Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Ҳужум давом этади

2271

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм)

5-боб

“Мессер Шмидт”лар қандай пайдо бўлишган бўлса шундай ғойиб бўлишди.

Шарқ уфқи оқаришга тушди – тонг ёриша бошлади. Ҳамма ёқ сув қуйгандек жим-жит эди, бироқ қаёқдандир учиб келишдими, қушларнинг чуғур-чуғури туриб узоққа чўзилмаган сукунат бузилди. Худди қирғинбарот бўлмагандек эди. Тириклик куни ҳамма ерда бир хил, тинч, осуда кунларда ҳам, урушда ҳам. Мамадалининг уруш бошланганига энди шубҳаси қолмаганди. Нега жосуслар оралаганини, немис учоқлари тез-тез учиб қолганининг сабабини ҳам тушунди. Душман урушга ҳозирлик кўрганди!

Гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўрмонга яширинган аскарларни майор Алексеев бир жойга тўплагач, тартиб интизом ўрнатганди. Имкон қадар қурол-яроғ топтириб қуроллантирди. Бу омонат сокинликнинг вақтинча эканини сезар, ишонарди. Оғир-оғир нафас оларкан, ёнида турган Мамадалига қаради. Ҳарбий хизматга яқинда келган аскарлардан кўра унга кўпроқ ишонарди. Немис жосусларини қўлга олганида қисм махсус бўлими бошлиғи билан суҳбати ёдига тушганди. 

– Мени бир нарса ҳайрон қолдирди, – деганди “особист”. – Топволдиев махсус тайёргарлик ўтмаган: немис жосуслари профессионал ҳарбийлар, ашаддий каллакесарлар экан. “Абвер”нинг махсус қўпорувчи – разведкачилар тайёрлайдиган мактабларини тамомлашган. Оддий аскар, бунинг устига, шофёр уларга қандай бас келган бўлиши мумкин?

– Балки, урушдан олдин, айтайлик, спорт тўгаракларида шуғуллангандир, мусобақаларда иштирок этгандир, – фикрини баён этганди майор Алексеев.

– Ундай эмас экан, ўртоқ майор, – ишонч билан деди “особист”. – Суриштирдик, сўровномалар юбордим, хизматчилик, ўзингиз ҳам биласиз. Оддий почтачи бўлган. Кейин, колхозда тракторчилик қилган. Йигитда туғма истеъдод бор экан. Бўлади-ку шундайлар, тўғрими, ўртоқ майор?

– Ҳа, тўғри... Демак, тракторчи бўлган, шундайми?

– Худди шундай, ўртоқ майор. Бу йигитда нимадир бор, ишончим комил...

...Майор Алексеев унга кўз тиккан аскарларга юзланди.

– Гап бундай, жангчилар, – хўрсиниб гап бошлади у. – Вазиятни ортиқ тушунтиришим, изоҳлашим шарт эмас. Бизга ҳужум қилишди. Ватанимизга ҳужум қилишди!.. – у аскарларни бирма-бир назаридан ўтказиб олди.

– Ўртоқ майор, ҳужум қилганлар ким? – ёшгина бир аскар сўради. У фақат шимини кийишга улгурган, эгнида оқ яктаксимон ички кийим, ялангоёқ эди.

– Немислар, – деди майор паст овозда.

– Немислар?! – таажжубланди ўша аскар.

– Ҳа.

– Энди нима қиламиз, ўртоқ майор? – бошқа аскар журъати етиб-етмай сўради.

Майор яна аскарларга бирма–бир қараб чиқди.

– Курашамиз! – майорнинг кўзлари ёнди, лаблари нафратдан қимтилди, билинар-билинмас титради.

Анча нарида шохларнинг шитирлаши, одамларнинг ҳансираб сўзлашишлари эшитилиб суҳбат узилди. Дарахтлар ва буталар ортидан қуролланган аскарлар чиқиб келишди. Уларнинг уст-боши шалаббо, этиклари лой эди. Улар дарё бўйида чегарада турган жангчилар эканини майор дарров фаҳмлади.

Мамадали чегарачилар орасидаги Иван Рильковни таниб унга бош ирғади. Ваня ҳам унга жавобан бош ирғади. Шаҳардан қайтаётганларида унга айтган сўзлари ёдига тушди: “Ҳали-бери уйга қайтмайдиганга ўхшаймиз, жўра...”

Чегарачилардан бири шерикларидан ажралиб майорга бақамти бўлди.

– Ўртоқ майор, мурожаат этишга рухсат беринг, – деди.

– Эшитаман сизни.

– Чегара наряди душман десант ҳужумига учради...

– Қачон? – шошиб сўради майор Алексеев.

– Ҳаво ҳужумидан аввал.

Уларнинг суҳбатига гувоҳ бўлаётган Мамадали душман ҳужумни пухта режалаштирганини фаҳмлади. Бу ҳали бошланиши эканини ҳадик билан ҳис қилди. Ўйларини тасдиқлагандек, узоқ-узоқларда немисча овозлар эшитилди. Ҳамма бирдек овоз келган тарафга қаради. Вайрон бўлган қисм худудига немис аскарлари кириб келарди.

– Булар... немисларми? – кимдир сўради.

– Ҳа! – қисқа жавоб қилди майор Алексеев.

Бир муддатлик жимжитликни майорнинг овози бузди.

– Қуроллар отишга тайёрлансин!

Кутилмаганда ҳарбий қисмнинг тўлиқ бузилмаган биноси деразаларидан милтиқлар, автоматлар ота кетди. Ўрмоннинг бошқа жойидан, Мамадалилар яширинган ердан икки юз-уч юз метрлар нарида “Максимка” тилга кирди, милтиқлар жўр бўлди. Майор Алексеев ҳам кутиб ўтирмади – буйруқ берди:

– Жангга!

Жангчилар ўт очиб юборишди. Ҳарбий қисмга кирган немис аскарлари қулай бошлади; ўзини ўнглаб олганлари пана-пастқам жойларга, ғишт-бетон уюмлари ортига яширинди.

Ҳаво ҳужумидан омон қолган Шўро зобит ва аскарлари кўп эди. Бир қисми ҳарбий қисм вайроналарида ён-атрофга тарқаганлари ўрмон ичидан душманга қаршилик кўрсатарди. Аммо қурол ва аскар жиҳатидан немисларга тенг келиб бўлмасди. Дарё ортидан янги-янги кучлар келиб қўшилар ва қаршилик кўрсатаётган нуқталарни аста йўқ қилишарди. Немислар ҳарбий қисмни тўлиқ эгаллашгач, миномётларни ўрнатишди. Улар ёрдамида анча олисдаги – ўрмондаги Шўро аскарлари отаётган худудларни снарядлардан нишонга олиш мумкин бўларди...

...Мамадалидан сал нарироқда снаряд ёрилди-ю, қудратли бир тўлқин жойидан юлқиб улоқтирди. Бир муддатга ҳушини йўқотди, қоп-қора бўшлиқ ичида қолди.
 

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур


https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Казбек. Осиё арслони»: Пахомичнинг вафоти

1411 21:35 31.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Тунда немис ўрмонга кирмайди

1527 21:10 30.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: черковдаги отишма

1627 21:10 29.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Душманга тузоқ қўйилади

1497 21:10 28.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: 17 июль

1546 21:10 27.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Ботқоқлик чангалида

1368 21:10 26.05.2022
« Орқага