Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

«Казбек. Осиё арслони»: Ишонч ва ишончсизлик

1947

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм)

8-боб

Разведкачилар беш киши бўлиб, гуруҳ сардори ўттиз беш ёшлардаги майор Алексей Тихонов эди. У Мамадали ва Ваняга қараб:

– 130-данмисизлар? – деб сўради.

– Ҳа, ўртоқ майор, – жавоб берди Мамадали.

– Беш киши эдингларми? – яна сўради майор, Володя Ткач, Серёга Николаев ва Григорий Павленколарнинг жасадларига омонат кўз ташлаб.

Мамадали хўрсинганича тасдиқ ишорасида бош ирғади. Майор пастки лабини тишлаганича ўйланиб турдида деди:

– Биз билан кетасизлар. Юра оласанми? – сўради майор унинг оёғидан яраланганини кўриб.

– Ҳаракат қиламан, ўртоқ майор

– Унга мен ёрдам бераман, ўртоқ майор! – ўзини четга олиб турган Ваня орага қўшилди.

– Яхши. Сергеев! – майор ортидаги разведкачиларга қараб деди.

Разведкачилардан бири, ўттиз ёшлардаги, ППШни елкасига осган йигит майор Тихоновнинг олдига келиб:

– Шу ердаман, ўртоқ майор, – деди.

– Унга тиббий ёрдам керак, – майор Тихонов Мамадали томон бош ирғади.

– Хўп, ўртоқ майор.

Разведкачи йигит дарҳол қопчиғини очиб бинт олдида Мамадалининг ёнига келди.

– Қани, оғайни, оёғингни кўрсатчи...

Мамадали минг азоб ва машаққатда этигини ечди; пайтава қон эди. Оёғига бошқа қарашга унинг юраги бетламади...

– Энди йўлга тушамиз! – деди майор Тихонов.

Ваня Мамадалининг қўлтиғидан олаётганда Мамадали майор Тихоновга сўз қотди:

– Ўртоқ майор, шерикларимизни... дафн этсак дегандим, – хижолат тортиб деди Мамадали.

Йўлга чиқишга тайёрланаётган майор Тихонов Мамадалининг ёнига келиб елкасига қўлини қўйди.

– Сени тушунаман, аскар, – деди у. – Лекин тўғри тушун, биз қуршовдамиз, бунинг нима эканлигини тушунасанми?

Мамадали “йўқ” дегандек бош чайқади.

– Немислар бизни ҳар тарафдан ўраб олган, – давом этди майор. – Немис ҳарбий техникаси, ортдаги қўшинларнинг келиши давом этяпти. Чегара ортида, Польшада, немисларнинг бутун бошли дивизиялари, армиялари турибди. Улар ҳам ватанимизга ўтади, қачон ўтиши – вақт масаласи...

Майор Тихонов кўрганларини ҳаммасини дастурхон қилишни ҳохламади. Унинг разведка гуруҳи дарё ортига ташланган, чегаранинг у томонида тўпланаётган немис дивизиялари, техникаси ҳақида маълумот тўплаш вазифаси юклатилганди.

– Шошмасак бўлмайди, оғайни! – елкасига аста уриб қўйди майор.

Мамадали тушундим, деган маънода бош ирғаркан урушнинг яна бир шафқатсиз томонини кашф этди; урушда одамнинг қадр-қиммати бўлмайди. Ўлиги итдек хор бўлади...

Майор юриб кетди. Шериклари унинг ортидан эргашишди. Улардан қолиб кетадигандек, Ваня бошқатдан Мамадалини қўлтиғидан олди ва разведкачиларга етиб олиш илинжида қадам ташлади. Лекин елкасидаги юк шаштини анча сўндирди...

Қаёққа қарама адл қоматли, баланд-баланд қарағайлар, шудринг аримаган ям-яшил ўтлар, у ер-бу ерда катта бўлмаган буталар кўзга ташланади. Баъзи жойларда дарахтлар зич, осмон кўринмай қолади. Дарахтлар сийрак жойга келганда бирдан қуёш нурлари сизади, кўзлар қамашади. Ора-сира ёлғизоёқ сўқмоқлар чиқиб қолади; улар бўйлаб юрилса полуторкалар, от-аравалар юрган тупроқ йўлларга олиб чиқади. Овлоқ, кишидан холи бундай жойларда йўллар кўп эмас. Ўрмон эса тугамайди, кетилаверади, кетилаверади. Адоқсиз қарағайзорлар улуғвор сукутга чўккан, бироқ қаёқдадир олисда емиш илинжидаги қизилиштоннинг дарахт тўқиллатаётгани эшитилади, жимжитликни бузади. Яна жимлик чўкади-ю, узоққа чўзилмайди.

Мамадали шунча йил хизмат қилибди, бироқ ўрмонларнинг бу қадар чексиз эканини билмаган экан. Силласи қуриган Ваняга ортиқча юк бўлдим деб хижолат бўлар, юрган йўли кўпаймасди. Майор бошлиқ разведкачилар эса тўхтай дейишмас, юришда давом этишарди. Ҳайтовур, майор Тихонов бу икки шўрликнинг аҳволини сезди ва ўзи Ванянинг ўрнини эгаллади.

– Чарчадинг, аскар, – деди у оғирлигини бир оёғига ташлаганича келаётган Мамадалининг қўлтиғидан олиб. – Аслида, разведкачи бўлсанг бўларкан, жуда бизбоп йигит экансан.

Нафаси бўғзига тиқилгудек ҳансираркан Ваня икки қўли билан тиззасига тиралиб бош ирғади. Унинг мажоли қолмаган, боши айланар ва кўнгли айнирди. Анчагача гапиролмай турди. Майор Тихонов унга қараб разведкачилардан бирига буюрди:

– Макаренко, аскарга сув бер!

– Хўп бўлади, ўртоқ майор.

Разведкачилардан бири сувдонини олиб Ваняга узатди. Ваня қалтираган қўллари билан сувдонни ушлади, амаллаб тиқинини бўшатди.

– Макаренко, аскарга ёрдам берасан! Кетдик!

– Хўп бўлади, ўртоқ майор...

Улар яна йўлга тушишди.

– Ўртоқ майор, – бир неча қадам ташлашганидан сўнг сўз қотди Мамадали, – мени... қолдириб кетаверинглар.

– Шундай дегин! Кейин-чи? – ўзини қувноқ тутишга ҳаракат қилди майор Тихонов. У Мамадалининг ор-номусли ва ғурурли йигит эканини фаҳмлади.

– Ўзим... етиб оламан...

– Унақа дема, аскар. Ўрнингда бўлганимда ташлаб кетармидинг?

– Йўқ...

– Мана кўрдингми! Сен ҳам ундай қилолмасдинг. Бу ёғига оз қолди, чида!

Аслида, майор Тихоновнинг режаси бор эди. Ғўр ва тажрибасиз аскарларни шундоқ ташаб кетолмасди. Лекин улар билан бу аҳволда манзилига етолмасди. Унда муҳим маҳфий ҳужжатлар, хариталар бўлиб, қўмондонлик унинг қайтишини кутмоқда эди.

– Ўртоқ майор, немисларнинг ҳужуми маълуммиди?

Майор беихтиёр юришдан тўхтаб қолди. Мамадали таажжубланди. Майор ниманидир гапирмоқчи бўлгани-ю, негадир иккиланаётганини сезди.

– Мен немисларни аввал ҳам кўргандим, – деди Мамадали. – Улар ҳужум қилишни аввалдан режалаштиришганига энди шубҳам йўқ.

– Бу гапинг тўғри, аскар... Исминг нима эди, узр, сўрамабман?

– Мамадали.

– Немислар бунга узоқ тайёргарлик кўришди. Сон-саноқсиз дивизиялар, бутун бошли армиялар чегара ортида тўпланди. Танклар, тўплар... Польшанинг ичкарисидаги эшелонларда немис аскарлари келтирилди. – Майор жим бўлиб қолди.

– Наҳотки... наҳотки қўмондонлик бундан бехабар қолди, ўртоқ майор?

Майор Тихонов унинг кўзларига қаради. Унинг нигоҳида “шунчалик ҳам соддамисан, аскар?!” деган истеҳзоли маъно бор эди. Мамадали ўнғайсизланди.

– Чегара ортида бизга ўхшаган разведка гуруҳлари кўп эди, – Мамадалининг кўзларига тик боққанча давом этди майор. – Улар фақат саёҳат учун боришган, деб ўйлайсанми?

Мамадали бош чайқади.

– Шўро разведкаси ҳамма ерда ишлади. Польшада, Чехославакияда; ҳатто Берлинда ҳам агентурамиз бор эди. Гитлернинг қачон ҳужум қилиши, немис армиялари қаерда жойлашгани ҳақида Москвага ҳар куни маълумот юбориларди. Сизларнинг қисмингизга ҳаво ҳужуми бўлиши, вақтини ҳам билгандик. Бу ҳақда қайта-қайта хабар юбордик. Мана, Макаренкодан сўра, бугун тунда рациясида неча марта алоқага чиқди.

Мамадали ҳайратдан қотиб қолди. Ҳатто ишонқирамай майор Тихоновнинг кўзларига тикилиб қолди. Немис учоқларининг келиши маълуммиди? Қўмондонлик нега хабар бермади? Нега аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолишмади?

– Ўртоқ майор, унда... унда нега тайёрланмадик?

– Бизга ишонишмади! – майор Тихоновнинг овози кескин, ҳам титраб чиқди. –Нима эмиш, “деза”миш! Икки давлатни уриштириш учун хорижликларга ёлланган хоинлар эмишмиз! Буни нималигини тушуняпсанми, Мамадали?! 

– Тушунаман, ўртоқ майор.. – паст овозда деди Мамадали.

Майор яна кўп нарсаларни айтмоқчи ҳам бўлди, аммо лозим топмади. Ярим тунда бўлган воқеалар қайтадан кўз олдида гавдаланди. Дарёнинг нариги томони. Чегарагача тахминан ўн чақирим. Майорнинг разведка гуруҳи қалин ўсган буталар орасига яширинганича машиналарга чиқаётган немис аскарларини кузатишади. Майор қоғозчага жўнатиладиган хабарни тез-тез ёзиб, гуруҳ алоқачиси Макаренкога узатди. Макаренко эса ўзи ва рацияни ниқоб-халати билан ўраб пана қилди, фонар ёруғида рацияни созлаб эфирга чиқди, майорнинг матнини шифрлаб марказга юборди. Жавоб ҳаялламади: “Таҳликага тушманг! Маълумот йиғишда давом этинг!” Жавобни эшитган майор Тихонов фиғони фалакка етди, анчагача ўзини қўйгани жой тополмай қолди. Шунча немис аскари қаёққа кетяпти?! Ярим тунда дарёга чўмилишга бормаса керак? Дарёнинг нариги қирғоғи эса 130-қисм дегани. Бу... уруш дегани эмасми?! Майор ўйланиб тургач йигитларга буюрди: “Қўзғаламиз!” Унинг нияти қатъий эди. Ўзи бориб ҳарбий қисмни огоҳлантиради! Қанчадан-қанча умрларни сақлаб қолиши мумкин.

 Тун қоронғиси ва ўрмон ичида майорнинг гуруҳи кўздан йўқолди. Разведкачилар ҳамма нарсани унутиб чопишарди. Аммо, йўлнинг ярмини ҳам босиб ўтмасларидан тунда учоқларнинг овозини эшитган майор Тихонов бирдан тўхтади ва журъат этиб-этмай осмонга қаради. Юзлаб учоқлар чегара томон учишарди. Майорнинг кўнглидан аламли ўй ўтди: “Тамом!” Бу ўйига фаришталар омин, дейишди шекилли, учоқлар ҳарбий қисмнинг кулини кўкка совурди. Эндиги навбат немис пиёда аскарларига эди. 

Майор Тихонов яна югура кетди...

– Биз фурсатни бой бердик, Мамадали, – узоққа чўзилган жимликни майорнинг овози бузди. – Разведкага ишонмай жуда катта хато қилишди. Бу хато бизга жуда қимматга тушади. Омон бўлсанг, шу гапларимни кўп эслайсан.

Ишонч ўлгач, инсоф кўтарилган, ўнг қўл чап қўлни сотишга тайёр замон бўлса-да, майор Тихонов етти ёт бегона Мамадалига кўнглини очишга қўрқмади. Арзимаган сўзи ёки ҳаракати сабаб НКВД тегирмонига тушиб, руҳан синдирилган ҳамкасбларининг аянчли тақдири, завол топган умри уни чўчитмади. Мамадалининг болаларникидек соф чеҳраси, беғубор ва самимий боққан кўзлари майорга унинг қандай инсон эканини айтиб турганди.

– Энди кетишимиз керак! Юр!

Улар йўлда давом этишди. 

...Бу вақтда эса ИДҚАнинг пароканда, номи бору ўзи йўқ дивизиялари аскар ва зобитлари, машиналари шарққа чекинарди. Йўллар юк машиналарга ҳарбий тартиб ва низомларни унутганича кетаётган қизил аскарларга, от-араваларга тўлиб кетган. Ит эгасини танимаган бир вақтда қурол-яроғини ташлаб қочаётган аскарлар ҳам кўп эди. Қочяптими, қоляптими, ҳеч кимнинг иши йўқ. Ҳатто НКВДнинг махсус бўлимлари ҳам ожиз, чорасиз эди. Ўлганнинг устига тепгандек, “Люфиваффе” чекинаётганларни тинч қўймасди. Ҳар гал немис учоқларининг кутилмаганда босиб қолишидан қурбонлар ошар, машиналар мажақланарди. Лекин буниси ҳали ҳолва эди. Немис қўмондонлиги чекинаётган дивизияларни қуршовга олишни режалаштирарди.
 

(давоми бор)

Бахтиёр Абдуғафур

https://t.me/Azonkitoblari

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Казбек. Осиё арслони»: Пахомичнинг вафоти

1172 21:35 31.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Тунда немис ўрмонга кирмайди

1246 21:10 30.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: черковдаги отишма

1397 21:10 29.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Душманга тузоқ қўйилади

1250 21:10 28.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: 17 июль

1262 21:10 27.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Ботқоқлик чангалида

1102 21:10 26.05.2022
« Орқага