Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Хоинлар келади 

2673

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9 кисм 10 кисм 11 кисм)

13-боб

Анна Васильевна икки дона қайнатилган картошка солинган ёғоч идишни олганида туйқус нигоҳи деразадан ташқарига, ҳовлига тушди. Четан девордаги эшикни очиб икки қишлоқдоши кириб келишарди. Иккаласи ҳам касб-корининг тайини йўқ, муқим иш-жойсиз. Қаерда яримта бўлса ўша ерда ҳозир. Бири қирқ-қирқ бешлардаги Николай – қишлоқдагилар Коля пиён деб танийдилар, иккинчиси унинг тенгдоши Серега, негадир лақаби Хомут. Икковининг афт-ангори бир аҳволда: соқоли қирилмаган, уринган, у ер-бу ерининг чоклари сўкилган, доғ-дуғ ўтирган пиджак остидаги кўйлакларнинг ёқалари тартибсиз; қунжи баланд этиклар лой, худди эрталаб роса шудгор тепалагандек.

Анна Васильевнанинг кўнгли нохушланди. Бу такасалтангларнинг бемаврид ташрифи яхшиликка эмаслигини сезди. Идишни дарров стол устига қўйиб ташқарига чиқди.

–Саломатмисиз, холажон! – сарғайган тишларини кўрсатиб ишшайди Коля пиён.

–Соғлиғимдан шикоят қилганмидим, Николай? – Анна Васильевна қуруққина қилиб деди.

–Йўқ, албатта! ¬– Колянинг қув кўзларида аллақандай шумлик учқунлари сезилди. – Серёга билан бир йўқлаб кетайлик, дегандикда!

–Бекордан-бекорга келмайсан, Николай, муддаога ўт!

–Холажон, Ваня кепти, деб эшитдик, – суҳбатга қўшилди Серёга.

Анна Васильевнанинг юраги кўксига сиғмай ура кетди.

–Кимдан эшитдинг, Серёга? – сир бой бермасликка уриниб сўради Анна Васильевна.

–Қишлоқдагилар гапиряптида, холажон.

Анна Васильевна бу шумқадамларнинг ниятини фаҳмлагандек бўлди. Уруш бошланмасдан аввал бу иккиси ўғли билан улфат бўлмаган, салом-алиги ҳам йўқ эди. Ваня уларни ошкора хушламасди. Уларнинг даврасига яқин йўламасди. Энди эса сўроқлаб келишибди. 

–Ўғлим келганида бутун қишлоқни чақириб зиёфат берардим, сизларни ҳам чақирардим, – ўзини босиб олиб гапиришга уринди Анна Васильевна.

Меҳмонлар бу билан қаноатланишмади. Серёга қўлларини кенг шимининг чўнтакларига тиққанича дераза ёнига келиб ичкарига қаради. Шубҳали нарсани сезмагач, Анна Васильевнага қаради.

–Ваъдангизни эсингиздан чиқарманг-а, холажон! – деди у. 

–Эсимдан чиқмайди... Айтгандек, бир нарса сўрамоқчийдим, Пасерово атрофларида немислар кўринганмиш, хабарларинг йўқми?

Серёга Коляга маъноли қараб қўйди.

–Кимдан эшитдингиз? – сўради у.

–Қишлоқда ҳамманинг оғзида шу гап...

–Бўлиши мумкин, – Коля гапни илиб кетди. – Немис эртами-кечми, барибир келади.

–Кетдик, Коля, борадиган жойларимиз бор! – Серёганинг буйруқ оҳангидаги овози Колянинг сўзини кесди. 

Серёга шеригига “кетдик” дегандек бош ирғадида уни кутмай ортига бурилди. Анна Васильевна уларнинг қораси учгунча уйга киролмай турди. Сўнг шоша-пиша уйга қайтди, ранги қумдек учган Ваня онасини қарши олди.

–Тинчликми, онажон, булар нега келибди? – сўради у.

–Сени сўрашди, бир нарсанинг исини олган булар, бўлмасам келмасди! Немисларни гапирсам дарров туси ўзгарди. Буларнинг на дўстлиги, на душманлигини ҳам билиб бўлмайди.

–Бу иккисидан аввал ҳам яхшилик чиқмаган! – Ванянинг ўнг қўли беихтиёр муштга тугилди.

Ваня ҳали гапини тугатишга улгурмаган ҳам эдики ташқарида моторларнинг товуши эшитилдию суҳбат узилди. Дарров ойнадан ташқарига қарашди. Бу билан қаноатланмаган Анна Васильевна яна остона ҳатлаб ҳовлига чиқди. Нафаси бўғзига тиқилгудек бўлиб юриб йўлга қаради-ю юраги уришдан тўхтаб қолаёзди: кажавали мотоциклда икки немис аскари келарди! Анна Васильевна бир муддат улардан кўзларини узолмай қолди. Туйқус хаёлидан ўғли ва Мамадали ўтдию уйга ошиқди.

–Болам! Болам! Яширининглар! Яширининглар!..

14-боб

–Сизни отишгандику... – ажабланибди Мамадали. – Белостокнинг йўлида... Ўзим кўргандим... Ўғлингиз билан бирга отишганди...

Мамадали пан Михайлевскийнинг ўлганига сира шубҳа қилмасди. Ҳатто майор Никифоров унинг бўйнига бармоғини қўйиб жони узилганини тасдиқлаганди.

–Ҳа, афсуски шундай бўлди, – Михайлевский оғир хўрсинибди. – Аммо ёш ўғлим жувонмарг кетди, шунга куйяпман...

–Унинг гапларига қулоқ солма! – қоронғу бўшлиқдан таҳдидли овоз эшитилдию Мамадалининг таажжуби ортди. Таниш овоз. Қаерда эшитувди? Э, ахир бу майор Никифоровнинг овозику! Михайлевский ва ўғлини отиб ташлаган НКВД зобити.

–Сен ва сенинг қавминг Худонинг қарғишига учради, майор! – Михайлевскийнинг кўзлари олаланди, ранги оқарди ва қўрқинч бир қиёфага кирди. – Миллион-миллион одамларнинг қарғиши ҳали ҳаммангнинг ёқангдан тутади! Худога қарши исён қилганингни товони улуғ бўлади! Бўғзинггача қонга ботасан! Бўғзинггача!..

–Ўғлим, эҳтиёт бўл!

Мамадали чўчиб тушибди. Отасику! Қани? Нега кўрмаяпти?

–Мамадали, эҳтиёт бўл! Мамадали...

...Кимдир уни туртарди. Мамадали зўрға кўзларини очди. Кўз олди туман, фикрлари тарқоқ, уларни жамлай олишга уринаркан туш кўрганини тушунди. Отаси, пан Михайлевский, майор Никифоров...

–Мамадали! Дўстим, туришингга ёрдам бераман!

Кўзларини қоплаган туман кўтарилди-ю Ванянинг қўрқув тўла юзини кўрди. Ваня унинг гапиришини кутмай қўлидан ушлади ва турғизди, қўлтиғига кираркан деди:

–Қишлоққа немислар келибди! Уйларни тинтишяпти!

Вужуди ёнаётган, гоҳ-гоҳида ҳушини йўқотаётган бўлсада Мамадали Ванянинг қўрқувини ўзида ҳис қилди. Немислар?! Нега? Нега келишади? Ахир улар энди жанг қилишмаяптику! Уларнинг қуроли йўқку! Немисларга нима керак?

Ранги бўздек оқариб кетган Анна Васильевна уйга кириб келдида ўғлига ёрдамга ошиқди. Мамадалининг иккинчи қўлтиғига кираркан ўғлига деди:

–Ертўлага тушасизлар, болам! Ўша ерда яширинасизлар!

–Хўп, онажон...

–Айтдим-а, айтдим-а, бу такасалтанглар кеча бекорга келмаган, деб! Бир нарсанинг ҳидини олиб келган, ҳа, сизларнинг келганингизни билган...

Ваня дарҳол ертўланинг ёғоч қопқоғини очди. Тезда пастга тушди ва Мамадалига кўмаклашди. Мамадали ҳамон ўт бўлиб ёнар, гавдасини тута олмас, нима бўлаётганини идрок этолмасди.

Ертўла зах, совуқ, чириган картошканинг ҳиди келарди. Ваня Мамадалини бир четга ўтқизди. Картошкали қопларнинг боғичини ечди.

–Ёт! – буюрди Мамадалига у.

Мамадали бир амаллаб чўзилди. Ваня картошкаларни унинг устига ташлай бошлади. Бир пасда Мамадали картошка остида қолди. Сўнг Ванянинг бошқа томонга ўтирдида қопларни ўзининг устига юмалатди...

Ҳовлида немисча овозлар, итларнинг қўрқинчли ҳуриши эшитилди. Кимдир йиғлади, автоматлар тариллади.

Мамадали Анна Васильевнанинг ялинаётганини элас-элас эшитди, овозлар узуқ-юлуқ. Сўнг, картошканинг чиркин, бадбўй ҳиди йўқолди, қандайдир аччиқ нарса димоғига урилди... Кейин ҳаммаси аралашиб кетди: картошка, тушуниксиз, ёқимсиз ҳид, Анна Васильевнанинг жонҳолатда чинқириши... Мамадали яна ҳушини йўқотаётганини сеза бошлади. Туйқус кўз олдида пан Михайлевскийнинг мамнун, истеҳзоли юзи пайдо бўлди. Юпқа, қон қочган лабларида аллақандай шайтоний – ёвуз ёвуз табассум ўйнарди. Нигоҳида эса биргина маънони ўқиш мумкин эди: “гуноҳинг бўлмаса қарғиш сенга урмайди?”

“Ла илаҳа иллаллоҳ, де, болам!” – қаердандир отасининг овози эшитилди. Пан Михайлевскийнинг ғалати ва қўрқинч қиёфаси қора бўшлиққа сингиб ғойиб бўлди.

–Ла илаҳа иллаллоҳ!

Отаси айтдими ёки унинг ўзи, англолмади. Овоз кучаяверар, ҳар томондан эшитиларди. Қулоқлари битай деди. Қўллари билан қулоқларини беркитишга ҳаракат қилди – тош осилгандек зил-замбил эди.

Ачимсиқ ҳид ҳам кучаяверарди.

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур

https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қозоғистон. Омбудсман “Январь воқеалари” қурбонлари рўйхатини эълон қилиш керак!”

1 12:40 02.07.2022

Қорақалпоғистондан расмий баёнот

161 12:34 02.07.2022

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

37 12:20 02.07.2022

Исроилнинг Эронга оид яширин маълумотлари тарқалиб кетди

334 12:00 02.07.2022

Ғарбий Соҳилдаги тартибсизликларда исроилликлар яраланди

99 11:45 02.07.2022

“Муҳожирлар ташналикдан вафот этган” – ХМТ таассуфда

197 11:15 02.07.2022
« Орқага