Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Данилевский билан учрашув

961

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

31-боб

Ўлимга чап бериб қочган асир – Мамадалини тутиш ва уни гапиртириш энди лейтенант Данилевскийнинг асосий ўй-хаёли эди. Белоруссиядаги “хизмат сафари”нинг муваффақиятга эришиши ёки эришмаслиги, унга яна бир бор (балки сўнгги мартадир) имконият берган қўмондонларининг қаршисида ўзини оқлаб олиши учун дастлабки қадам Мамадалини тирик қўлга олиш эди. Уни ҳузурига келтиришса, гапиртириш – “ичидагини суғуриб олиш”нинг уддасидан чиқишса бу туманлардаги партизанлар гуруҳига йўл топиши аниқ эди. Мамадали – ҳозиргача тутқич бермаётган партизанларга олиб борадиган калаванинг учи. 

Қуёш кўкда мўраласа ҳам, ожиз нурларини ерга югуртирса ҳам, беозор силаб-сийпаласа ҳам унинг тафти сезилмайди. Бу кенгликлардан шимолгача – абадий музликларгача қуёшнинг ҳукми чегараланган. Маълум кунлар, ойларда уни ҳис қилиш мумкин. Бироқ лейтенант Данилевскийга унинг бор-йўқлиги тамом фарқсиз. Қуёш борми-йўқми сезмайди; совуқдан тўнглаган, тошдек қотган тупроқни ўйиб, мангуга кўз юмган онасини сўнгги манзилга кузатаётган ҳолати уни ҳеч қачон тарк этмайди. Унинг юраги ўша тошга айланган муздек тупроқдек... ҳеч илимайди, ҳеч юмшамайди. На бир гиёҳ унади. Овлоқ ўрмоннинг ҳозирги кўриниши унинг тунд юзидан ранг ва ҳол олгандек эди.

-Жаноб лейтенант, йўлга чиқдик, – аскарларга бош бўлган ефрейтор унинг ёнига келиб ҳисобот топширди. – Излар шу ергача келган. Йўлнинг нариги томонида из йўқ. Менимча, йўлга чиқиб кетган...

-Йўлнинг қайси томонига? Юқорига? Пастга? – Данилевский Мамадалини худди шу ефрейтор қўлдан чиқаргандек нафратланиб қаради.

Ефрейтор ўғирлик устида қўлга тушган одамдек аҳволга тушди.

-Из... йўқолган...

-Қанақасига? Қуш бўлиб учибдими ёки ерга кирибдими?

-Йигитлар текширишяпти, жаноб лейтенант. Яна аниқлаймиз... 

Данилевский лабини истеҳзоли жийирганча бош ирғади. “Бу сўтаклар билан бирор иш қилиб бўладими ўзи?!” – ҳам аламли, ҳам истеҳзоли ўй югурди ҳаёлига. 

-Боринг! – буюрди у ўйланиб тургач.

Ефрейтор “Jawohl!”  дедида югурганича кетди. Унинг ортидан нафрат тўла нигоҳи билан кузатаркан, Данилевский ўйларида давом этди: “Бутун белорус ўрмонларига сочилиб кетган шўро аскарларини топиш, тутиш ва ўлдириш осон эмас. Урушдан – кенг кўламли ҳужумлардан омон қолган, ундан кейинги таъқиблардан қутилишнинг уддасидан чиққан, сўнг нафасини ростлаб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб немис аскарларини маҳв этиб, ҳам қурол-яроғини тортиб олиб, ўзига ишончи ортган, руҳи кўтарилаётган душманнинг янги тоифаси – партизанларга қарши жанг қилиш, қўмондонлар ўйлаётгандек осон иш эмас! Армиядаги аскар жангдан – жангга улғайса, тажрибаси ошса, партизан ҳар сония, ҳар дақиқада улғаяди. Буларнинг биргина тимсоли ўша ўзбек жангчиси Мамадали. У аскар бўлганида унчалик хавотирланмаса бўларди, бироқ у партизан – кўзга кўринмайдиган шарпа, тутиб бўлмайдиган кўланка. Шарпаларга, кўланкаларга қарши қандай жанг қилиш мумкин?

Шунда лейтенантнинг миясига яшиндек бир ўй урилди. “Партизанларнинг тутишнинг бир йўли бор...” Кўнглидан оралаган бу ўйдан ичи ёришди. Хаёлида турфа режалар ривожлана кетди...

32-боб

Мамадали шоша-пиша ёнига, сўнг остига қаради. Сесканиб кетди. Немис ҳарбийлари жасадлари. Совуқда тош қотган, айримларининг кўзлари очиқ. Қошлари, соқол-мўйловларида қор ўтириб қолган. Кузовга худди ўтинни тахлагандек терилган.

Мамадали ўзини четга олмоқчи бўлдию кузовда бўш жой йўқлиги, қолаверса немисларнинг машинасида экани кўнглидан ўтиб бўшашди. Қўзғалмади. Шу аҳволида ётаверди. Кўнглидан ҳар хил ўйлар ўта бошлади. Камида, йигирма – ўттиз немис аскари жасади бор. Бу дегани немислар ҳам қурбон беришяпти, машиналарга солиб ташишяпти. Ҳеч бир армия енгилтак эмас. Жумладан, немисларники ҳам. Немис аскари темир эмас, пўлат эмас, у ҳам ўлади!.. Сўнгги ўйдан Мамадали умид берувчи ишонч мустаҳкамлана бошлади.

Машинанинг секинлай бошлагани Мамадалининг ўйларини бузди. Бошини аста кўтариб, кузовдан ташқарига қаради. Машина аллақандай назорат жойига яқинлашиб қолган, соқчиликда уч-тўрт немис аскари кўринарди. Ён – атроф кенг сайхонлик, юрган одам бемалол кўринади. Мамадали нима қилиши кераклигини ўйлаб қолди. Кузовдан тушишга энди кеч. Немислар сезиб қолишади. Мурдалар орасида яширинади. Шундай қилмаса ҳам бўлмайди. Соқчи аскарлар кузовни кўздан кечириши мумкин. 

Машина бирдан тўхтади. Мамадалининг вужудини муздек тер қоплади. Нега тўхтади?! Соқчилар жиддий текширишмоқчими? Майли, текшираверишсин, қўрқмайди; қуролсиз ҳам, қуруқ қўллари билан ҳам олишаверади...

Ҳали ҳаёли тугамай гулдирак, еру-кўкни бирдек титраётгандек овоз эшитилди. Овоз тобора яқинлашарди. Қизиқиши устун келиб, Мамадали бошини аста кўтарди. Сон-саноқсиз туюладиган вагонлар тортган поезд чинқирганча яқинлашиб келарди. Мамадали темир йўл кесишмасига келиб тўхтаганларини тушунди. 

Поезд ўта бошлади. Айрим вагонларнинг ути очиқ, уларда танклар, зениткалар, турли калибрдаги тўплар, бошқа оғир қуроллар кўринади. Яна кўп вагонларда немис аскарлари.

Эшелон узоқ ўтди. Жойига яна қайтиб олган Мамадали ўзича фикр қиларди. Олис Германиядан аскарлар, қурол-яроғлар келяпти. Уруш машинасига ёқилғи қуйилади. Бу қувват билан душман яна шаҳарларни эгаллайди, нечса-неча қишлоқларни ёндиради. Бу поездлар тўхтамас экан уруш давом этаверади.

“Поездлар юрмаслиги керак!” – фавқулодда ўй ўтди Мамадалининг кўнглидан. “Ёки поездларни, ёки темир йўлларни йўқ қилиш керак эканда! Шундай қилиб душманни кучсизлантириш мумкинку, нега буни ўйлаб кўрмадик аввал!?..”

Мамадалининг бу кашфи уни жуда ҳаяжонлантириб қўйди. Анчагача ҳаяжонини боса олмай, мислсиз тезлик олган ҳаёлларини йиғиштиролмай қолди. Қани энди қаноти бўлсада қуролдош дўстлари ёнига учса, бу кашфиётидан сўзласа.

Машина қўзғалди. Юрди. Соқчилардан ўтгани Мамадалига ҳам сезилди. У овлоқроқ бир ерда тушиб қолишни кўзларди.

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафурнинг “Казбек. Осиё йўлбарси” китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

200 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

139 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

263 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

224 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

109 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

361 21:10 25.05.2022
« Орқага