона–дона қилиб гапиришидан уларнинг суҳбати узилди. Унинг буйруғи барчага – ҳайдовчилар, НКВД аскарлари ва кўчирилаётганларга эди. 

Мамадалининг машинасида поляк профессори ва унинг оиласи, бу издиҳомнинг расмий бошлиғи – НКВД зобити жўнайдиган бўлди. Мамадали ёши 65-70 ёшлардаги, оқ сочли, баланд бўйли қария – профессорнинг қўлидан жомадонини олиб, кузовга қўйди. Профессор соф русча талаффузда миннатдорлик билдирди. Унинг ўзига ўхшаган қоматли, кенг елкали, Мамадали билан тенгдош ўғли бўлиб, биринчи у кузовга чиқди ва отасига қўл узатди. Кекса кишининг баланд кузовга чиқиши осон эмасди, камига профессорнинг оёқлари оғриб, яхши юролмасди. Буни сезган Мамадали қўлларини бир-бирига киргизиб “оёғингизни қўйинг” деган маънода қаради. Аввалига профессор бунга журъати етмади, бироқ зобитнинг аччиқ сўзлашидан сўнг бошқа иложиси қолмади. Мамадалининг қўлларига оёғини қўйиб ўғлининг қўлларига осилди. Шу тариқа у кузовга олинди. Ундан кейин профессорнинг аёли, шаҳар мактабида тарихдан дарс берадиган ўқитувчи ва қизлари кузовдан жой олишди. Профессор ва унинг оммасидан ташқари бир гуруҳ зиёлилар – шаҳар газетаси муҳаррири, бастакор ва икки врач уларнинг сафига қўшилди. Икки НКВД аскари эса кузовда соқчилик қилиб кетадиган бўлди.

Уларни жойлашишини кузатиб турган зобит Мамадалига бош ирғаб кабинага чиқиб ўтирди. Мамадали жойини эгаллади.

Қолган “полуторка”ларнинг кузовларига ҳам одамлар олинган, сафарга ҳозир эди. Сафнинг бошида Мамадалининг машинаси эди, зобитнинг рухсати билан у қўзғалди. 

Мамадалининг кўзлари йўлда, хаёллари эса тамоман бошқа ёқларда кезиб юрарди. Бу одамларни қаёққа олиб кетишяпти? Ўз уйларида яшашса бўлмайдими? Кимга қандай ёмонлик қилиб улгуришди? Анави гўдаклар-чи? Уларни ҳам кўчиришдан муддао не?..

Шу ўй-хаёллар билан Мамадали шаҳарнинг кун чиқиш томонига чиқди. Бу ердаги икки-уч бино икки йил аввал немислар шаҳарга бостириб киришганида бўлиб ўтган жангларда ёндирилган, шундан бери қорайганича турибди. Агар шаҳар Иттифоққа берилмай Польшада қолганида бу одамлар мажбуран кўчирилмасмидилар?... Йўл бўйи уни шундай ўй-хаёллар безовта қилиб келди, лекин йўлга чиққанларидан бери чеҳраси очилмаган зобитдан сўрашга ҳайиқди. Билиб бўладими, “Ишинг нима? Йўлингга қара!” деб тўнғиллаб қолса. Шу истиҳолада индамай кетаверди...

***

Шаҳардан чиқиб яна икки соатларча юришгач, йўл уларни қалин ўрмонга бошлади. Кўп ўтмай кутилмаганда зобит ўтирган томондаги ғилдиракнинг ёрилгани аниқ эшитилди-ю, машина шу томон оғиб, юриши оғирлаша-оғирлаша тўхтади. Мамадали дарҳол моторни ўчириб кабинадан тушди. Тез-тез юрганича оғиган тарафга ўтиб, пучайиб қолган ғилдиракни кўрди-ю, афсусланди, ҳам юрагига хавотир оралади. Зобит аввалига нимадир деб тўнғиллади, сўнг бўралаб сўкинди. Ҳайдовчиними ёки ғилдиракми Мамадали англолмади.

– Бошқа ғилдирагинг борми? – сўради зобит Мамадалидан.

– Бор, ҳозир алмаштираман, – деди Мамадали. 

– Унда тез-тез қимирла, имиллама! – қўполланди зобит.

– Хўп... – Мамадали унинг қўрслигига эътибор бермади.

Мамадалининг ортидаги машиналар ҳам бирин-кетин тўхташган, айрим ҳайдовчилар унинг ёнига келишганди ҳам. Одам тўла полуторкаларнинг тўхтаб туриши зобитга ёқмади, бақир-чақир қилганича ҳайдовчиларни машиналарга қайтиб, йўлда давом этишларини буюрди. Машиналар Мамадалининг полуторкасини ёнлаб ўтиб, ўрмон ичида кўздан ғойиб бўлишди. Уларнинг ҳатто моторларини овози ҳам эшитилмай қолди. Бирданига ўрмонга оғир сукунат чўкди. Ора-сира емиш илинжида қизилиштоннинг қарағайни тўқиллатиши эшитилиб жимликни бузарди. 

Кузовдаги одамлар тик туриб олишган, тушиш ёки тушмасликларини билишмасди. Зобит эса машинадан нарироқда Мамадалининг кучаниб ғилдирак болтларини бўшатишини ўқрайган кўзлари билан кузатиб турарди. Мамадали ҳамма болтларни бўшатиб ғилдиракни суғурди. Эҳтиёт ғилдиракни юмалатиб олиб келганида машина кўтаргич бир энлик пастлади-ю машина яна бир томонга энкайди. Оёқдаги одамлар дарров кузов деворларини, бир-бирларини ушлаб олишди. Мамадали машина кўтаргич омонат турганини сезиб зобитнинг ёнига борди.

– Ўртоқ лейтенант, одамларни туширмасак бўлмайди...

– Отставить, аскар! – таҳдидли чинқирди зобит. – Бу ерда нима қилишни мен ҳал қиламан!

– Айтмоқчиманки... машина кўтаргич машинани кўтара олмаяпти...

– Машинанинг носозлиги учун жавоб берасан! – давом этди зобит. – Керак бўлса ишингни трибуналга ошираман, тушундингми!

– Ўртоқ лейтенант, мурожаат қилсам бўладими? – кузовдаги профессор уларнинг ”суҳбати”га аралашди. – Йигитча тўғри гапиряпти. Ёки биз эркаклар унга ёрдам берайлик. Устачиликдан хабарим бор. 

Унинг сўзларидан зобит бироз юмшади. 

– Майли, уч киши тушсин! – буюрди зобит.

Кузовдан профессор, унинг ўғли ва муҳаррир бирин-кетин тушишди. Профессор Мамадалининг ёнига бориб машина кўтаргични кўздан кечиргач, деди:

– Ғилдиракнинг ўқи остига ғўла ёки семизроқ ёғочдан тиркама бериб, машина кўтаргични аста кўтарамиз.

Бу фикр Мамадалига ҳам маъқул келди. Ён-атрофга қараб нарироқдан йирик ғўла топиб келди. Профессорнинг ўғли ёрдамида ғилдирак ўқи остига тиради. 

– Машина кўтаргични кўтаринг, фақат шошилмай аста ҳаракат қилинг, – тушунтирди Мамадалига.

– Тушундим... – Мамадалининг вужуди қулоққа айланиб машина кўтаргичнинг дастагидан эҳтиёткорлик билан ушлади ва оҳиста пастга босди. Машина бир энлик кўтарилди. 

– Яна шундай қилинг! – профессорнинг овози эшитилди. 

Мамадали яна босди – машина яна кўтарилди. Энди ғилдиракни жойлаш мумкин эди. Муҳаррир чаққонлик билан ғилдиракни тиклаб, Мамадали томон юмалатди. Мамадали эса ғилдиракни бир зарб билан ўрнига жойлади-ю, елкасидан тоғ ағдарилди. Энди болтларни қотирса бўлди!

– Менинг исмим Якоб Михайлевский, профессор Михайлевский! – паст овозда ўзини таништирди профессор. 

Биринчи болтни чаққонлик билан жойига қўйиб, қотираётган Мамадали бирдан ишидан тўхтаб, унга ажабланиб қаради. Профессорнинг овозида аллақандай мунг, ялинчоқлик сезилар эди. 

– Юз-кўзингиздан кўнгли тоза инсон эканингиз билиниб турибди, – давом этди профессор Михайлевский. – Бу йигит менинг ўғлим Роберт. Роберт Михайлевский. Варшавада университетда ўқийди. Биласизми, у яқинда таътилга келувди. Қайтишга улгурмади... Исмингиз нима?

– Мамадали.

Профессор Михайлевский бир муддат тин олиб, унга тикилиб қолди. Ўғлининг тақдири мана шу қорақош, буғдойранг, чеҳраси ёруғ ва болаларникидек беғубор, 20-22 ёшлардаги йигитнинг жавобига боғлиқлигини ҳис қилар, Худодан унинг қалбини раҳм-шафқат туйғуларига тўлдиришини сўрар, Мамадалининг самимий ва мулойим боққан кўзларини кўриб кўксига сиғмай ураётган юраги таскин топа бошлаганди.

– Агар... агар... ўғлимнинг қочишига ёрдам берсангиз, бир умр сиздан миннатдор ўтардим. Ҳаққингизга дуолар қилардим. Чунки... чунки... ҳозир бундан бошқасига қурбим етмайди.

– Дада! – Роберт эътирозли оҳангда отасига қаради.

Профессор Михайлевскийнинг сўнгги сўзларидан Мамадалининг кўнгли бузилди. Ўғлининг тақдиридан қаттиқ хавотирга тушган ва чорасиз отанинг безовта туғёнларини ўқиди. 

– Қандай ёрдам бера оламан! – кумушранг портсигарини ўйнаётган зобитга кўз қири билан қараб сўради Мамадали.

Профессор Михайлевский лаби-лабига тегмай, пичирлаганича тушунтира кетди:

– Мана, қаранг, ўрмон! Робертни шу ўрмонга қочирамиз...

– Таваккал... қалтиску бу? – пичирлади Мамадали.

– Азизим Мамадали! – исмини айтиб деди профессор. – Россияда бизни нима кутаётганини билмаймиз. Роберт Польшага кетади. Польшада омон қолади, буни юрагим сезяпти. 

– Дада... – Роберт отасига норозиланиб қаради. 

– Жим! – кутилмаганда ўғлига таҳдидли қаради профессор. – Жим!

Анчагача Мамадали нима дейишини билмади. Профессор Михайлевскийга раҳми келарди-ю, ўзининг тақдиридан хавотирда эди. Биринчи бўлиб, анави зобит – лейтенант соғ қўймаса керак. Кейин, бу зобитнинг идораси... кўнглида раҳм-шафқат ва хавотир бир-бири билан кураша кетди. Лекин барибир, Раҳмоннинг сўзи ғолиб бўлди.

– Гап бундай, мен болтни қотираётганимда ўғлингиз ўрмон томон югурсин! – пичирлади Мамадали. – Омади келса, қочиб қутулади.

– Раҳмат! Раҳмат! – профессорнинг кўзига Мамадали нажот фариштасидек кўриниб кетди. 

Мамадалининг вужудига негадир титроқ кирди, навбатдаги болтни олганида профессорнинг овози эшитилди:

– Югур!

– Қаёққа, ота?!

– Ўрмонга, ўғлим! Ўзингни қутқар!

– Сизчи?! Онамчи, ота?!

– Бизни ўйлама, ўғлим, бор, тезроқ бўл!

– Кетолмайман, ота...

– Гапимни бўлма! Қайсарлик ҳам қилма! Сен кетавер, онанг билан сени топамиз! Варшавага борамиз! Университетни биламан-ку, ўғлим! Бор, борақолгин энди!

Отасининг ишонч билан гапириши Робертга журъат берди. Отасининг қатъий боққан нигоҳи босимида тушундим, дегандек бош ирғади. Кузовда ундан кўз узмай турган онасининг нигоҳида “борақол” деган маъно ўқиларди. Роберт бир-икки қадам ташлаб ўрмон томон чопди. Унинг қочаётганини кўриб қолган зобит шоша-пиша тўппончасини ғилофдан чиқардида ўйлаб-нетиб ўтирмай унга ўқ узди. Профессор Михайлевский қотиб қолди. Қичқирмоқчи бўлди-ю, тили сўзга айланмади, тушуниксиз ғўлдирадими, дудуқландими, ўзи ҳам бимасди. 

Зобит биринчисида нишонда адашди. Иккинчи марта Робертни нишонга олди. Шундагина профессор кутилмаганда қичқириб юборди: “Отма!!!” Табиийки, зобит уни эшитадиган ва айтганини қиладиган аҳволда эмасди. Иккинчи марта ўқ овозидан ўрмон ларзага келди – Роберт қўлларини икки томонга қилганича чайқалди-ю, юзтубан бўлди.

Учинчи марта атроф-жавониб шўрлик отанинг фарёди, бахтсиз онанинг оҳу ноласидан ларзага келди.

– Роберт!!!

– Роберт!!!

Мамадали эс-ҳушини йиғиб олгунича, профессор зобит томон югурди. Унинг кўзлари қонга тўлган, ўғлининг шафқатсиз қотилидан ўч олиш фикру хаёлини эгаллаганди. Зобит пинагини бузмай тўппончасини яқинлашиб келаётган кекса олимга тўғрилади ва тепкини босди. Профессор Михайлевский йиқилди, лекин туришга уринди. Қаддини ростлашга кучи етмади, тиззалаб олди. Сочлари тўзғиган ожиз қариянинг сиёқда қаҳрли нигоҳи йўлидан чиққан уриб-йиқитадиган важоҳат бор эди. Бироқ куч унинг вужудини тарк этиб борарди. Унинг бор нафрати сўнгги сўзларига айланди: 

– Минг лаънат сенларга! Минг лаънат!

У ёнбошига қулади. Мамадали бу даҳшатни жимгина кузатиб турар, на қимирлашни, на сўзлашни билмасди. Профессорнинг кузовдаги аёлининг фарёди еру кўкка сиғмасди. Зобит айтиб йиғлаётган аёлга, ҳозиргина қўли қонга ботганига эътибор бермай, бамайлихотир профессор Михайлевский, сўнг эса унинг ўғлинининг жасадлари ёнига бориб, ўликми-тирикми, текшириб кўрди. Уларнинг ўлганига ишонч ҳосил қилгач, тўппончани ғилофига жойлади ва Мамадалининг олдига келди.

– Ишингни тез-тез якунла, шундоқ ҳам кўп қолиб кетдик! – норозиланиб тўнғиллади. 

– Хўп бўлади, ўртоқ лейтенант, – деди Мамадали ва ишига уннади.

Мамадали ҳаяжонини боса олмас, титроқ қўллари билан ғилдиракнинг болтларини қотираркан, кўз ўнгида отиб ташланган олим ва унинг ўғли кетмас, профессорнинг ўлим олдидан айтган – “минг лаънат сенларга!” – деган сўзлари қулоқлари остида такрор-такрор жарангларди. 

Мамадали ишини якунлаб кабинага чиқди. Зобит ҳам унинг ёнидан жой олди. Мамадали унга эътибор бермай машинани юргизди. Полуторка оғир силкиниб қўзғалди. Профессор ва унинг ўғли сайхонликда қолди. Кузовдан бечора аёлнинг йиғлашга ҳам мажоли қолмаган, бир нуқтага кўзларини тикканича машинанинг силкинишига монанд тебраниб кетарди. Энди унинг ақлу ҳуши жойида эмасди. 

Қуёш уфқни қонга бўяб борарди...

...Мамадали бир ҳафтача ўзига келолмай юрди. Кўз ўнгидан отиб ташланган Роберт ва унинг отаси ҳеч кетмасди.
 

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур


https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мубашшир Аҳмад:  "Фитна тегирмонига сув қуймаслик керак!"

115 12:55 02.07.2022

Қорақалпоғистондан расмий баёнот

533 12:34 02.07.2022

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

59 12:20 02.07.2022

Исроилнинг Эронга оид яширин маълумотлари тарқалиб кетди

459 12:00 02.07.2022

Ғарбий Соҳилдаги тартибсизликларда исроилликлар яраланди

118 11:45 02.07.2022

“Муҳожирлар ташналикдан вафот этган” – ХМТ таассуфда

222 11:15 02.07.2022
« Орқага