Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Икки хил туйғу

1758

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм)

6-боб

...Кўзларини очди. Қора парда аввал оппоқ бўшлиққа сингиди, сўнг нарсалар тиниқ тортди. Дарахтлар, куйган шох-шаббалар, лаҳтак оппоқ булутли кўм-кўк осмон. Қулоқлари ҳам эшита бошлади. Қандайдир шанғиллаш, чиқиллаш, портлаш, одамларнинг бақириши. Шундоқ ёнида бақираётган майор Алексеевнинг овозини таниди

– Ҳе, онангни! От! Отсанг-чи!

Мамадали туришга уринди. Оёқ-қўли бўйсунмаётгандек туюлди. Қўлларини қимирлатди, жойида. Оёқларини... Чап оёғида кучли оғриқ турди-ю, кўз олди қоронғилашди, беихтиёр инграб юборди.

– Яхшимисан, оғайни?! – Ваня Рильковнинг овози уни яна ҳушига келтирди.

– Топволдиев, ўзингга келдингми? – майорнинг овози эшитилди.

– Оёғим... – дея олди зўрға.

– Қимирлама, оғайни! – деди Ваня. – Қимирлама...

Ваня унинг яраланганини айтмоқчи бўлди-ю, индамади. Мамадалини икки қўлтиғидан олиб панароқ жойга судради. Оёғидаги оғриқ бениҳоя азобласа ҳам Мамадали тишини тишига қўйди. Кишиларнинг кўзига ожиз бўлиб кўринишни истамади. Оёғидан яраланганини аллақачон фаҳмлаганди. Мамадали дарахтга суянганча милтиқлардан отаётган аскарларни кузатаркан анча сийраклашиб қолишганини тушунди. Кўплар ўлган; уларнинг жасадлари шундоқ қаршисида ётарди. Яқинда хизматга келган йигитлар – танимайди. Немисларнинг овози яқин-яқиндан эшитиларди. Мамадали енгилишганини тушунди. Шу аҳволида немислар қўлига тушишни ўйлаб алами келди.

Майор Алексеевнинг ғалати овози Мамадалининг ўйларини тўзғитди. Майор чўккалаганича ўнг қўли билан кўксини ушлаган, қўлидан эса қон томарди. У ғалати нафас чиқарди, кўзлари сўна бошлади. Оғриқ азоблаётган бўлса ҳам, Мамадали эмаклаганича унга ёрдамга ошиқди. Ундан аввал Ваня майорнинг ёнида пайдо бўлганди.

– Ўртоқ майор, сизга... – Ваня гапиролмай қолди.

Мамадали унинг: “...сизга нима бўлди?” деб сўрамоқчи бўлгани-ю, қонни кўриб ҳаммасига тушунганини сезди.

– Гап бундай, – жони узилиши билан гапиролмай қолишидан ҳадиксираган майор тез-тез гапира кетди, – энди... энди... чекинасизлар! Бу буйруқ! Биз... биз қуршовга тушдик... Эндиги вазифа... қуршовдан чиқиб... ўзимизникиларга бориб қўшилиш... курашни давом эттириш... Тушунарлими?

– Тушунарли... – деди Ваня.

– Топволдиев, Рильков... сизлар тирик қолишингиз керак!

– Ўртоқ майор, сиз-чи? – сўради Ваня.

– Гапимни бўлма, Рильков. Ҳозироқ... ҳозироқ чекининглар! Анови йигитлар ҳам сизлар билан кетсин! Топволдиев, биламан, яралангансан... Буларга... бу йигитларга... сен бош бўл! Сенга ишонаман! Ишонаман!..

Майор Алексеев алаҳсираётганга ўхшаса-да калласи тез ишларди. Немисларнинг қўли баланд келгани, ортиқ қаршилик кўрсатиш фойдасиз эканини тушунар, бу ёш йигитларнинг умри завол топишини истамасди. Агар яраланмаганида сўнгги томчи қони қолгунча курашарди, ҳар ҳолда Шўро армияси майори – зобит. Чекинишни зобитлик ғурури қабул қилолмасди. Аммо ҳали она сути оғзидан кетмаган, ғўр аскарларни ўлимга юборолмасди ҳам.

– Энди... боринглар... – деди паст овозда у.

– Ўртоқ майор... – Мамадали эътироз билдирмоқчи бўлди, лекин майор кескин гапириб юборди:

– Буйруқни бажар, Топволдиев!

– Хўп бўлади...

Мамадали ва Ваня унга тикилиб қолишди. Майорнинг кўзларидан оққан ёш юзига тушди. Мамадали ғалати бўлиб кетди. Майор Алексеевни бугун тонггача хушламасди. Иложи борича ундан узоқроқ юриш пайида бўларди. Бироқ икки соат елкама-елка жанг қилишди-ю, салкам ота-боладек бўлиб қолишганини ҳис қилди. Майорни шу аҳволда ташлаб кетгиси келмас, виждони қийналарди.

– Энди боринглар! – майорнинг овози Мамадалининг ўйларини тўзғитди, ҳам бир қарорга келишига ёрдам берди.

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур

https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Казбек. Осиё арслони»: Пахомичнинг вафоти

1064 21:35 31.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Тунда немис ўрмонга кирмайди

1145 21:10 30.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: черковдаги отишма

1239 21:10 29.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Душманга тузоқ қўйилади

1096 21:10 28.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: 17 июль

1099 21:10 27.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Ботқоқлик чангалида

953 21:10 26.05.2022
« Орқага